«Карнай-сурнай билан қарши олишларини кутмагандик» – қорақалпоқ аёллари Тошкент сафари ҳақида

113

Бир гуруҳ қорақалпоғистонлик фаол хотин-қизлар яқинда Бўстонлиқ туманидаги замонавий дам олиш масканида бўлиб қайтдилар.  Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан амалга оширилган ушбу тадбир Қорақалпоғистондан келган аёллар шодлигига шодлик улашди десак, адашмаймиз.

Сафар мобайнида қорақалпоқ аёллари сўлим Бўстонлиқда  жойлашган «Livingstone» дам олиш масканида 3 кун  ҳордиқ чиқаришди.  Шунингдек, улар иштирокида  «Чиноркент» дор йўлига экскурсия уюштирилди.

Тоғнинг энг баланд чўққисига чиқиб,  эсдалик учун суратга тушган аёллар бир умрга муҳрланадиган хотиралар ва саёҳат таассуротлари ҳақида тўлқинланиб сўзладилар.

  – Саёҳатни ташкил этган касаба уюшмасига катта раҳмат. Тўғриси, бизни карнай-сурнайлар билан қарши олишларини кутмаган эдик.  Ўзбекистоннинг энг сўлим боғларида бўлдик. Пойтахтдаги кўп жойларни сайр қилдик, Бўстонлиққа келиб ҳам ҳали чарчоқни сезмаяпмиз, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Беруний тумани Лолазор маҳалласи фаоли Тамара  Ёқубова.

Кечки тадбирларда эса  хотин-қизлар учун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар: Алишер Файз ва Мелина Мадмусаеваларнинг махсус концерт дастури ташкил этилди. Кун якунида қорақалпоғистонлик меҳмонлар «Тошкент жанубий вокзали»дан  Нукусга кузатиб қўйилди.

Мадина Пўлат қизи, Ishonch.uz. 

Суратлар муаллифи Эъзоза Умурзоқова