Ishonch. uz косметолог Фируза Фаттохова билан замонавий косметология талаб ва муаммолари ҳақида суҳбат уюштирди.
Ҳамма ҳам гўзал ва чиройли бўлишни хоҳлайди. Айниқса, аёллар. Аслида хунук аёлнинг ўзи йўқ, ўзига бепарво аёллар бор, деган гап юради орамизда. Озгина вақт, хоҳиш ва маблағ бўлса бўлгани. Ҳеч бир аёл эътибордан четда бўлишни истамайди. Шу боис ҳозирги кунда косметология, пластик жарроҳлик амалиётларига талаб ва эҳтиёж катта.
– Айтингчи, Фируза опа, косметологияга эҳтиёж нега бу қадар кучайиб кетди?
– Косметологиянинг долзарблиги аввало замон талаби. Чунки аёллар эрта қаришни исташмайди. Ҳамиша ёш кўринишни, ўзларига эътибор қилишни хоҳлашади. Юз териларини парваришлаб боришади. Айтиш керакки, олдинги даврларда бу нарсалар айб бўлганми ёки буви-момоларимизнинг хоҳишлари бўлмаган, дейиш мумкин. Қолаверса, илгари экология ҳам бошқача эди. Ҳаво тоза, мусаффо, озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-чевалар бу қадар кимё дориларига тўйинтирилмасди. Ҳамма нарса табиий ва албатта витаминини сақлаган ҳолда етиштириларди. Бу албатта, хотин-қизларнинг ҳаёти, турмуш тарзи, соғлигига таъсир қилган. Бугунчи, табиатнинг аҳволи оғир. Дарахтлар кесиляпти, чанг тўзон тез-тез кузатиляпти, атмосфера ифлосланган. Егуликлар нотабиий усулларда етиштириляпти, витамин, минераллар ва оқсилларга бой маҳсулотлар истемол қилмаймиз. Бу эса ўз навбатида соғлигимизга салбий таъсир кўрсатади, эрта қариш, юз терилари қуруқлашиши ва парваришга эҳтиёжни келтириб чиқаради.
Қолаверса, айрим аёллар бунга мажбур бўлишади. Яъни оилавий мажоралар, эрларининг бошқа аёллар билан кетиб қолмаслиги учун гўзал бўлишни истаб қолишади. Бундай хотин-қизларга биринчи навбатда психологик ёрдам керак бўлади. Аввало, уларнинг ўзларига ишончлари ортишига кўмаклашиш лозим. Парвариш биринчи навбатда ўзлари, соғликлари муҳимлигини тушунтириш зарур. Сўнг у доимий одатга айланади.
– Ёшларнинг сохта гўзалликка ўч бўлиб бораётгани ҳақида нима дейсиз…
– Албатта, ўсмирлар ҳам янада чиройли бўлишни исташади. Янада деганим, биринчидан ёшликнинг ўзи гўзаллик. Тўғри, уларнинг юзларида ҳам айрим нуқсонлар бўлиши мумкин, доғлар, сўгаллар чиқиши мумкин. Уни тўғриласа бўлади. Аммо уларнинг кўплари кимларгадур ўхшашни исташади. Кўз- қовоқларимни у актарисага ўхшатиб қўйинг, яноқларим мана бу блогерникидек бўлсин… каби мурожаатлар ҳам бўлади. Шундай йигит-қизлар келганида мен аввал улар билан дўстона гаплашиб оламан. Ҳозир медия оламида ҳамма юзлар бир хил бўлиб қолаётгани, ҳар бир инсоннинг ўзига Оллох берган гўзал қиёфаси борлигини тушунтираман. Кел, бугун юзларингни тозалаб, парваришлаб қўяман, бу борада нималар қилиш зарурлигини ўргатаман деб, аста-секин тўғри йўлга соламан.
Ўсмирларда кўпинча ўзидан, юз тузилишидан норзилик кайфияти кучаяди. Шундай пайтларда муолажага эҳтиёж сезишади. Мумкин бўлган вазиятларни инобатга олган ҳолда, табиий ҳуснини сақлаган ҳолда уларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз.
– Косметологик муолажа неча ёшдан тавсия этилади?
– Биласизми, айрим болаларда туғма нуқсонлар бўлади. Уларни 5-6 ёшдан тўғрилаш мумкин. Кичик ёшдаги йигит-қизларнинг юзида доғлар, милиумлар, попиломалар, сўгаллар пайдо бўлиб қолади. Юз мушаклари ҳаракатлари кучли бўлгани боис айрим ўсмирларда ажин тушиши, кўпайиши ҳолатлари рўй беради. Бунга вақтида эътибор қаратиш керак бўлади. Шунчаки янада гўзал бўлишни истовчиларда 18 ёшдан кейин муолажалар ўтказиш мумкин бўлади. Шунда ҳам ота-онасининг розилиги сўралган ҳолда амалга оширилади.
Яна бир нарсани айтиб ўтишим керакки, биз қуёшли ўлкадамиз. Қуёшнинг ультрабинафша нурлари жуда кучли. Бу териларимизга салбий таъсир қилади. Шу боис ҳатто кичик ёшдан қуёш нурларидан ҳимоя қилувчи воситалардан фойдаланиш тавсия этилади.
– Кейинги пайтларда оддий косметлоглар томонидан ўтказилган пластик жарроҳлик амалиётлари сабаблари оғир ҳолатлар, хатто ўлим билан боғлиқ вазиятлар кузатиляпти… Косметологларнинг жарроҳлик қилишга қанчалик ҳақлилар?
– Ўринли савол. Бу нафақат бизнинг балки, бутун МДҲ давлатларида тез-тез учраётган долзарб муаммо саналади. Гўзаллик салонларида фаолият юритувчи уч-тўрт ойлик сертификатларга эга бўлган кўплаб косметологлар бунга қўл уришяпти. Бу борада на билими, на тажрибаси бўлмаса ҳам моддий манфаат учун пластик жарроҳлик қилишгача боришяпти. Аслида оддий ҳамширанинг инсон танасига игна суқишга ҳаққи йўқ. Инъекция, ҳатто пилинг қилиш ҳам мумкин эмас, агар бу соҳада дипломи бўлмаса. Бу албата ёзилмаган қоидалар. Афсуски, бунга кўпчилик амал қилмайди. Курсларда ўқиб олдим, сертификатим бор, муолажа қилсам бўлади, деб ўйлашади, хатто соч экишади. Мен реанимация ва анистизиология бўйича кўп йиллар ишлаганман, бу борада тажрибам бор, лекин жарроҳлик амалиётини бажармайман. Чунки мен – косметологман. Ҳамма косметологлар ҳам буни тушунишмайди, ёки тушунишни исташмайди. Пул учун бундай муолажага қўл уришади, натижада эса сиз айтган оқибатлар келиб чиқади, одамларда косметлогияга, соҳа мутахассисларига ишончсизлик пайдо бўлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса мана шу масалаларни назорат қилиши керак бўлади.
Пластик жарроҳликка эҳтиёжи борлар аввало йўналишни тўғри танлашлари керак. Косметология бу терапеяга киради, пластик жарроҳлик масаласида эса олий маълумотли ва тажрибали мутахассисларга мурожаат қилишларини истардим. Биз ҳаттоки уч йил шу соҳада ўқиган бўлсак-да, тез-тез тажриба оширамиз, асоратларни билиш учун янги, замонавий курсларда билим оламиз. Иякларни тўғрилаш, юз терисини тозалаш, мезотерапия жараёнларини амалга оширамиз. Булар асосан ёшартириш, оқартиришга мўлжалланган препаратлар, минералларни тери остига етказиб беришга хизмат қилади. Амалиётлар тўғри бажарилганда ҳеч қандай салбий оқибатлар келтириб чиқармайди.
Ҳадисларда Оллох гўзалдир ва у гўзалликни яхши кўради, дейилади. Ҳамма гўзал бўлишга ҳақли ва албатта барча нарса ўз меъёрида бўлгани яхши.
Суҳбатдош: Гулрухбегим ОДАШБОЕВА
