Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ), БМТ Болалар жамғармаси (UNICEF) ва Жаҳон банкининг бу ҳақдаги қўшма баёноти эълон қилинди. Баёнотда бу ижтимоий ҳимоядаги тарқоқлик ва камчиликларни бартараф этишига ишонч билдирилган.
“Жаҳон миқёсида ва Ўзбекистонда ижтимоий ҳимоя ислоҳотини қўллаб-қувватловчи етакчи ташкилотлар сифатида ишончимиз комилки, бу Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя соҳасидаги кун тартибини илгари суришда ҳамда бутун ҳаётлари давомида алоҳида шахслар ва оилаларнинг камбағаллик, заифлик ва ижтимоий четланишини камайтиришга ва олдини олишга қаратилган Миллий ижтимоий ҳимоя стратегиясини, шунингдек, Ўзбекистоннинг миллий ривожланиш мақсадлари ва Барқарор Ривожланиш Мақсадларини амалга оширишдаги муҳим қадамдир”, дея таъкидланади баёнотда.
Шунингдек, Aгентлик болаларни ҳимоя қилиш ва ногиронлиги бўлган шахслар инклюзияси борасидаги устувор йўналишларга халқаро стандартлар ва меъёрларга мувофиқ равишда алоҳида эътибор бериши қувонарли экани эътироф этилган.
“Aгентлик доирасида Ўзбекистонда оилалар ва болалар фаровонлигига таъсир этувчи, узоқ давом этадиган ёки тўсатдан содир бўладиган зарба ва инқирозларга мослашувчи ва тезкор жавоб берадиган, уларнинг чидамлилигини мустаҳкамлайдиган ижтимоий ҳимоя тизимини яратиш учун улкан имкониятларни кўрмоқдамиз.
ХМТ, UNICEF ва Жаҳон банки мамлакатда барчанинг манфаати йўлида ижтимоий ҳимояни ривожлантириш учун Ўзбекистон ҳукуматини бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр”, дейилади баёнотда.
Шу ўринда қайд этиш лозимки, маҳаллий экспертлар ва халқаро ташкилотлар аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш учун масъул ягона идора яратиш зарурлиги ҳақида узоқ йиллардан буён гапириб келаётган эди. Ижтимоий ҳимоя қилиш функциялари шу пайтгача бир қанча вазирлик ва идоралар ўртасида тақсимлангани бу борадаги ишлар самарадорлигини пасайтирди. 2019 йилда 2022 йилгача ижтимоий ҳимояга масъул вазирликни ташкил этиш режалари эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 30 май куни ЎзЛиДеП партияси съездида президентликка номзод сифатида сўзга чиқиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигини ташкил этиш таклифини маълум қилиб, 1 июнь куни эса “Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Президентнинг тегишли фармони билан Мансурбек Оллоёров президентнинг ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича маслаҳатчиси – Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори этиб тайинланди.
