ҲОРДИҚ ЧИҚАРГАНИ БОРИБ, ЧАРЧАБ КЕЛИШАДИМИ?

61

Андижон шаҳридан Хонободгача 70 километр масофадаги ўйдим-чуқур йўллардан бир ўтган сайёҳ яна келишни орзулармикан, дея ўйланиб қолади одам. Қўполроқ қилиб айтганда, йўл азоби – гўр азоби бўлган жойда қандай мазмунли ҳордиқ бўлиши мумкин?! Демак, туризмни ривожлантиришнинг асосий шартларидан бири талаб даражасида эмас.

Хонободдаги “Фозиломон” зиёратгоҳига кунда юзлаб сайёҳлар келишади. Ушбу масканнинг бой тарихи ва шифобахш суви тўғрисида сўзлаб берадиган гидлар йўқлиги яна бир муаммо. Аслида узоқ-яқиндан келган сайёҳларга Хонобод шаҳри тарихи, иқлим шароити ва зиёратгоҳлари ҳақида соатлаб гапириш мумикн.

Туризм истиқболи учун муҳим яна бир шарт ҳам кўнгилдагидек эмас.
Айни баҳор фаслида Хонободда дарахт момиқлари учиб, дам олувчиларни безор қилиши, «Афсона» оилавий дам олиш масканидаги овқатларнинг сифатсизлиги ҳақида эса кўпчилик ёзғириб гапиради.
Ҳақли талабларнинг яна бирини бажаролмаяпмиз.
Ҳудудда, меҳмонхона хизматлари, балки кўнгилдагидек бўлиши мумкин. Аммо ҳожатхона масаласининг ўзи ,катта бир достон бўлади.
Дам олиш мавсуми бошланмоқда, бундай дамларда кўпчилик Хонободга ҳордиқ чиқаргани отланади.
Айтмоқчи бўлган фикримиз шуки, камчиликларни бартараф қилишга фурсат бор. Қанча тез бартараф қилинса, шунча яхши. Нима дедингиз? Ахир ҳордиқ чиқаргани бориб, чарчаб келишмайди-ку!

Анваржон ҲАЛИМОВ
ISHONCH.UZ