Ўзбекистоннинг юраги – Тошкент чиқиндилар шаҳрига айланяптими? Бошкент маъулиятсиз масъуллар ва маданияти ҳаминқадар бўлганлар қўлида хароб бўляптими?
Шундоқ ҳам қурилишлардан зада бўлган ва табиати борган сари йўқотилаётган пойтахтнинг экологик аҳволи қанчалик хавф остида?
Мазкур саволлар бежиз туғилмади. Ўз вақтида нон шаҳри, дея эътироф этилган пойтахтнинг бугунги ачинарли манзарасига ўзимизникларнинг кўзи аллақачон ўрганган, аммо четдан келган сайёҳларни чиқиндига тўла пойтахт кўриниши ҳайрон қолдириши, шубҳасиз.
Оғриқлиси бу борадаги қонунлар пойтахтда ишламаётганига анча бўлган кўринади.
Чунки марказий кўчалар – Амир Темур хиёбони, Мустақиллик майдони, Олой бозори атрофи қачон қарасангиз, озиқ-овқат қолдиқлари, қоғозлар, елим идишлар, писта пўчоқлари уюлиб ётади. Марказий кўчалар шундай бўлгач, кўздан панароқ жойларни тасаввур қилиш қўрқинчли…
Ободонлаштириш ходимлари тозалашдан, одамлар эса шаҳарни чиқинди билан тўлдиришдан чарчамаяпти…
Қонунлар ишлаши керак
Тўғри, мамлакатимизда ҳам бошқа хориж давлатлари қатори атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун жарималар белгиланган. Лекин шу вақтгача бирон-бир фуқаронинг жаримага тортилганини эслолмаймиз. ОAВда ҳам фалончи чиқиндини белгиланмаган жойга ташлагани учун жазоланибди, жаримага тортилибди, деган хабарга дуч келмайсиз.
Ваҳоланки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 82-, 91-, 123-моддаларида чиқиндини ташлаш бўйича нормалар белгилаб қўйилган.
Хусусан, 82-моддага мувофиқ, муҳофаза қилинаётган табиий ҳудуд режимини бузиш жаримага сабаб бўлади.
Бундан ташқари, фуқаро 91-моддада кўрсатилганидек ноқонуний жойга чиқинди ташлайдиган ёки автомашинадан улоқтирадиган бўлса, 123-моддада қайд этилганидек, жаримага тортилади.
Бироқ бу тартиб ҳали-ҳануз қоғозда қолиб кетмоқда. Буни амалиётда қўллашга нима монелик қилаётгани эса тушунарсиз. Пайсалга солиб юраверсак, аҳвол бундан баттар бўлса бўладики, асло яхшиланмайди.
Биздан фарқли ўлароқ, хорижда мазкур масалага ўта жиддий қарашади. Жорий тартиб-қоидаларга риоя қилмаган фуқароларга қатъий чоралар кўрилади.
Масалан, Испанияда машина ойнасидан чиқинди улоқтириш 200 евро, сигарет қолдиғини йўлакка ташлаш 90 евро миқдорида жарима солишга асос бўлса, Швецияда қоғозни ерга ташлаган киши 90 евро, Сингапурда 300 дан 1000 долларгача жарима тўлашга мажбур бўлади.
Aтроф-муҳит тозалиги билан боғлиқ муаммолар фақат Ўзбекистонда учрамайди, албатта. Шу ўринда бу муаммони бошидан ўтказиб, ечим топган давлатлар тажрибасига юзланамиз.

Энг ифлос шаҳардан энг тоза шаҳарга айланди
Канаданинг Aльберта провинциясида жойлашган Калгари шаҳри бир неча йиллар давомида ифлос шаҳарлар рейтингида етакчиликни қўлдан бермай келган. 2015 йилга келиб эса дунёнинг энг тоза шаҳарлари 10 талигига кирган. Хўш, Калгари буни қандай уддалаган?
2007 йилда шаҳар тозалиги учун махсус дастур ишлаб чиқилди. 2009 йилда Калгари шаҳар кенгаши ахлат ташлаганлар учун жаримани 500 долларга оширди; транспорт воситасидан ахлат ташлаганлик учун 750 доллар ва ёнаётган сигаретни машина ойнасидан улоқтирганлик учун 1000 доллар жарима белгиланди. Чиқинди полигонлари ҳам чиқиндидан қутилиш чораси эмаслигини англаган калгариликлар махсус дастур асосида чиқиндини қайта ишлаш эвазига уни полигонларга жўнатишни камайтирди.
2000 йилларда Калгарида шаҳарлашув натижасида қурилишдан жуда кўп миқдорда қайта фойдаланиш мумкин бўлган чиқинди ҳосил бўлганди. Улар энди полигонга эмас, қайта ишланиб, янги қурилишларга йўналтириладиган бўлди. 80 фоиз чиқиндини 2020 йилгача полигонларга юбормаслик дастури ишлаб чиқилди. «Яшил Калгари» сайти ишга туширилиб, шаҳарни қандай тозалаш бўйича муҳим маслаҳатлар бериб борилди. Унда компост қилиш, чиқиндисиз тушлик қилиш, ахлат қутисига нима ташлаш керак ва керак эмаслиги каби элементар билимлар тушунтириб борилди.
Бундан ташқари, Калгарида апрель ва июнь ойларида баҳорги тозалаш ишлари жорий қилиниб, камида 15 минг км пиёда ва автомашина йўллари тозалаб чиқилади.

Кўчага чиқинди ташланмайди
Японияда бўлганлар ўз таассуротларида кўчаларда ахлат йўқлигидан ҳайратга тушганини айтишади. Мазкур давлатда Иккинчи Жаҳон урушидан сўнг тезкор саноат сабаб чиқиндилар асосий муаммога айланганди. Aйниқса, Токиода жуда кўп нарсани ташлаб юборишга тўғри келгач, чиқинди учун полигонларда жой қолмаган.
1990 йиллардаги чиқинди назоратига оид қонунлар чиқинди полигонларига иложи борича камроқ нарса олиб бориш ҳақида эди. Қатъий тартиб сабаб чиқинди ташламаслик ҳам япон маданиятининг бир қисмига айланди. Улар чиқиндини кўчага ташлашни эмас, ўзлари билан олиб кетишни афзал кўришади.
Кўчадаги сотувчилардан овқат харид қилиб, қоғозини сотувчига қайтариб берсангиз, бу табиий ҳол сифатида қаралади.
Японларнинг уйида ахлат қутилари муҳим ўрин тутади. Уни қайта ишлаш бўйича ҳеч ким японларнинг олдига тушолмайди. Уларнинг контейнерлари хилма-хил чиқиндиларга мослашган. Япониядаги Камикацу шаҳридаги қайта ишлаш воситалари чиқиндиларни 40 турга ажратиш орқали чиримайдиган чиқиндининг 80 фоизини полигонларга ташлашдан сақлаб қоляпти. Ҳар бир шаҳар учун алоҳида режа бор. Унда нима, қаерда ва қачон қайта ишланиши ҳақида маълумот берилади.
Японлар пластикнинг 77 фоизини қайта ишлайди. Бу – Британияникидан деярли икки баробар кўп, AҚШдагидан эса 20 фоиз юқори.

Қоидани бузсангиз, доимий ахлат теришга мажбур бўласиз
Сингапурда сигарет қолдиғи ёки ширинлик қоғозини кўчага улоқтираётганда қўлга тушсангиз, биринчи мартасида 300 доллар жаримага тортиласиз. Бу жарима бора-бора минг долларга етиши, ҳатто доимий равишда ахлат териб юришга мажбурланишингиз ҳам мумкин.
Сингапурда чиқиндига оид қонунлар ижроси қатъий назорат қилинади. Кўчаларда оддий одамлар кийимидаги минглаб ишчилар асосий кўчаларда юради. Уларнинг вазифаси – чиқинди ташлайдиган одамларни аниқлаш ва тўхтатиш. Ўз навбатида, бу ерда ахлатни контейнерга ташлаш анча осон: қутилар шаҳар бўйлаб жуда қулай жойларга жойлаштирилган ва бу қонунни бузишга имкон қолдирмайди.
Бундан ташқари, Сингапурда сақич импорти тақиқланган. Улар чайналган сақичларга энг ифлослантирувчи нарса деб қарашади, чунки сақичларни тозалаш оддий чиқиндини тозалашдан анча қимматга тушади.
Қачон жиддий чоралар ҳақида бош қотирамиз?
Хориж тажрибасини кузатганимизда, экологияга жуда ҳам катта эътибор ва жиддий жавобгарликни кўрамиз. Юртимизда ҳам боғча ва мактабларда чиқиндини саралаш бўйича экологик соатлар ўтилиши керак.
Бундан олдин ҳукуматнинг ўзида чиқиндини қайта ишлаш бўйича аниқ ва қатъий истак бўлиши жоиз. Бу борада хориж тажрибасини ўрганиш фойдадан холи бўлмайди.
Энг аввало, қонунчиликни такомиллаштириш, чиқиндини белгиланмаган жойга ташланишининг олдини олиш учун жарималарни ошириш ва уларни назорат қилиш зарур. Чиқинди ташлаганларни қаттиқ жазога тортиш (камералар орқали аниқлаш), аҳолини чиқиндини саралашга ўргатиш, уларни қайта ишлашни йўлга қўйиш зарур. Шу билан бирга, чиқинди контейнерлари ва уларнинг турини кўпайтириш ҳам зарур. Контейнерларни шундай жойлаштириш керакки, одамларнинг ерга чиқинди ташлашига ҳожат қолмасин.
