Масалан, маҳаллий футбол клублари хориждан бирор мутахассисни ёки футболчини жалб қилса, уларга даромадларидан тўланадиган даромад солиғи бўйича имтиёз берилмоқда.
Сенатнинг қирқ биринчи ялпи мажлисида Солиқ кодексининг 483-моддасига қўшимча киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.
Унга кўра, мамлакатда футбол ва футбол инфратузилмасини яхшилаш учун амалдаги солиқ имтиёзларининг муддатлари узайтирилади.
Шунингдек, ушбу Қонун билан Солиқ кодексига 2023 йил 1 январдан 2026 йил 1 январга қадар Ўзбекистон футбол ассоциацияси, унинг ҳудудий бўлинмалари, “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси, Ўзбекистон футбол ҳакамлари маркази ва профессионал футбол клубларига барча турдаги солиқларни (бундан ижтимоий солиқ мустасно) тўлашдан озод этишни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.
Шунингдек, ўзи жалб қилган чет эл мутахассислари ва футболчиларининг даромадларидан тўланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича имтиёз берилмоқда.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириладиган, Ўзбекистон Республикасида ўхшаши ишлаб чиқарилмайдиган спорт асбоб-ускуналари ва инвентари ҳамда соҳани қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ қатор товарлар учун қўшилган қиймат солиғини тўлашдан озод этилмоқда.
Мажлисда “Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси” жамоат бирлашмаси ва профессионал футбол клубларининг молиявий аҳволини яхшилаш, хорижий етук мутахассисларни жалб қилиш орқали соҳадаги мутахассислар малакасини ошириб бориш, шунингдек, хусусий профессионал футбол клубларини кўпайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги ҳам таъкидланди.



