Ўзбек миллий рақси асосчиси — Мукаррама Турғунбоева 110 ёшда

163

Кеча Мукаррама Турғунбоева таваллудининг 110 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида ҳақиқий рақс оқшоми бўлиб ўтди. Унда янгидан ташкил этилган «Баҳор» ва «Шодлик» ашула ва рақс ансамбли қизлари санъатларини намойиш этдилар.

Қолаверса, кечада чет элдан ташриф буюрган меҳмонлар ҳам ўзларининг санъатларини тараннум этишди.

Маълумот учун, Мукаррама Турғунбоева ўзбек хореографиясининг олтин фондидан ўрин олган «Тановар», «Катта ўйин», «Жанон», «Пилла», «Пахта» каби ўзбек миллий рақсларининг асосчиси ва бетакрор ижрочиси ҳисобланади.

  – Мукаррама Турғунбоева ижодига тўхталганимизда унинг серқирра иқтидор соҳиби эканлиги ва ҳали ўрганадиган жихатларимиз кўплигига гувоҳ бўламиз, – дейди санъаткорнинг шогирдларидан бири Ўғилой Муҳаммедова. – Устозимиз оёқ учида туриб биринчи рақсга тушган ўзбек раққосаси – балет устаси эканлиги ҳам ҳаммага маълум эмас.

Икки кун давомида рақс санъатига бағишланган Халқаро илмий конференция, хорижий рақс ансамблларининг малакали мутахассислари томонидан маҳорат дарслари ва устоз санъаткор таваллудига бағишланган юбилей концерти бўлиб ўтди.

Тантанали тадбирлар Ўзбекистон маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси, Ўзбекистон давлат хореография академияси ҳамда Мукаррама Турғунбоева номидаги «Баҳор» давлат рақс ансамбли томонидан ташкил этилди.

Нилуфар Абдумаликова,
Ishonch.uz