Тошкент метрополитенидаги янги муаммо: чиптахоналар олдида навбатда турувчилар нега кўпаймоқда?

116

Сўнгги пайтларда пойтахтимиздаги метрога тушсангиз, бекатларга кираверишдаги чиптахоналар олдида навбатда турганлар тобора кўпайиб бораётганининг гувоҳи бўласиз. Ҳолбуки, бекатларнинг аксариятида 3 тадан чиптахона бор.

Аммо кўпинча улардан фақат биттаси ишлайди. Қолганлари нега ёпиқлигини, паттачилар қаёқдалигини ҳеч ким билмайди. Оқибатда одамлар узундан-узун навбатда туриб, биринчидан, қимматли вақтларини йўқотишмоқда, иккинчидан, бу нохушликдан асаблари қақшамоқда. Гоҳида жанжал келиб чиқиб, ҳар хил кўнгилхираликлар рўй бермоқда.

Аслида метро ходимлари ҳам ҳамкасблари сингари жорий тартиб-қоидалар бўйича фаолият юритишлари шарт эмасми? Агар чиптахоналарнинг ҳар доим фақат биттаси ишлайдиган бўлса, қолганлари нима учун керак?

Баъзан бундан-да ғалати ҳолат кузатилади: бошқа ходимлар ҳам жойида ўтирган бўлсалар-да, фақат биттаси йўловчиларга хизмат кўрсатади, қолганлари пул санаш-у тахлаш билан банд бўлади. Ажабо, уларнинг биринчи галдаги вазифаси нима ўзи: мижозларга чипта сотишми ёки пул санашми?

Хўш, Тошкент метрополитенидаги бундай нохуш вазиятларни ким назорат қилади-ю, ким бартараф этади?..

Камола АҲАДОВА,
ЎзДЖТУ талабаси