Шу кунларда Андижон-Куйганёр йўналишида Избосканга кириб келишингиз билан бетондан қилинган стакансимон тувакларни кўриб ҳайратланишингиз тайин. Чунки бу гултуваклар бепарволик сабаб ачинарли аҳволга келиб қолган.
Қаровсизликдан янтоқ ўсиб ётган бу каби ачинарли манзара ҳар қандай одамнинг таъбини хира қилади.

Камига “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида катта йўл бўйига экилган кўчатларнинг қовжираб ётганлигини қандай тушунса бўлади? Бегона ўтлардан қутулиш мақсадида ўт қўйиб юборилаётганини-чи?

Афтидан, катта йўл бўйидаги ушбу нохуш ҳолатни мутасаддилар кўриб-кўрмасликка оляптилар, шекилли?! Ёки “Яшил макон”нинг избосканча “инновацион” усули шундаймикан?
Анваржон ҲАЛИМОВ
