Сўнгги йилларда Олий таълимда ўзига яраша яхши ўзгаришлар бўлди. Кам таъминланган ва боқувчисини йўқотган оила қизлари учун алоҳида квоталар, магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт тўловини тўлаб бериш, айниқса, 7 йилдан кейин тўлаш шарти билан берилган таълим кредитлари….
Аммо таълим бўйича эксперт, тадбиркор Бектош Ҳатамовнинг ёзганларидан ёшларимизга кўп қулайлик ва имконият берилаётганига қарамасдан, уларнинг орасида дангасалик синдромига учраган, лоқайд ёшлар ҳам кўп эканини пайқайсиз.
Экспертнинг ёзишича, кеча Миллий университетда ишлайдиган бир ўқитувчи 112 нафар тўртинчи курс талабаларидан ДАК (давлат аттестация комиссияси)нинг якуний назоратига кириш учун атиги 66 нафарига рухсат берилганини айтган.
Асосий сабаб: шартномани вақтида тўламаган, баъзи фанлардан қарздорлиги бўлган. Энди рухсат этилмаган талабалар учун кейинги йил алоҳида комиссия ташкил этилади ва уларга кейинги йил диплом берилади.
Улар орасида ишга кирмоқчи бўлганлар, магистратурага топширмоқчи бўлганлар ҳам бор.
Энг қизиғи, хотин-қизларнинг магистратура учун тўланадиган шартнома пули давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланган, энди ана шу магистратурада ўқиётган хотин-қизларнинг кўпчилиги ўша давлат томонидан бериладиган шартномани ҳам вақтида расмийлаштиришмаган.
Сенга давлат шартнома пулингни тўлаб бераман, деб турибди, лекин сен шуни вақтида расмийлаштирмаганинг учун имтиҳонга киритилмай бир йил умрингни кутиш билан ўтказасан.
Бундан ташқари, ўтган йилдан бакалаврда ўқиётган талабалар учун таълим кредити ҳам ажратилган, бунинг учун сал кам 1 триллион пул шунга йўналтирилган. Лекин ёшлар лоқайдлиги сабаб шу таълим кредитини ҳам олмасдан шартномани тўлашмаган.
Шу давргача давлат бу даражада катта пулни ўқиш учун ажратмаган эди, мен таълимда сал кам йигирма йилдан бери фаолият юритаётган бўлсам, ҳали бунақа имкониятларни кўрмаганман.
Шундан ҳам фойдаланмаса, яна нима қилиш керак, ўртоқлар, — дея сўзларини якунлайди, Бектош Ҳатамов.
Илгари хорижлик талабаларда имконият кўплиги, аммо ўқиш иштиёқи яхши эмаслиги, Ўзбекистондан борган талабалар ҳаракатчалиги билан яхши натижа кўрсатишини мақтаниб ёзардик.Энди эса юртимизда улар учун шароитларни кенгайтирсагу, талабаларнинг бунга муносабати, ўқишга масъулияти акс натижа кўрсатса қандай афсусланарли ҳол.
Кўзингизни каттароқ очинг ёшлар. Ўзингизни ҳам, вақтингизни ҳам совурманг!
