Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан Корея Республикасида ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун Тошкент шаҳрида EPS-топик тест имтиҳонлари бўлиб ўтди.
Вазиятни кузатиш мақсадида тест бўлиб ўтадиган манзилга келдик. Ривожланган давлатларга ишлаш учун бориш бугун ҳар қачонгидан ҳам долзарб. Ўзбекистондаги ишсизлик ва иқтисодий масалалар ёшларни хорижга мигрант сифатида ишлаб келиш истагини тобора оширмоқда.
Маълумки, Ўзбекистон ва Корея Республикалари ўртасида имзоланган меморандумга асосан мамлакатимиз фуқароларини малака талаб этилмайдиган Е-9 ишчи визаси бўйича ушбу давлатда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошириш тартиби белгиланган. Жанубий Кореяга биринчи марта ишга кетаётганлар учун имтиҳонлар бир йил давомида тахминан икки маротаба, аввал ишлаб келган, яна қайтиб кетиш истагида бўлганлар учун эса уч маротаба ўтказилади.
Имтиҳонлар вақти Жанубий Кореянинг Инсон ресурсларини ривожлантириш департаменти томонидан белгиланади. Шу сабабли имтиҳонлар қачон бўлиб ўтиши олдиндан аниқ бўлмайди.
Тизимда камчиликлар ҳам талайгина. Биз билан суҳбатга бўлган юртдошимиз ҳужжатлаштириш тизимида муаммолар кўплиги ҳақида маълум қилди. Ўз хужжатида исм-фамилияси кетма-кет ташкилотчилар томонидан хато киритилгани ва яна бошқа танишида эса исм-фамилия учун кўрсатилган катаклар сони 20 та бўлганлиги учун исми унга сиғмаганлиги каби муаммоларни айтиб ўтди.
Эркин ёллаш тизимига кўра, фуқаро имтиҳондан ўтгач, захирага олинади. Жанубий Кореядаги иш берувчи захирадагилар орасидан мутахассислиги мос келганини танлаб олади. Икки йиллаб захирада туриб ҳеч бир иш берувчи томонидан танланмайдиган ҳолатлар ҳам бўлади. Бир йилда неча марта имтиҳон бўлиши захирада турган фуқаролар сонидан келиб чиқади. Улар кўпчилик бўлса, имтиҳон ўтказилмайди.
2023 йилнинг сўнгига қадар 9000 минг нафар ўзбекистонликларнинг Жанубий Кореяга ишга жўнатилиши кутилмоқда. Талабга қараб бу рақам камайиши ёки ўзгаришсиз қолиши мумкин.
Рақамларга кўз ташлайдиган бўлсак, пандемия туфайли 2020 йилда 242 нафар, 2021 йилда 1532 нафар, 2022 йилда 4901 нафар ва 2023 йилнинг ўтган 5 ойи давомида 1900 нафардан ортиқ юртдошларимиз ушбу давлатга йўл олган.
Феруза РАҲИМОВА,
Қувонч ТЎРАЕВ.
Ishonch.uz



