Биз нега кўпинча эркакларни зўравонликда айблаймиз?

88

Ҳар тўкисда бир нуқс

Кейинги пайтларда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда зўравонликлар, айниқса, ёш қизларга нисбатан тажовузлар  ҳақида турли-туман хабарлар кўпаймоқда. Албатта, бу иллатнинг биз билмаган, ҳатто хаёлимизга ҳам келтирмаган тарихи ва асослари бор.

Мен жиноятга қўл урган кўплаб болаларнинг оиласи билан қизиққанман. Барчасида деярли бир хил аҳвол: оилада носоғлом муҳит юзага келган, ё ота, ичкиликка муккасидан кетган ёки она боласидан юз ўгирган. Энг ачинарлиси, бугун нафақат нотинч, балки намунали саналган оилаларнинг фарзандлари орасида ҳам жиноятга қўл уриш ҳолатлари учраётганидир.

– Шу йилнинг ўзида вояга етмаганлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун 1270 ҳолатда ота-оналарга маъмурий жавобгарлик белгиланди, – дейди Самарқанд вилояти ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул ходими Анвар Долиев. – Улар орасида мунтазам равишда дарс қолдириш, ўзгаларга енгил тан жароҳати етказиш, ҳақоратлаш каби ҳуқуқбузарликлар кенг тарқалган. Бундай нохушликларнинг олдини олиш учун умумтаълим мактабларида инспектор-психолог штатлари жорий этилган. Бу касб эгалари ўқувчилар билан ишлашда педагогларга кўмакдош бўлишяпти. Бироқ замонавий ёшлар тарбияни фақат оила ёки бошқа давралардан эмас,  видео, аудио кўринишидаги одоб-ахлоққа зид ҳар хил ахборотдан ҳам олишаётгани, баъзилари уларнинг таъсири остида қолишаётгани ҳеч кимга сир эмас.

Вилоят ИИБ ҲПБга бевосита бўйсунувчи, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига йил давомида 307 нафар бола олиб келинган. Содир этган қоидабузарликларига кўра, уларнинг 4 нафари Республика ўқув-тарбия муассасаларига, 8 нафари «SOS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» Самарқанд филиалига жойлаштирилган.

Муассасалар оилаларга айлантирилди

Бинобарин, эндиликда фақат нотинч оилаларгина ҳуқуқбузарликлар ўчоғи бўлиши мумкин, деган қарашлардан воз кечиш фурсати етди. Бу масалада қайсидир оила билан алоҳида ишлашнинг ўзи кифоя қилмайди. Қолаверса, халқ орасида  «Меҳрибонлик уйлари болаларида жиноятчиликка мойиллик кўпроқ», деган гап ҳам юради. Амалда аксинча ҳолат ҳам кузатиляпти, аниқроғи, бу муассасалардаги болалар кўпроқ зўравонликка учраяпти.

Болалар алоҳида меҳр истайди, уларнинг ижтимоий муассасага эмас, аниқ бир кишиларга фарзандликка берилиши, оилавий муҳитда яшаши керак, деган тушунча ва бошқа кўплаб омилларга кўра ушбу йўналишда жиддий ислоҳотлар ўтказилди.

– Ҳозир вилоятимиздаги болалардан 4088 нафари – васийлик ва ҳомийликда, 78 нафари «SОS – Ўзбекистон болалар маҳаллалари» уюшмасининг Самарқанд филиалида, 51 нафари 9 та оилавий, 46 нафари вилоят болалар уйида, 41 нафари  28 та патронат оилада тарбияланмоқда, – дейилади Болалар масалалари бўйича вилоят комиссияси вакили Ш.Қувватовнинг халқ депутатлари вилоят Кенгаши сессиясидаги ахборотида. – Президентимизнинг «Етим болалар ва ота-она қармоғидан маҳрум бўлган болаларни тарбиялашнинг тубдан янгиланган тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида «Меҳр дафтари» тизими жорий этилиб, 627 нафар бола ушбу платформага киритилди. Шундан 576 нафарининг орзу-истаги ҳисобга олиниб, 130 турдаги 1257 та маҳсулот, жумладан, ноутбук, планшет, телефон, спорт анжомлари, велосипед, мебель жиҳозлари, тикув машинаси, бадиий асарлар ҳамда тилларни ўргатишга доир китоблар олиб берилди. Улар ёш авлод муаммоларини ҳал этиш, истеъдодлиларини қўллаб-қувватлаш, мустақил ҳаётга тайёрлаш, таълим-тарбиясини яхшилаш, касбга йўналтириш ва бандлигини таъминлаш мақсадида харид қилинди.

Бултур 36 нафар етим уй-жой билан таъминланган бўлса, бу йил 48 нафари  навбатга қўйилган. Дастлабки чоракда вилоятда 98 нафар бола ота-оналарининг нотариал розилиги ва суд қарорига биноан, қариндошларига, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 5 нафар бола эса фарзанд асраб олиш ниятидаги  оилаларга берилди. Шунингдек, ишлаш учун хорижга кетган ота­оналарнинг 580 нафар фарзандларига ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган 51 нафар болага васийлар ва ҳомийлар тайинланди.

Табиийки, камчиликлар ҳам бор. Масалан, мактаб психологларининг нотўлиқ ва носоғлом оилалардаги ўқувчилар билан алоҳида ишлаши жорий этилмаган, маҳаллалар томонидан улардаги ижтимоий муҳитни соғломлаштириш чоралари кўрилмаган. Маҳалла хотин-қизлар фаоллари ушбу тоифадаги оилалар бекалари билан манзилли иш олиб боришмаётгани туфайли аксарият қизлар ножўя йўлга кириб қолишмоқда.

Бола – «ўч олиш қуроли» эмас!

Психологияда зўравонлик ҳолати айнан оилада шаклланади, деган тушунча бор. Хўш, уни кенгроқ таҳлил қилсак, асосан қайси ҳолатлар бола руҳиятига таъсир қилади, қандай оилада зўравонлик учун муҳит яратилади?

– Бирор уйда зўравонлик содир бўлгани ҳақида гап кетса, аввало, ўша оиладаги муҳит ўрганилади, – дейди СамДУ психология кафедраси катта ўқитувчиси, амалиётчи психолог Абира Баҳромова. – Ота-онанинг маънавияти  етарли даражада шаклланмаган, оилада соғлом муҳит бўлмаган, психологик мувозанат меъёри бузилган вазиятлар кузатилган хонадонда  кемтикликлар бўлади. Дейлик, оилада ота доимий равишда аёлига қўл кўтарса, бола буни нормал ҳолат сифатида қабул қила бошлайди. Бу масаланинг тарбиявий томони. Руҳий жиҳатдан эса, бола онгида фалажлик юзага келади. Бу  пайтда у онаси томонда бўлади ва қалбида дунёга нисбатан нафрат уйғонади.

Бундай оилада ўсган қиз бола ҳам ушбу ҳолатни нормал қабул қилиб, кейинчалик ҳаётида шундай воқеа рўй берса, ҳаммасига чидаб яшаш керак, деган фикрда собит қолади. Психикасида эса жиддий нуқсонлар урчийди, ички «мени» шаклланмай қолади. Янада ачинарлиси, у келгусида турмуш ўртоғига ҳам бахт беролмайди. Алоҳида таъкидлайман, биз зўравонликни кўриб улғайиш фақат ўғил болаларга ёмон таъсир қилади, улар келгусида ўз аёлига шундай муносабатда бўлади, деб ўйлаймиз. Аслида бу қиз бола учун ҳам  жиддий зиён. Яъни у турмушга чиққач, оиладаги муҳит сабаб ўз шахсиятини шакллантиролмайди ва умр йўлдошига ҳам етарлича бахт беролмайди. Бу эса пировардида унинг ҳам қуюшқондан чиқишига сабабчи бўлади.

Келинг, шу ўринда зўравонлик тушунчасига кенгроқ тўхталайлик. Зўравонлик жисмоний, руҳий, жинсий, иқтисодий таъсир ўтказиш ёки шундай таъсир ўтказиш орқали инсонлар ҳаёти, соғлиғи, жинсий дахлсизлиги, қадр-қиммати ва қонун билан ҳимоя қилинадиган барча эрк ва ҳуқуқларига тажовуз қилиш демакдир. Молиявий чеклаб қўйиш, яъни ҳаёт учун зарур элементар моддийлик таъминланмаса, иқтисодий босим дейилади. Руҳий босим ўтказиб, камситиб, лақаб қўйиб, инсон ўрнида кўрмаса, бу – психологик зўравонлик ҳисобланади. Жинсий эҳтиёжларини ноанъавий тарзда қондириш, болалар  номусига тегиш, калтаклаш ва ҳоказолар жисмоний зўравонликлар сирасига киради.

Кўпинча биз эркакларни зўравонликда айблаб, айюҳаннос соламиз. Агар туб илдизига боқсак, биринчидан, у болаликдаги қалб жароҳатлари асорати (оиладаги ноқисликлар, носоғлом муҳит, жанжал бўлмаса-да, аммо ота-она беэътибор, бемеҳр бўлган оилада улғайган болалар),  иккинчидан, она боласи қалбига ўз вақтида йўл топа олмагани, унга меҳр кўрсатмагани оқибати эканлиги аёнлашади.

Аёллар зўравонлиги жисмоний бўлмайди, лекин таъсири ўта кучли. Яъни эркак кишини тушунмаслик, унинг руҳиятига доимий равишда таъсир кўрсатиш бир кунмас бир кун вулқон бўлиб отилиши мумкин. Қолаверса, баъзи кичик келишмовчиликлар асносида ҳам аёллар болани қурол қилиб олишига  боғлиқ ҳолатлар кузатилади. Шундай экан, баъзи идоралар вакилларининг «Биз ҳар қандай ҳолатда ҳам оналар тарафидамиз», дейишлари бир ёқлама фикр юритишдир.

Қизларни оилага тайёрлаш деганда, биз фақат уларни рўзғор юмушларини бажаришга ўргатиш билан чекланмай, дунёқарашини кенгайтиришга ҳам кўпроқ эътибор қаратишимиз керак. Мен дунёқараши кенг, ҳунари, илми бор аёллар оилада муаммога дуч келса, вазиятдан чиқиб кетишнинг ўнлаб усуллари ҳақида бош қотиришини жуда кўп кузатганман. Аммо қўлига китоб ушламаган, оилани фақат яхши таом тайёрлаш, эр ва қайнона хизматини қилиш деб тушунган қизлар зўравонликка чидаб юради ёки ўзига, фарзандига жисмоний ва руҳий шикаст етказади. Бундай аёллар турмуш ўртоғини ҳам бахтсиз қилади.

Ечим бор, самараси-чи?

Яқинда «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унда таъкидланишича, бугунги кунда ҳуқуқни қўллаш амалиётида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш билан боғлиқ масалаларда бир қатор муаммолар мавжуд. Хусусан, хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларига дахл қилувчи жиноий қилмишлар учун мутаносиб санкциялар белгиланмаган, хотин-қизларни шилқимлик ва зўравонликдан ҳимоялашнинг ҳуқуқий кафолатлари мавжуд эмас, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган шахсга давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордернинг амал қилиш муддати (ўттиз кун) хотин-қизлар ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини етарли даражада таъминлаш имконини бермайди.

– Эндиликда бу турдаги ҳуқуқбузарликлар янада аниқроқ квалификация қилинган ҳолда, аниқроғи, оила аъзоларига нисбатан жисмоний зўравонлик ишлатилиши, шилқимлик қилиш, маиший зўравонлик, болалар, вояга етмаган қизларга нисбатан турли жинсий тажовуз ва бошқа ҳолатлар аниқ белгиланиб, жазо чоралари  янада қатъийлаштирилди, – дейди адвокат Замира Ишанова. – Ушбу ўзгаришлар жамиятда шаклланган «Бир-икки шапалоқ билан ҳеч нарса бўлмайди. Эрнинг таёғини емаган хотин борми?» каби тушунчаларга барҳам беришда муҳим аҳамият касб этади. Янги тартиб-қоидаларнинг амалиётда адолатли қўлланилиши одамларда оиладаги зўравонлик тушунчасига нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиради. Бирор-бир давлат оиладаги зўравонликни қатъий қонунчилик нормаларисиз амалга оширмаган, бунинг имкони ҳам йўқ.

Ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, бир неча йиллар давомида доимий равишда жисмоний зўравонликка учраб келган аёллар орасида охир-оқибат эрининг ҳаётига нуқта қўйишга уринганлари ҳам учраган. Афсуски, уларга жазо тайинлашда ўзлари мунтазам таҳқирлангани, руҳий ҳолати мувозанатдан чиқиб кетгани эътиборга олинмайди. Чунки бу аёллар ҳеч кимга мурожаат қилмаган, оиладаги зўравонликдан баъзи қариндошларидан бошқа ҳеч ким хабар топмаган.

Қонунчиликдаги хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш масаласидаги ўзгаришлар маиший зўравонликка ҳам қатъий жазо чоралари белгилангани билан аҳамиятлидир. Эндиликда тегишли ташкилотлар ҳамкорлигида бу масалалар жойида ҳал этилса ва адолатли ечим топса, йиллар ўтиб, айни турдаги ҳуқуқбузарликлар анча камаяди.

Тўғри, соҳадаги ўзгаришлар ижтимоий тармоқларда, айниқса, кучли жинс вакиллари ўртасида бироз киноя билан қабул қилиниб, «Энди хотинини урганга фалон йил, ўлдирганга писмадонча йил» қабилидаги луқмалар ташланди. Агар экспертлар фикрига таянсак, оиладаги зўравонлик, биринчи навбатда, ўғил болалар ҳаётига салбий таъсир кўрсатади, улар вояга етганларида ҳам  ўз ҳаётларини кемтик  ҳолда ҳис қилишади  ёки зўравонликка мойил бўлишади. Ҳаётда учрайдиган кўп иллатлар эса жамиятнинг кичик бўғини – оиладан бошланади. Биз бу иллатларга иссиғида чек қўйишимиз шарт!

Гулруҳ МЎМИНОВА