Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги «Фарзандларимиз таълим-тарбиясига бефарқ бўлмайлик» мавзусида ижтимоий сўровнома ўтказди. Унда “Бола нега мактабга боришни истамайди?”, “Болалар интернетдан тўғри фойдаланишни биладими?”, “Бола тарбияси учун ким масъул?”, “Болалар ўртасида турли ҳуқуқбузарликлар нега кўпаймоқда?” каби мавзулар қамраб олинган эди.
Сўровномада 36 751 нафар шахс қатнашди. “Болаларнинг интернетдан тўғри фойдаланишини ким назорат қилиши керак?” деган саволга 67 фоиз инсон ота-она жавобини танлаган. Мактаб деган жавобни эса 1 фоиз. 30 фоизи эса ота-она ва мактаб биргаликда деган жавобни маъқул кўрган.
Тарбия кимдан ўрганилади ва бунга ким масъул деган саволга эса сўровнома иштирокчиларининг 92 фоиз ота-она жавобини танлашган. Атиги 3 фоизи ўқитувчи, мактаб жавобини белгилашган. Болаларнинг ҳуқуқ ва қонунларнинг бузишида деярли ярим иштирокчилар оиладаги муҳит яхши эмаслигини сабаб қилиб кўрсатган. Чиндан ҳам “Қуш уясида кўрганини қилади”, деб бежиз айтилмаган. Соғлом муҳитда улғайган бола жамиятда юриш-туриш қоидаларига тўла амал қилади. Бирон ножўя иш қилишдан тийилади, буни ўзига муносиб билмайди.
Бу каби сўровномалар жойларда муаммоларни чуқурроқ ўрганиш, шулар асосида амалий чоралар ишлаб чиқиш имконини беради.



