Сирдарё қадимийлиги жиҳатдан Марказий Осиёда биринчи ва сув миқдори бўйича иккинчи ўринда туради. Юртимиз ва қўшни Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ҳудудидан оқиб ўтувчи мазкур дарё узоқ ўтмишдан буён минтақа халқлари ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашда муҳим рол ўйнаган. Бир дарёдан сув ичган, тарихий илдизлари ўзаро туташган эллар учун Сирдарё – халқ дипломатияси тимсолига айланиб улгурган.
“Тозалик ва озодалик ўйинлари” махсус лойиҳаси доирасида Сирдарё вилоятида ташкил этилган экотадбир Табиат ресурслари вазирлиги, Бош прокуратура, Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази ва бошқа қатор ташкилотлар ҳомийлигида ўтказилиб, унда Ўзбекистон волонтёрлари ассоциациясининг кўнгиллилари ҳам иштирок этишди.
Эко-тренинг доирасида иштирокчиларга чиқиндиларни саралашнинг аҳамияти, кундалик ҳаётда амал қилиниши лозим бўлган экологик қоидалар, Сирдарёнинг минтақадаги тарихий ва бугунги кундаги аҳамияти, унинг Марказий Осиё халқлари ҳаётида тутган ўрни ҳақида маълумот берилди.
“Тозалик ва озодалик ўйинлари” доирасида иштирокчилар томонидан кун давомида Сирдарё соҳили чиқиндилардан тозаланди. Йиғилган чиқиндилар сараланиб, махсус қопларга жойланди ва утилизация учун махсус пунктга юборилди. Экологик акция якунида иштирокчилар дўстлик дастурхони атрофида жамланди. Шунингдек, “Тозалик ва озодалик ўйинлари”да ғолиб деб топилган жамоалар ва фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди.
Ўзбекистонда ШҲТнинг Халқ дипломатияси маркази директори Қобилжон Собиров, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалаларига катта эътибор қаратилаётганини таъкидлади. Хусусан, Самарқанд декларациясининг бу борадаги муҳим ўрнига тўхталиб, декларацияда хавфсиз, тоза ичимлик суви манбалари, асосий санитария ва гигиена хизматларига эришиш имкониятларининг чекланганлиги замонамизнинг йирик муоммоларидан бири сифатида кўрсатилгани, сув ресурларидан унумли фойдаланиш, барқарор ривожланиш шартларига амал қилиш зарурлиги қайд этилганлигига урғу берди. Шунингдек, мазкур лойиҳа иштирокчиларнинг атроф-муҳит билан боғлиқ ҳар қандай масала ҳар бир инсонга боғлиқлигини англаб етишига, дарё ёқасидаги халқлар ўртасида экологик маданиятни оширишга хизмат қилишини таъкидлади.
Акция иштирокчилари томонидан она табиат бағри 4 тоннадан ортиқ чиқиндидан тозаланди. Тадбирда фаол иштирок этганлар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Зебо НАМОЗОВА,
«Ishonch»
