Тошкент — Чорвоқ йўналиши бўйича автобус қатнови йўлга қўйилгани юртдошларимиз учун яхши янгилик бўлди. Бугун Транспорт ҳамда Маданият ва туризм вазирликлари ҳамкорлигида журналистлар учун айнан шу йўналишда сайёҳлар учун яратилаётган шароитлар билан таништириш ва бир нечта меҳмон уйларининг очилиш маросимида иштирок этиш учун пресс-тур ташкил этилди.
Тошкент — Чорвоқ қатнови учун YUTONG автобусида 75км.лик масофани босиб ўтган йўловчи сифатида айтадиган бўлсам, енгил автомобилга нисбатан автобусда Чорвоққа келишнинг бир қанча қулайликлари бор экан. Аввало, автобус салони салқин, қулай, кенг. Саёҳатга бораётганлар ўриндиқларни ўзига мослаштириб, дам олиб кетиши мумкин. Табиат манзарасини томоша қилишга иштиёқмандлар Чорвоққа етиб келгунга қадар «Янги Ўзбекистон» боғи, Чирчиқ, Ғазалкент шаҳарларининг жанубий қисми, Қоранқул ва Ҳожикент қишлоқларининг гўзал манзараларини томоша қилиб келишлари мумкин. Табиат гўзаллиги, кўм-кўк тиниқ сувлар йўл-йўлакай одамнинг кайфиятига кўтаринкилик бағишлайди. Бир ҳафта олдин худди шу манзилга енгил автомобилда келган сайёҳ сифатида менга автобусда келиш кўпроқ ёқди. Чунки енгил автомобилда табиат гўзаллигидан тўлиқ баҳраманд бўлишнинг имкони йўқ. Қолаверса, автобусларнинг йўлкира нархи ҳамёнбоп. Энг асосийси, шу йўналишда қатнаётганлар учун бу қулайлик айни муддао бўлди.

— Ҳар куни Чорсудан Ҳожикент қишлоғига қатнайман. Ишхонам шу ерда, — дейди Абдулла Акобиров. — Бир ҳафтадан буён шу автобусда қатнаяпман. Кондиционери бор, ичи кенг ва шинам, нархи арзон. Автобусларнинг қўйилгани узоғимизни яқин қилди.
Автобуслар «Машинасозлар” метро бекати – Чорвоқ» йўналишида ҳар куни учта график асосида ҳаракатланади. Қатнов масофаси 75 км бўлган йўналишда йўловчилар белгиланган манзилга 1 соат 10 дақиқада етиб боради.

Автобуслар «Машинасозлар» метро бекатидан соат 7:00, 13:00 ва 18:00 да жўнайди. Чорвоқдан эса 6:00, 11:00 ва 16:00 ҳаракатланади.
Қатновлар «Uzautotrans servise» корхонасининг Yutong автобусларида амалга оширилмоқда. Ушбу йўналишда йўлкира нархи 15 000 сўм этиб белгиланган.
Зебо НАМОЗОВА,
ishonch.uz
