Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Қорақалпоғистон Республикасидаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан 120 нафар хотин-қизлар фаолининг Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятига саёҳати уюштирилди.
Тошкент Жанубий вокзалида кутиб олинган саёҳатчилар пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойлар, хусусан, «Ғалаба боғи» ёдгорлик мажмуаси, «Magic City» кўнгилочар боғи, «Tashkent City» ҳамда «Янги Ўзбекистон» боғи билан танишишди.


Шундан сўнг улар Бўстонлиқ туманидаги замонавий дам олиш масканига йўл олишди. Меҳмонлар бу масканда бир неча кун давомида саломатликларини тиклаб, мазмунли дам олиш имконига эга бўлишади.

Тадбирлар давомида улар кам таъминланган, эҳтиёжманд хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, жумладан, «Аёллар дафтари» тизимини юритиш мавзусида семинарда иштирок этиб, тажриба ва малакаларини оширадилар.
Мадина Пўлат қизи
Ishonch.uz
