ОАВда айтилмаган гаплар: расмиятчилик учун ишлаётган реабилитация

71

Кўзи ожизларни нималар қийнаяпти?

Шундай касалликлар борки, вақтида даволанмаса, инсоннинг кўзи ожиз бўлиб қолиши мумкин. Мана шундайларидан бири – Глаукома.

Қаҳрамонимиз Ҳақназар Пўлатов ҳам шу дард билан дунёга келган. 13 ёшга тўлгунга қадар дунёни  ёрқин рангларда кўра олган бу инсон ўз вақтида  тўғри муолажа олмагани сабабли бутунлай кўрмай қолди.

Шундай бўлса-да, у ўзини йўқотиб қўймади. Аксинча, изланди, интилди. Натижада махсус мактаб-интернатни аъло баҳоларга тугатди.

Ҳақназар Пўлатов билан Осиё кўзи ожизлар уюшмасининг навбатдаги ассамблеясида танишдик. У айни вақтда Қашқадарё вилоят кўзи ожизлар жамияти раиси сифатида фаолият юритмоқда.

Ҳ.Пўлатов билан кечган суҳбатимиз кўзи ожиз инсонларни қийнаётган муаммолар ҳақида бўлди.

–  Ҳақназар ака, дунёни қандай рангларда тасаввур қиласиз?

–  Туғма глаукома хасталиги билан туғилганман ва болалигимда барча рангларни ўзидай кўрганман. Мен учун ҳозир улар фақат оқ-қорадан иборат бўлиб қолган. Лекин ранглар мен учун ўз аҳамиятини йўқотган бўлса ҳам, моҳияти тобора чуқурлашмоқда.

1977 йил август ойида мен бутунлай кўрмай қолдим. Ёшгина ақлим билан «Энди қандай яшайман?» деб ўз-ўзимга савол берардим. Соппа-соғлом инсон учун бу, албатта оғир кечади. Биласизми, мен тақдиримга нима учун кўникдим? Кўзим заифроқ бўлса-да кўрарди, мен таҳсил олган махсус мактабда мендан ҳам ёмон кўрадиган болалар бор эди. Балки шунга шукр қилгандирман…

–   Ўзбекистонда кўзи ожизлар қандай муаммоларга дуч келмоқда?

–  Кўзи ожиз болалар  ҳамон таълим олишда қийинчиликларга дуч келмоқда. Масалан, мультимедиа дарсликларида камчиликлар кўп. Биласиз, айни пайтда жаҳон талабларига кўра бошланғич синф ўқувчилари асосан мультимедиа дарсликлари орқали илм олмоқда. Хусусан, тил ўрганиш борасида бу яхши самара бераётир. Кўзи ожиз болалар кўрмаганидан кейин  фақат овоз билан тасаввур қилолмайди, уларга қўли билан ушлаб ўрганиши учун махсус предметлар зарур.

Пандемия даврида болалар таълим олишда жудаям қийналди. Бунинг  таъсири ҳамон билинмоқда.  Онлайн дарслар телевидения орқали намойиш этилганда кўзи ожиз болажонлар ўксиниб қолди. Телефонда брайл алифбоси йўқ.

Яна бир муҳим жиҳат: ҳозирги кунда кўзи ожиз бола ўзи истаган олий ўқув юртига имтиёз асосида ўқишга қабул қилинади. Бу яхши, албатта. Аммо-лекин, бу имконият айрим ўқувчиларнинг билим олишга бўлган иштиёқини сўндириб қўяётгандек, назаримда. Уларда «барибир талаба бўламан-ку, ўқиб нима қилдим», деган нотўғри қараш шаклланмоқда. Балки бу масалани яна бир қайта кўриб чиқиш керакдир…

Реабилитация муаммоларини гапирмасам бўлмайди. Ҳар бир кўзи ожиз инсон махсус воситалар билан таъминланиши, индивидуал воситалар давлат томонидан етказиб берилиши керак.

Тиббий ижтимоий экспертиза комиссияси эҳтиёжларимизни аниқ ўрганмаган. Тизимда камчиликлар кўп. Кўзи ожизларнинг муаммолари реабилзация дастурларига киритилган, бироқ у фақат расмиятчилик учун ишлайди.

Яна битта муаммо – кўзи ожизлар учун ёзув ускунаси Ўзбекистонда йўқ. Ҳиндистон ёки Москвадан сотиб олишга мажбурмиз.  Ушбу ускунани ишлаб чиқақриш аслида содда, афсус, бу бизнес тадбиркорларимиз учун жозибали эмас.

Маълумот учун: глаукома – кўзи ожизлик, ногиронликка олиб келувчи оғир, ижтимоий аҳамиятга эга бўлган кўз касаллиги ҳисобланади. Бугун дунё бўйича 100 миллион нафардан ортиқ инсон ушбу касалликка чалинган. Шундан 40 миллионга яқини кўзи ожиз беморлардир. Худди шу миқдордаги инсонлар ўзида мазкур касаллик ривожланиб бораётганлиги маълум.

Суҳбатнинг тўлиқ шаклини ishonch.uz сайтида  кўришингиз мумкин.

Феруза РАҲИМОВА

Ishonch.uz