Гуллар шаҳри сизни кутмоқда!

79

Саноқли кунлардан сўнг Наманганда 62-Халқаро гуллар фестивалига старт берилади. Шу муносабат билан айни дамда бу маконда маҳаллий ва хорижий сайёҳларни ранг-баранг гуллар ифори ва чиройли композициялар билан ҳайратга солишга тайёргарлик ишлари авж палласида. Бугун наманганликлар Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги маданият ва истироҳат боғи, Адиблар ҳиёбони ҳамда «Афсоналар водийси» тематик паркига турли-туман гуллардан ранг-баранг либос кийдиришмоқда.

21 май куни бошланадиган ушбу фестиваль бир ой давомида кенг нишонланади. Унда юртимиз ҳамда хорижий давлатлардан ташриф буюрган моҳир гулчилар, икебана санъати усталари, ландшафт дизайнерлари байрам баҳонасида ўз маҳоратларини намойиш этишади.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу фестиваль бир неча йиллардан буён гулчилар учун катта савдо майдонига ҳам айлангани рост. Қисқача рақамларга тўхталадиган бўлсак, ўтган йилги фестиваль чоғи имзоланган шартномалар ортидан наманганлик гулчилар юртимизнинг турли ҳудудлари ҳамда хорижга 5 миллиондан ортиқ гул етказиб беришди.

Рангин гуллар билан ўзига хос тарзда безатилган машиналар паради саҳнаси билан очилиши режалаштирилган бу йилги халқаро гул байрамининг ҳар куни бир-биридан қизиқарли маданий тадбирлар билан барчага бирдек манзур бўлиши, шубҳасиз.

Гуллар шаҳри Наманган гул шайдоларини кутиб қолади!

Орзугул РУСТАМОВА

«ISHONCH»