Миллионлар тақдирини ўзгартирган китоб: “ҲАЁТНИНГ ЭНГ БУЮК СИРИ”

116

«Чексиз коинотда ҳамма нарсани бошқарадиган шиддатли олий куч мавжуд. Сиз шу кучнинг қисмисиз».

Прентис Малфорд

ХХ асрнинг охири, дунёда ўзгаришлар шамоли тинимсиз эсмоқда. Илм-фан кундан-кун тараққий этмоқда. Санъат ва техника янгидан-янги чўққига чиқмоқда. Хуллас, ер янада чирой очмоқда…

Бироқ ўша даврда одамларга номаълум бўлган сир ҳануз мавҳум эди…

Уни фақат инсониятнинг энг буюк алломаларигина билган, лекин улар бу ҳақда келажак учун зиғирча нарса қолдиришмаганди. ХХI аср бошига келиб эса сир фош этилади!

Австралиялик ёзувчи Ронда Берннинг «Ҳаётнинг энг буюк сири» асари сизни мана шу каби фикрлар қаршисига олиб чиқади. Ёзувчи мазкур китоби орқали ўқувчи руҳиятининг энг туб манзилларига киришга уринган.

Бу асар дунё юзини кўргач, яшин тезлигида миллионлар эътиборини ўзига қаратган. Дунё китобхонлари орасида китоб орқали сирни кашф этиб, кутилмаган натижаларга эришгани ҳақида ёзганлар ҳам бўлди.

Сўнгги йилларда ўзбек китобхонлари орасида ҳам оммалашган Ронда Берн асарларида одамларга бироз қоронғи бўлган ҳодисалар ҳақида сўз юритилади.

Айрим китобхонлар эса асар ҳақида “Асар инсон руҳиятини шунчаки манипуляция қилади», дейди. Умуман, Ронда Берн инсон психологиясининг, мураккаб бўлган психология қонуниятларининг оддий тамойилларини бадиий-оммабоп услубда тушунтиради. Унинг китоблари барча ёшдаги ўқувчиларга мўлжалланган.

Аслида биргина китоб ҳам инсон ҳаётида ўзгариш ясашга қодир. Камина ҳам бу ҳолатни бошдан ўтказган. Менинг ҳам оламим Ронда Берн ва Жон Кехо каби ёзувчиларнинг асарлари таъсирида ўзгарди… Шундан кейин китобда келтирилган омиллар чиндан, инсонлар ҳаётида туб бурилишлар ясаши мумкинлигига мен ҳам ишонч ҳосил қилдим.

БАРЧАСИ ШУНДАЙ БОШЛАНГАНДИ

На тайинли иши, ва на мақсадга эришиш йўли бўлган бир қиз. Бундан бир неча йил олдин у омадсиз ва ношудлигидан бошқа нарсани ҳис қилмасди.

Ишлари кундан-кун орқага кетар ва бир неча йиллар қаттиқ меҳнат қилса-да, ўқишга ҳам кира олмаганди.

Бунинг устига, соғлигида ҳам муаммолар пайдо бўлган, бироқ уларни бартараф қилишга унда на имкон, на ишонч бор эди.

У бекорчилигидан қўлига тушган ҳар қандай адабиётни ўқиб тугатарди.

Шундай кунларнинг бирида электрон кутубхонада «Сир»га дуч келди.

Аввалига қизиқишсиз бошланган мутолаа уни тобора ўзига боғлаб борарди. Шу тарзда Ронда Берннинг барча асарларини бир неча марта ўқиди. Ва ишониш қийин, аммо ҳақиқат: унинг ҳаёт ўзани буткул бошқа томонга бурилиб кетди…

Шундан кейин истаклари оқимини бошқара олаётгани ва фикрлари орқали хоҳишлари у томон яқинлаша бошлаганини сезиб қолди.

Ронда Берннинг асарида ёзилишича, бутун олам тортишиш кучи қонунига асосланган. Бу қонун ҳамиша бор бўлган ва бўлади.

У нафақат моддий нарсалар, балки инсонларнинг фикрлари, унинг онги билан боғлиқ.

Сиз нима ҳақида ўйласангиз, айнан ўша нарсага айланиб борасиз. «Инсон ўз фикрларининг маҳсулидир», дейилади унда. Китоб сизни бу квант физикаси ва минглаб тадқиқотлар устига қурилган ҳақиқат эканига ишонтиришга ҳаракат қилади ва буни уддалайди. Ронда Берн муқаддас диний ёзиқлар ва маънавий етакчилар орқали инсониятга ишора қилинган фикрларни, улардан инсон онги қандай фойдаланиши кераклигини тушунтиради.

Аммо бу тадқиқотларнинг энг муҳим жиҳати шундаки, уни ҳар қандай одам – хоҳ сиёсатчи, хоҳ ўқитувчи, ҳаммол, аравакаш, ошпаз, ёш ёйинки қари – осон тушунадиган тарзда ўқувчига етказади. Хуллас, содда ва равон услубдаги китоб.

Ронда Берн «Сир»ни ёзишдан аввал, квант физикаси, психология, дин фаолиятини чуқур ўрганади. У таниқли мутафаккирлар, рассомлар, олим ва ихтирочиларнинг фикрларини тўплайди.

Донишмандлар ҳаёти бўйлаб олтин ип каби ўтган билимни кашф қилади ва уни бошқалар билан бўлишади.

СИР СИЗНИНГ ИЧИНГИЗДА: китобдан парча:

“Сиз кураш учун яратилмагансиз. Сиз қувончли дақиқалари кам ва оралиғида кўп вақт билан тўсилган ҳаёт учун туғилмагансиз.

Ҳафтасига беш кун машаққатли меҳнат қилиб, фақат дам олиш кунларидагина бахт учқунлаши учун туғилмагансиз.

Сиз қувватингиз етмаганидан, кечқурун оёқларингизда мадор қолмасдан йиқилиш учун туғилмагансиз. Сиз қўрқув  ва хавотир учун туғилмагансиз.

СИЗНИНГ ҲАЁТИНГИЗ МАЗМУНИ…

Туғилганингиздан бошлаб сизга тўлақонли ҳаёт кечиришга, нима истасангиз, шунга эришишга имкон берилган. Сиз шу вақтнинг ўзида қувониш, ўзингизни соғлом, ғайратли, қизиқувчан ҳис қилиш, севгига тўла ҳаёт кечириш учун туғилгансиз.

Буларнинг ҳаммаси ажойиб ҳаёт ва бунга ҳаққингиз бор.

Сиз орзу қилган ҳаёт: ким бўлишни истаган бўлсангиз, нима қилишни ва нимани истасангиз, ўйлаганингиздан кўра буларнинг ҳаммаси сизга яқин, у ичингизда жойлашган. Уни топинг».

Асарни ўқишни кенг китобхонларга тавсия қилиб қоламан.

Мафтуна КАРИМОВА тайёрлади.