Депутат “Афросиёб” тезюраридан яна сотиб олишни таклиф қиляпти

42

Унинг таъкидлашича, “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси ҳар куни Бухоро-Тошкент йўналиши учун ўртача 810 дона чипта сотяпти. Аммо бу етарли эмас. Масалан, биргина Бухоро вилояти аҳолиси (Самарқанд ва Навоийни ҳисобга олмаганда)нинг 0,1 фоизигина Тошкент сафарини ихтиёр қилса, бу 2 минг нафар йўловчи дегани. Хўш, бу муаммолар олдида қачонгача қўл қовуштириб турилади?

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев кейинги пайтларда “танқис чипталар” нафақат маҳаллий аҳоли, балки, айрим чет элликлар учун ҳам муҳокама мавзуси бўлаётганига эътибор қаратган.

“Модомики талаб катта экан, Темирйўллар миллий компаниямиз қўл қовуштириб ўтирмасдан, “мижоз ҳамма нарсадан устун” тамойилини амалда рўёбга чиқариш учун барча зарур чораларни кўриши лозим. Бунинг учун биринчи галда, зудлик билан “Афросиёб” поездларининг сонини кўпайтириш керак”, – дейди у.

Депутатнинг “оддий ҳисоб-китоб”ига кўра, ҳар куни Тошкентдан Бухорога 3 та “Афросиёб” поезди қатнайди. Битта поездда 9 та вагон бўлса ва уларнинг ҳар бири ўртача 30 кишини сиғдирган тақдирда 1 та поездда жами 270 киши, 3 та поездда эса 810 киши бўлади. “Афросиёб” поезди Бухорога етиб боргунча Самарқанд ва Навоий шаҳарлари бекатларида ҳам тўхтаб ўтишини ҳисобга олиб, 810 кишини учга тақсимлаш тўғрироқ. Шунда Самарқанд, Навоий ва Бухоронинг ҳар бирига 270 кишидан тўғри келади. Демак, “Афросиёб” поездлари ҳар куни максимум 270 кишини Тошкентдан Бухорога олиб келиши мумкин.

“Энди мавжуд эҳтиёжни тахминий ҳисоб-китоб қилиб кўрамиз, – дейди депутат. – Бухоро вилоятининг аҳолиси 2 млн кишини ташкил қилади. Шундан атиги 0,1 фоизи Тошкентга бориб келишга эҳтиёжи бор, дейлик. Бу 2 минг кишига тенг бўлади. Бухорога сафар қилаётган бошқа фуқароларимиз ва чет эллик сайёҳлар сонини ҳам тахминан шунча деб олсак ва бунга қўшсак, 4 минг киши бўлади. Демак, ҳар куни Тошкентдан Бухорога бориш учун 4 мингта билетга эҳтиёж мавжуд.”

Юқоридаги ҳисоб-китобларга кўра эса “Ўзбекистон темир йўллари” кампанияси томонидан сотилаётган билетлар сони эса атиги 270 тани ташкил этади. Бу эса талаб ва таклиф ўртасидаги каттагина тафовут мавжудлигини кўрсатади.

“Билишимча, бошқа шаҳарлар, хусусан, Тошкент – Қарши йўналишидаги аҳвол ҳам бундан яхшироқ эмас.
Ҳар 2 соатда 1 та поезд қўйилсагина эҳтиёжни сал-пал қондириш мумкин”, – дейди у ўз фикрини якунлаб.