Сув ёқалаб… Томорқалар сувсизликдан қуримоқда. Муаммонинг мақбул ечими борми

130

Шу кунларда Самарқанд вилоятининг Оқдарё, Иштихон, Каттақўрғон, Қўшработ, Нуробод, Нарпай, Пахтачи ҳамда Навоий вилоятининг Нурота, Конимех, Хатирчи, Навбаҳор, Томди туманларида яшаётган аксарият аҳоли оқар сув муаммосига рўбару бўлиб туришибди.

Гап шундаки, уларнинг шахсий томорқаларига шу вақтга қадар етарли ҳажмда оқар сув келмади. Тўғри, мазкур ҳудудлардаги фермер хўжаликларининг баъзилари ғаллазорларининг маълум қисмини сув насослари орқали бир марта суғоришга улгуришди холос. Аммо ер остидан тортиб олинаётган сув аҳоли томорқаларига етмаяпти. Баъзи фермерлар эса артезиан сувларни аҳолига сотаётгани ҳам кузатилмоқда. Масалан, Иштихон туманида фермерлар 10 сотих томорқасини суғориб бериш учун аҳолидан 25-30 минг сўм тўлов талаб қилишмоқда. Бу маблағни тополмаган одамларнинг эса томорқасидаги экинлар қуриб бўлди ҳисоб.

Бугун Иштихон туманининг бир қисмини кесиб ўтувчи “Иштихон – Хатирчи” каналига “хўжа кўрсин” учун бироз сув оқизилди. Аммо жуда кам миқдорда бўлган бу сув фермер хўжаликлари ва кластерлардан ортиб, аҳоли томорқаларига етиб келиши даргумон. Етиб келган тақдирда ҳам орадан 15-20 кун ўтиб кетиши табиий. Бу вақт оралиғида эса аҳоли томорқаларидаги экинларни тўлиқ йўқотиб қўйиши мумкин.

Аслида бу муаммо бир ҳудудга ёки бугунга тегишли эмас. Бу бутун юртимизга дахлдор ва келажакдаги асосий ташвишларимизнинг бошланишидир.

Сув хўжалиги вазирлигининг маълумотларига кўра, жами сув ресурсларининг 80 фоизи юртимиз ҳудудига бошқа мамлакатлар орқали оқиб келади. Кейинги вақтда кузатилаётган иқлим сабаб сув захиралари камайиб кетмоқда. Аҳвол шу даражада давом этадиган бўлса, 2030 йилга бориб мамлакатимиз ҳудудида сув танқислиги 7 млрд. куб метргача ортиши мумкин.

Айни паллада Сирдарё ва Амударё ҳавзаларида сув айтилган даражада камайди. Бунинг устига Афғонистон толиблари ҳам кутилмаганда узунлиги 285 километр, эни 100 метр, чуқурлиги 8 метр ҳажмдаги Қўштепа каналини қазишни бошладилар. Очиқ манбалардаги маълумотларга асосланадиган бўлсак, ушбу канал тўлиқ фойдаланишга топширилса, Амударёнинг суви учдан бирга камаяди. Бу, ўз навбатида, Сурхондарё, Навоий, Бухоро, Хоразм вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси деҳқончилигига жиддий таъсир ўтказади.

Хўш, мазкур вазиятда нима қилмоқ керак? Муаммонинг мақбул ечими борми?

Албатта, давлат бу борада муҳим қадамларни ташлаган. Жумладан, Президент Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 1 мартида “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида муҳим йўналишлар кўрсатиб ўтилган эди.

Хусусан, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тартиби белгиланганди.

Демак, сувни тежаш борасидаги ишлар бошланган. Балки қарор ижроси ўлароқ сув тежалиб, фермерлардан ортиб, томорқаларга ҳам обиҳаёт етиб келар…

Шунда яна бир муаммо юзага келади: томорқаларда сувдан оқилона ҳамда тизимли фойдаланиш борасида дастуримиз мавжудми?

Наздимизда, бу йўналишда ҳам ҳукумат томонидан тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши керакка ўхшайди.

Нормурод Мусомов,
ishonch.uz