Музқаймоқ тушкунликдан халос этади

106

Музқаймоқ болалар ва катталар учун бирдек севимли. Айниқса, ёз фаслида, ташқаридаги ҳаво ҳарорати 30 дан юқори бўлса, уни исътемол қилиш истаги янада ортади. Мутахассисларнинг таъкидлашича, кишилар музқаймоқни иссиқ ҳавода, айниқса, терлаб турган ҳолатида еса, томоқ оғриғи ва ошқозон-ичак касалликлари келиб чиқиши мумкин. Натижада тана ҳарорати кўтарилиб, иситма қилиш хавфи кучаяди.

Шу сабабли ота-оналар болаларининг «Музқаймоқ олиб беринг», деган хархашаларига «Томоғинг оғриб, тишинг шамоллаб қолади», деган баҳоналарни рўкач қилади. Аслида музқаймоқнинг фойдали тамонлари жуда кўп.

Музқаймоқда кўп миқдордаги кальций (кунлик норманинг 20-30 фоизи), шунингдек, суяк метаболизмини тартибга солишда иштирок этадиган ва суяклар ва тишларнинг мустаҳкамланишига ҳисса қўшадиган калий ва фосфор ҳам мавжуд. Бундан ташқари, ушбу таомда А, Е, Б витаминлари, магний ва натрий витаминлари мавжуд. Музқаймоқ – асаб тизимини тинчлантирадиган Л-триптофан манбаи ҳамдир.

Биз кўпинча чанқоқбосдига бу ширинликни истеъмол қиламиз. Аммо таркибида шакар миқдори кўп бўлганлиги учун у чанқоқни қондиришга эмас, тескари таъсир кўрсатади.

Оч қоринга, иссиқ овқат, чой ёки кофедан кейин дарҳол музқаймоқ истеъмол қилиш тиш эмали дарз кетишига сабаб бўлади. Музқаймоқлар оғизда узоқ муддат чайнаб истеъмол қилинмагани учунгина тишларга айтарли зарар келтирмайди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича музқаймоқ тушкунликдан халос этувчи самарали восита ҳамдир. Шундай пайтда диетологлар «антистресс» егуликларни истеъмол қилишни тавсия этишади. Бундай маҳсулотлар рўйхатининг бошида шубҳасиз, музқаймоқ туради. Зеро, у руҳий зўриқишдан халос этувчи ажойиб егулик ҳисобланади. Шунинг учун ҳам кўпчилик музқаймоқ ейишни хуш кўради.

Мадина Пўлат қизи тайёрлади