АДЛИЯ: йўл белгиларини ўрнатишда шаффофлик йўқ

59

Бугун Адлия вазирлиги томонидан йўл белгиларини ўрнатиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишга доир қонун лойиҳаси юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Журналистларни  қизиқтирган саволларга масъуллар жавоб беришди.
Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Фурқат Тожиев:

— Йўл белгиларини ўрнатиш билан боғлиқ муносабатлар таҳлил қилинганда кўпгина муаммолар аниқланди. Биринчидан, қонунчиликда йўл белгиларни ўрнатишнинг ҳуқуқий асослари, уларни амалга ошириш тартиби ва механизмлари аниқ белгилаб берилмаган. Натижада, жойларда ҳуқуқни қўллаш амалиёти турлича шаклланган бўлиб, йўл белгиларини тегишли асосларсиз ўрнатиш ҳолатлари мавжуд. Мисол учун, биринчи инстанция маъмурий судлари томонидан 2022 йил давомида туман ва шаҳар ҳокимларининг йўл белгиларини ўрнатиш тўғрисидаги 5 та қарори бекор қилинган. Иккинчидан, тақиқловчи йўл белгилари йўл ҳаракати қатнашчиларини олдиндан хабардор қилмасдан ўрнатилмоқда.
Маълумотларга кўра, йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида ҳар йили ўртача 7 млндан ортиқ турли қоидабузарлик ҳолатлари кузатилмоқда. Ўз навбатида, йўл белгилари ўрнатилиши тўғрисида жамоатчилик олдиндан хабардор қилинмаслиги сингари омиллар қоидабузарликлар сонига таъсир қилмасдан қолмайди.
Бундан ташқари, йўл белгилари ўрнатилишида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратини олиб бориш учун етарлича шарт-шароит яратилмаган. Хусусан, йўл белгиларининг реестрини юритиш ва дислокациясини эълон қилиб бориш амалиёти мавжуд эмас.
Хорижий давлатлар тажрибасига кўра, йўл белгиларининг реестри шакллантириб борилади ҳамда уларнинг жойлашган жойи бўйича дислокацияси очиқ эълон қилиниши таъминланади. Бунда, йўл белгиси тегишли реестрга киритилмаган бўлса, у ноқонуний ўрнатилган ҳисобланади ҳамда ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди.
Эндиликда қонун лойиҳаси асосида тақиқловчи йўл белгилари ўрнатилишидан камида 20 кун олдин бундай қарор қилиш сабаблари ҳақида жамоатчилик маҳаллий ижро ҳокимияти органининг тегишли расмий интернет саҳифалари ва оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилинади.  Қолаверса, йўл белгилари реестри шакллантирилади ҳамда реестрга киритилмаган тақиқловчи йўл белгилари ҳуқуқий оқибат келтириб чиқармайди. Йўл белгиларининг дислокацияси онлайн тарзда эълон қилиб борилади.

ishonch.uz мухбири  ҳам  матбуот анжуманида иштирок этди.

—  Жамоат транспорти учун ажратилган йўлакдан шахсий автомобилида  ҳаракатланаётган ҳайдовчилар  ҳам зарурат туфайли тўхташга мажбур бўлмоқда. Мана шундай ҳолатларда ҳам жарималарнинг келаётгани кўпчиликда норозилик кайфиятини пайдо қилмоқда. Бу борада ҳам ҳайдовчиларга енгиллик бериладими?
Мутасадди раҳбарнинг  саволга қандай жавоб берганини видео орқали кўришингиз мумкин.

Қонун лойиҳасининг асосий мақсади йўл ҳаракати хавфсизлиги таъминлашда очиқлик ва шаффофликни таъминлашдир. Лойиҳада белгиланаётган масалалар йўл ҳаракати қатнашчиларининг барчасига, шу жумладан жамоат транспортига ҳам таъсир кўрсатади. Яъни йўл ҳаракатининг қатнашчилари йўл ҳаракати шартлари ва ҳаракат режими ҳақида олдин маълумотга эга бўлган ҳолда ҳаракатланиши мумкин бўлади.
Умуман олганда “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги Қонуннинг аcосий элементи фуқаролар ҳаёти ва соғлиғи муҳофаза этилишини таъминлаш ҳисобланади. Жамоат транспортини ривожлантиришга келсак, яқинда алоҳида қарор қабул қилинди. Унга биноан автобуслар  учун махсус  йўлаклар ажратиш  масаласи кўриляпти. Яъни нафақат автомобил ҳайдовчиларига тааллуқли, асосан пиёдаларнинг йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонунчиликни такомиллаштириш йўлида ишлар олиб бориляпти. Белгилаб берилган умумий концепция ҳам шундан иборат.

Феруза РАҲИМОВА,
ishonch.uz