Осиё кўзи ожизлар уюшмаси: «Аъзоларимизнинг иш билан таъминланиши муаммолигича қолмоқда»

84

Сўнгги йилларда  Ўзбекистонда бошқа инсонлар қатори ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимояланишига кучли эътибор қаратилмоқда. Хусусан, кўзи ожиз ва кўришда нуқсони бўлган фуқароларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлашга қаратилган зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Мазкур йўналишдаги ислоҳотларнинг изчиллиги ва тизимлилигини таъминлаш, кўзи ожиз ва заиф кўрувчи фуқаролар таълим олиши учун яратилган шарт-шароитни янада яхшилаш, уларнинг жамиятга мослашувига кўмаклашиш ҳамда қўллаб-қувватлаш энг устувор мақсад, вазифамизга айланиб улгурган.

Жумладан, жорий йил 11-12 май кунлари Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти ва Адлия вазирлиги ҳамкорлигида Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида илк бор Осиё кўзи ожизлар уюшмасининг навбатдаги ассамблеяси йиғилиши бўлиб ўтди.

«Биз биргамиз!» ижтимоий лойиҳаси доирасида ташкил этилган тадбирда жами 21 та давлатнинг кўзи ожизлар бўйича ташкилотлари вакилларидан иборат 60 нафар халқаро, Ўзбекистон кўзи ожизлар уюшмасидан 3 нафар маҳаллий делегат ҳамда 30 дан зиёд эксперт иштирок этди.

Сўнгги йилларда Осиё кўзи ожизлар уюшмаси томонидан амалга оширилган ишлар, хусусан, нуқсони бўлган фуқаролар турмуш-тарзи, таълим олиш имконияти юзасидан фикр алмашилди.  Кўзи ожизлар энг кўп   дуч келадиган  муаммолар юзасидан савол-жавоблар бўлди. Қолаверса, уюшманинг молиявий ҳисоботи ҳам муҳокама қилинди.

Йиғилишда Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатини ҳимоялаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар алоҳида тилга олинди. Масалан, мамлакатдаги муҳим сиёсий жараёнларда жамиятнинг барча қатлами тенг ҳуқуқли фуқаро сифатида иштирок этаётгани таъкидланиб, Конституция лойиҳаси матнининг брайль алифбосида чоп этилганига эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 7 июнда «Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида»ги Конвенцияни ратификация қилиш ҳақидаги қонуни қабул қилингани ва унинг ижроси бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

—  Мен жаҳон кўзи ожизлар иттифоқи президенти сифатида Янги Зеландиядан ташриф буюрдим. Бу учрашув Марказий Осиёда биринчи марта ташкил этилмоқда ва Ўзбекистон бизга мезбонлик қилишни таклиф қилгани ажойиб.   Бутун дунёда кўзи ожизлар қандай муаммоларга дуч келмоқда деган саволни ОАВ ходимлари кўп савол беришди. Энг катта муаммо бу —ишсизлик! Кўзи ожиз инсонларнинг мустақиллиги таъминланмаяпти.  Бундан ташқари, биз замонавий жамиятда бўлсак ҳам, бизда ҳали ҳам ногирон иш изловчиларнинг 65%  да ишсизлик даражаси мавжуд.  Бриал алифбоси ҳалиям долзарб. Махсус компьютерлар бўлсада, шифохона, касалхона ва меҳмонхоналарда, такси хизматларида ҳам ушбу алифбо қўйилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Дунёни кўра олмасликнинг ўзи катта фожеа. Жамиятнинг йиғилиши бизга ҳар доим қимматга тушган, сабаби сафарларда доим бизга ҳамроҳ ва таржимон керак бўлади. Онлайн мулоқотларни кўпайтиришимиз ва кўпроқ маълумот алмашишимиз зарур. Мулоқотлар давомида шунга амин бўлдимки, ҳамон Марказий Осиёда  жумладан, Ўзбекистонда  ҳам кўзи ожизлар учун имкониятлар тўлиқ ишга тушмаган. Сабаби аксарият жойларда ҳамон кўзи ожиз болалар махсус мактабларга боришмоқда.

Ҳолбуки ривожланган  давлатларда мактаб ажратилмайди. Болалар ўзи истаган мактабга бориб таълим олиши мумкин. Шундай экан, кўзи ожиз болаларимиз ўзларини жамиятнинг бир қисми сифатида ҳис қилишлари ва кўзи ожиз болаларнинг атрофида бошқа болаларнинг бўлишига кўпроқ одатланишлари учун биз оддий мактабларни ҳам улар учун қулайроқ  тарзда шароит яратишимиз керак, — дейди Жаҳон кўзи ожизлар иттифоқи президенти Абел-Виллиамсон Мартине.

Осиё кўзи ожизлар уюшмаси томонидан ташкил этилган ассамблея баҳс-мунозараларга ҳам бой бўлди. Анжуман дастурига мувофиқ, Осиё кўзи ожизлар уюшмасининг Конституциясига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш масаласи муҳокама қилинди. Делегация вакиллари олдида ташкилот томонидан кейинги йиллар учун «Иш режаси»ни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш масаласи ҳам  ҳал қилинди.

—  Биз ушбу муҳокамалар  давомида бутун дунёда кўзи ожиз ва кўришга қийналадиган фуқаролар тақдири, умуман, уларга қийинчилик туғдираётган долзарб масалалар юзасидан фикр-мунозара, керак бўлса, баҳс олиб боряпмиз. Мақсадимиз кўзи ожиз ёшлар биз юзага келган муаммоларга дуч келмасин, сифатли таълимга эга бўлсин. Иш топишда қийналмасин  – дейди Осиё кўзи ожизлар уюшмаси раҳбари Сантош Кумар Рунгта. – Бу борада муҳим таклифлар илгари сурилмоқда, давлатлар ўртасида яхши ҳамкорлик олиб бориляпти.

Шунингдек, яна бир муҳим йўналишга мурожаат қилинди: онлайн ва рақамли таълимга ўтиш, давлат хизматларини кўрсатиш ва бизнесни олиб боришда кўриш қобилияти бузилган шахслар дуч келадиган тўсиқлар, ечимлар ва тавсияларни ишлаб чиқиш бўйича семинар ўтказилди.

Турли давлатлардан келган меҳмонлар Ўзбекистоннинг диққатга сазовор  масканлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларини зиёрат қилишди.

Феруза РАҲИМОВА,
“Ishonch.uz”