Бугунги мухтасар мулоҳазаларимизга Президентимизнинг яқинда Москва шаҳрига амалга оширган ташрифи тафсилотлари туртки берди, қалбларимиздаги ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғуларини тортқилаб уйғотди, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 9 май куни Москва шаҳрида Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллигига бағишланган тадбирларда иштирок этди.
Георгий ленталарини тақиб олган мезбонлар, хорижий меҳмонлар қаторида Президентимизнинг кўксида Ватанимиз давлат байроғи туширилган лентани кўриб, беихтиёр юрагимиз ғурурга тўлди. Бу шунчаки рамз эмас, аввало, мустақиллигимиз тимсоли, миллий ўзлигимиз, буюк аждодларимиз жасорати, миллий давлатчилигимиз, ор-номусимиз, орзу-умидларимиз, танлаган тараққиёт йўлимиз ифодаси эди, назаримизда.
Давлатимиз раҳбари барча Президентлар билан «Номаълум аскар» ёдгорлиги пойига гуллар қўяр экан, одам хаёлидан беихтиёр Иккинчи жаҳон уруши инсоният бошига солган фожеалар, ҳалок бўлган миллион-миллион одамлар, ёш болалар, вайрон бўлган шаҳарлар, оналар, бева аёлларнинг оҳу зорлари ўтади. Бу жаҳолат юришини тўхтатиш, инсониятни унинг чангалидан озод қилишда қатнашиб, ҳалок бўлган беш юз минг нафардан ортиқ ўзбекистонликлар, халқимизнинг фронт ва фронт ортида қилган беқиёс қаҳрамонликлари жонланади.
Инсоният тарихи – қанчадан-қанча донишманду оқиллардан мерос, башариятга бахтли саодатли яшаш йўлини кўрсатган улуғ ғоялар, тафаккур ёлқинлари жам бўлган улкан китобдир. Инсоният тарихи – буюк тараққиёт, бунёдкорлик ва яратувчанлик, фозиллик ва комиллик сари бошланган адоқсиз йўллардир. Инсоният – одамзод, башарият аҳлини эзгуликка, қалбан, руҳан покланиш, улғайишга чорлаган буюк таълимотлар мажмуасидир. Лекин шу билан бирга, инсоният – бу инсон қалби ва руҳи, бунёдкорлигининг, тафаккур дурдоналарининг йўқ қилиниши, вайрон этилиши, кули кўкка совурилишига сабаб бўлган аёвсиз уруш ва қирғинлар, фожеалар тарихи ҳамдир.
Дунё адабиётининг энг сара намуналаридан қай бирига кўз ташламанг, уларда уруш ва жаҳолат оловида ёнаётган инсон тафаккури фарёдини, юрак ўртанишини туясиз. Қарангки, сўнгги олти минг йил ичида Ер юзи аҳолиси 5700 дан ортиқ урушни бошдан кечирибди.
Инсоният тарихи бунёдкорлик ва вайронкорлик, яратувчанлик ва бузғунчилик, висол ва айрилиқ, бахтиёрлик ва жудолик, севинч ва оҳу фарёд ичра ўтиб келмоқда. Баъзан ўйга чўмасан, наҳотки, дунёда тинч-тотув яшаш шунчалар қийин? Инсоният жоҳилликни четга суриб, тинчлик маданиятига элтувчи улуғ йўлга чиқа оладими?
Афсуски, дунёда бўлаётган қуролли тўқнашувлар, низолар, этник ва ирқий, диний можаролар, зўравонлик ҳаракатлари моҳиятига назар солиб, бу йўл ҳали қанчалар узоқлигини ҳис қиласан, ҳис қиласан-у, гарчи якунига етганига 78 йил бўлган эрса-да, доғи, ҳижрон ва алами, оғриғи дилларни ҳали ҳануз зирқиратиб турган Иккинчи жаҳон уруши, унинг нафақат мамлакатлар, халқлар, инсонлар, авлодлар қалбида қолдирган оқибатлари, жароҳатлари ҳали ҳам тўхтовсиз оғриқ бераётганини юракдан ўтказасан. Шубҳасиз, бу уруш эзгулик ва ёвузлик, маърифат ва жаҳолат ўртасидаги уруш эди. Шунинг учун ҳам бу урушда қозонилган ғалаба инсониятнинг, эзгу ният ва мақсадларнинг ёвузлик ва ноинсонийлик устидан қозонилган ғалабаси сифатида эътироф этилади.
Иккинчи жаҳон урушида ҳалок бўлган минг-минглаб юртдошларимиз хотирасини ёд этиш, жанглардан омон қайтган боболаримизга, фронт ортида оғир кунларни сабр-бардош билан енгган, машаққатли синовларда ўзлигини йўқотмаган иймони бутун аждодларимизга меҳр-оқибат кўрсатиш мамлакатимизда миллий анъанага айланди.
Мазкур бешафқат урушда қатнашган, ҳалок бўлган ватандошларимизни халқимиз ҳеч қачон ёдидан чиқармайди. Тарих солномаларини варақлар эканмиз, Ўзбекистон халқи Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабага қанчалар катта ва муҳим ҳисса қўшганини эътироф этамиз.
Фронт ҳудудларидан Ўзбекистонга кўчирилган бир миллиондан ортиқ оила ва болаларни қабул қилиб, охирги бир бурда нонини улар билан баҳам кўрган халқимизнинг олийжаноблиги, меҳр-муруввати ҳали-ҳануз инсониятга ибрат ва намуна сифатида кўрсатиб келинаётгани бежиз эмас.
Фронт ортидаги оғир машаққатли юмушлар эса кексалар, аёллар ва болалар зиммасига тушган. Улар оч-наҳор, кеча-кундуз меҳнат қилиб, бу урушда ғалабани таъминлашга бебаҳо ҳисса қўшган. Тарихий манбаларга кўра, уруш даврида Ўзбекистон томонидан мудофаа жамғармасига 649,9 миллион нақд пул, 4 миллиард 226 миллион сўмлик заём, 52,9 килограмм олтин ҳамда кумуш топширилган. Фронтга 7 миллион 518 минг 800 та гимнастёрка, 2 миллион 636 минг 700 та пахталик, 2 миллион 221 минг 200 та этик ва қўнжли ботинка юборилган. Енгил саноат корхоналари томонидан 246 миллион сўмдан зиёд турли маҳсулотлар, шунингдек, 1 миллион 282 минг тонна ғалла, 482 тонна картошка ҳамда сабзавот, 1000 тонна полиз маҳсулотлари, қуруқ ва ҳўл мевалар жўнатилгани мардлик, матонат, саховат намунасидир.
Ҳар қандай урушда жанг тақдирини ҳал этишда армия билан бирга қурол-аслаҳа, мудофаа саноати ва у ерларда меҳнат қилаётган минглаб инсонлар меҳнати катта рол ўйнайди. Фашизмнинг тор-мор қилинишида, айниқса, Ўзбекистонда уруш йилларида ишлаб чиқарилган қурол-аслаҳалар муҳим аҳамият касб этгани алоҳида эътиборга молик. Далилларга кўра: 2100 та самолёт, 17342 та самолёт мотори, 17100 та миномёт, 60000 та ҳарбий кимёвий анжом, 1 миллион дона граната, 3 миллиондан ортиқ радиолампалар, 27000 та танкка қарши отадиган қисм, 2 миллион 318 минг авиация бомбаси, 22 миллион дона мина, 560000 дона снаряд, 5 та бронепоезд, 2200 та кўчма ошхона жанггоҳларга етказиб берилган. Бу маълумотлар ҳам кейинги пайтлардаги тадқиқотлар ҳисобига янги рақамлар билан тўлдириб борилмоқда.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, тарих фанлари доктори, профессор Рустамбек Шамсиддиновнинг «Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари» китобини варақлар эканмиз, халқимизнинг бу урушда қозонилган ғалабага қўшган ҳиссасини кўрсатувчи ҳали биз билмаган қанчадан-қанча маълумотлар борлигига амин бўласан киши.
Иккинчи жаҳон уруши даврида ўзбек тилида чоп этилган бу газеталар фронт ва фронт ортидаги Ўзбекистон халқининг ғалабага қўшган улкан ҳиссасини ёритишда ниҳоятда қимматли, ноёб манба бўлиб хизмат қилишига шак-шубҳа йўқ. Умуман, бу газеталарда эълон қилинган материаллар, хусусан, фронтларга йўлланган хатлар – жангчиларнинг ота-оналари, рафиқалари, фарзандлари, қавм-қариндошларига ёзган хатлари, ҳарбий қўмондонлик томонидан ўзбекистонлик мард жангчиларга топширилган мукофотлар, суратлар Ўзбекистоннинг Иккинчи жаҳон уруши давридаги тарихини янада кенгроқ ёритишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади. Шуни ҳам таъкидлаш керакки, бу материалларда ўша давр пафоси, руҳияти ўз аксини топганига қарамай, уларда ўзбекона қалб, бағрикенглик, матонат, қаҳрамонлик бўртиб туради. Китобда турли асосли манбаларга таянилган ҳолда Ўрта Осиё, жумладан, Ўзбекистондан меҳнат армиясига сафарбар этилганлар, уларнинг ҳаёти, меҳнат фаолияти ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар келтирилади. Буни қарангки, 1941-1943 йилларнинг ўзида Ўзбекистондан 155 минг киши меҳнат армиясига сафарбар қилинган экан. Тошкент вилояти ҳарбий комиссариатидан экстремал ҳолатда эшелонда 1700 киши Бошқирдистонга жўнатилади. Уралдаги мудофаа саноати ва фабрикаларида 32 минг 620 нафар, Пермдаги Молотов номли заводда 978 нафар, Киров номли заводда 200 нафар, 90-сонли заводда 800 нафар, 103-сонли заводда 50 нафар, 12-қурилиш трестида 70 нафар, Орск шаҳрида 7000 нафар ўзбек миллатига мансуб кишилар меҳнат қилган экан. Бунга ўхшаган мисоллар китобда жуда ҳам кўп. Албатта, бу катта бир эзгу ишнинг муқаддимасидир. Китоб муаллифи ўз олдига юксак мақсад қўяди. Нафақат Россия ҳарбий давлат архиви, Мудофаа вазирлиги архивида, Украина, Белоруссия, Латвия, Литва, Эстония, Венгрия, Чехия, Германия архив ва музейларида ҳам қанчадан-қанча бу каби газеталар сақланган бўлиши, улар ҳам ўрганилиши зарурлигини таъкидлайди.
«Иккинчи жаҳон уруши ва фронт газеталари» номли бу китоблар урушнинг инсоният бошига чексиз кулфатлар келтирган фашизм балосини ер юзидан супуриб ташлаш, жар ёқасига келиб қолган инсоният келажагини таъминлашдек буюк тарихий курашда ўзбек халқининг ҳам қанчалар катта ҳиссаси борлигини аниқлашда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Дарҳақиқат, бугун дунёнинг кўпдан кўп мамлакатлари ҳудудидаги қабристонларда, оқ қайинлар остида, зангор тепаликлар бағрида ўзбек ўғлонлари мангу ором топган. Уларнинг қабри ҳамиша гулларга бурканади. Бу эзгуликнинг эзгуликка таъзими, инсониятнинг ҳалоскор аждодларга эҳтиромидир.
Ана шу маънода, 9 май куни кўнгилдан ўтган айрим мулоҳазаларни ҳам билдириб ўтсак. Бу йил Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабага 78 йил бўлди. Ватанимиз мустақилликни қўлга киритганига 32 йил тўляпти.
Байрам арафасида айрим юртдошларимиз, хусусан баъзи мактаблар, мактабгача таълим муассасалари ўқитувчи ва тарбиячиларининг 5-6 ёшли фарзандларимизга уруш йилларидаги аскарларнинг ҳарбий кийимларини кийдириб, уларнинг бош кийимларига қизил юлдуз тақдириб, кўкракларига георгий ленталарини боғлаган ҳолда оммавий тадбирлар ўтказишга бўлган интилишларини кўриб, тўғриси одам оғринди. Айни шу ҳолатлар ижтимоий тармоқлардаги кўпдан-кўп эътирозларга ҳам сабаб бўлди ва бу табиий эди. Балким, айримлар билиб-билмай қилгандир бу ишни, айримлар эса атайин қилгани шундай сезилиб турибди.
Биз тарихдан яхши биламизки, Екатерина II 1769 йилда Георгий ордени ва тасмасини жорий этади. У билан урушда жасорат кўрсатган офицер ва аскарлар тақдирланган. Ушбу боғич билан безатилган орден тақиш одати чоризмнинг Туркистонга босқинчилик юришлари даврида бошқача маъно касб этган. Қўқон хонлиги, Хива хонлиги ва Бухоро амирлигини ғорат қилган босқинчи зобитлар ва генераллар учун махсус – «Қўқон хонлигини забт этгани учун», «Марказий Осиёга юриши учун», «Хива хонлигига юриши учун» каби медаллар таъсис этилади. «Георгий лентаси» мардлик ва жасорат учун эмас, аксинча, айнан босқинчилик қилгани, Она Ватанимизни қонга ботиргани, обод маскан ва манзилларимизни култепага айлантиргани, мард боболаримизни ўлдиргани учун чоризм ҳарбийларига берилган.
Гарчи бугунги замонавий дунёда ҳам ушбу ритуалларни кимлардир мафкура ўлароқ қадрларкан, марҳамат омадини берсин, Аммо биз учун қирмизи байроқ, ўроқ-болғали қизил юлдуз ўтмишда қолди. Уларнинг бугунги кунларимизга, олдимизга қўйган мақсад-муддаоларимизга зиғирча алоқаси йўқ. Нима учун фарзандларимиз кўксига георгий ленталарини тақишимиз керак? У биз учун нимани англатади, нимага илҳомлантиради бизни?!
Очиғи, байрам кунлари «Ғалаба» боғига олиб келинган ўнлаб боғча ёшидаги жажжи фарзандларимизнинг кўкракларига мана шу «илон нусха» боғичларнинг тақиб қўйилгани қалбимизни безовта қилди. Беихтиёр кўнгилдан бундай акциялар замирида қандай сиёсий мақсадлар яширин, нега энди бизнинг фарзандларимиз бу машъум лентани кўксига тақиб юриши керак, деган саволлар ўтди.
Бугун биз учун нима муҳим, аждодларимизнинг Иккинчи жаҳон уруши даврида кўрсатган жасоратими ёки уларга сингдирилган мафкура ва ё ҳарбий-сиёсий таомилларми?! Албатта, уларнинг жасорати, инсоний фазилатлари муҳим. Зотан, аждодларимиз жанг қилар экан, биринчи навбатда, инсоният бахти, муқаддас Ўзбекистон, унинг халқи, ўз оиласи ва яқинлари озодлиги, тинчлигини ўйлаб фидойилик кўрсатганлар.
Бугунги давр мураккаб ва таҳликали тус олмоқда. Қуролли можаролар, ақл-идрок эмас, куч ва қурол устуворлиги учун бўлаётган кескин курашлар тобора авжига чиқмоқда. Дунёда сиёсий, ғоявий қутблашув, тарафкашлик, муросасизлик кучаймоқда. Айрим глобал ва минтақавий куч марказлари ўз ҳарбий, сиёсий ва иқтисодий имкониятларидан босим ўтказиш воситаси сифатида фойдаланишини яширмаяпти.
Давлатимиз раҳбари шу йил 13 март куни Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида жаҳондаги ана шу мураккаб вазиятни таҳлил қилар экан, «Ўзбекистон қайси томонда?» деган саволга жавоб берган эди: «Жавобим битта – бир томонман. Миллатим, халқим буюк Ўзбекистонимнинг манфаати учун ўлишга ҳам тайёрман, деб жавоб бераман».
Сўзимиз аввалида айтиб ўтганимиздек 9 май куни Иккинчи жаҳон урушида фашизм устидан қозонилган ғалабанинг 78 йиллигига бағишлаб Москвада бўлиб ўтган тадбирда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Ватанимиз байроғи рамзини кўксига қадаган ҳолда иштирок этиши ўзига хос рамзий маънога эга бўлди. Давлатимиз раҳбари бу билан яна бир бор Ўзбекистоннинг адолатли, тинчликпарвар ташқи сиёсатини, асл ватанпарварлик намунасини кўрсатди. Бу билан халқимизнинг мустақиллик йўлида собитлигини уқтиргандай бўлди. Бу ҳолатдан бутун халқимиз, айниқса, ёшларимизнинг кўнгли ғурур ва ифтихорга тўлди.
Кези келганда, шуни алоҳида айтишни истардикки, давлатимиз раҳбари миллий ўзлигимиз, қадриятларимиз ва тарихимизни улуғлашда барчамизга ўрнак бўларли шаҳдни намойиш этмоқда. Жумладан, 2020 йил миллий давлатчилигимиз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлади. Деярли юз йил, ҳатто мустақиллик йилларида ҳам тан олинмай, номи қора бўлиб келаётган қатағон даври қурбонлари мамлакат Олий суди томонидан оқланди. Булар орасида узоқ йиллар босмачи, ёввойи дея уқтириб келинган миллатимизнинг ёвқур фарзандлари миллий ҳаракат иштирокчилари ҳам бор эди. Миллатимиз Лидери томонидан жадид боболаримиз номлари ва меросига бўлган эътибор, айниқса, биз амал қилиб келаётган сиёсий қадрият ва маданиятни янги ўзан-миллият ва чин маънодаги ҳуррият томон бурди. Мустақиллигимиз тарихида илк бор жадид боболаримиз сиймолари ва элпарвар ғоялари сиёсий саҳнага олиб чиқилди. Бу ўз-ўзидан бўлади, деб ўйлайсизми, асло йўқ. Шу пайтгача миллатимиз ойдинлари бўлган бу миллатпарвар авлод номлари сиёсий минбарлар тугул жиддийроқ давралардаги мунозараларга мавзу қилинишга ҳам эҳтиёт бўлинарди. Чунки сиёсат нозик масала, деган ўй барчамизни ҳушёр торттириб турарди. Шавкат Мирзиёев эса буни бош миллий байрамимиз Мустақиллик шодиёналари бадиий композициясининг асосий мазмун-моҳияти этиб белгилади ва ўз халқи, ватанининг истиқболи, орзу умидларини шу тимсоллар орқали жаҳонга баралла тараннум этди.
Албатта, биргина сўз айтишга, мулоҳаза қилишга нимадир сабаб бўлади. Бугунги мухтасар мулоҳазаларимизга, юқорида келтирганимиздек, Президентимизнинг яқинда Москва шаҳрига амалга оширган ташрифи тафсилотлари туртки берди, қалбларимиздаги ватанпарварлик, миллатпарварлик туйғуларини тортқилаб уйғотди, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Ҳа, дунёда Адолатдан кўра кучлироқ, Озодликдан кўра улуғроқ, Тинчликдан кўра тотлироқ неъмат бўлмаса керак. Жасоратли аждодларимиз айни шу кунлар орзусида жанг қилганларига шак-шубҳа йўқ. Ватан ва унинг ҳуррияти, улуғ қадриятларини азиз тутган Президентимиз, бунёдкор, тинчликсевар матонатли халқимиз ҳамиша омон бўлсин.
Қудратилла РАФИҚОВ,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, сенатор,
Минҳожиддин МИРЗО, Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари,
сенатор



