Бугун жуда кўпчиликнинг бўйнида кредит. Кимдир уй-жой олиш, қурилиш ёки таъмирлаш учун банкдан қарз олса, бошқа биров автомобиль, яна кимдир истеъмол кредити асосида рўзғорига зарур техникаларни сотиб олишни мўлжаллайди. Ҳар қадамда автокредит, кредит эвазига ва муддатли тўлов асосида савдо қилувчи дўконлар ва дўконлар тармоғининг кўпайиб бораётгани ҳам шундан, аслида.
Келинг, сўзимизни автокредитдан бошлай қолайлик. Aмалдаги қонунчиликка кўра, мамлакатимизда монополияга йўл қўйилмайди. Бироқ бу талаб “Ўзавтомоторс”га тегишли эмас. Автомобиль учун тўловни 100 фоиз олдиндан тўлаган фуқаронинг бир неча ой, ҳатто йиллаб кутишини дунёнинг бошқа давлатларида учратмасангиз керак. Боз устига, “миллий маҳсулот” нархи ҳам ҳамёнбоп эмас. Шундай экан, уловга эга бўлишнинг ягона йўли – маълум миқдордаги бошланғич тўлов (10, 20-25 ёки 30 фоиз)ни амалга ошириб, бир-икки кун ичида автомобиль миниш! Лекин 1 йилдан 7 йилгача муддатга расмийлаштирилган автокредит отнинг калласидек фоиз (24-28 фоиз) “туғиб”, аҳолини қийнаб қўйиши турган гап. Ваҳоланки, чет давлатларда бошланғич тўловнинг минимал миқдори 4, максимал миқдори эса 30 фоизни ташкил этади. Энг муҳими, кредитнинг минимал фоизи 2,4, юқориси эса 18,5 фоиз этиб белгиланган. Ҳисоб-китоб қилинса, Ўзбекистонда энг кам автокредит фоизи учун ҳам ҳар ой камида икки-уч миллион сўм тўлаш керак бўлади. Ўртача ойлик оладиган фуқаронинг бу пулни тўлаши даргумон. Шу ўринда “тўлашига кўзи етса, олсин-да” дея эътироз билдиришингиз мумкин. Бироқ аҳолининг фаровон турмуши ҳақида гапирилади-ю, нега банкларнинг фоиз ставкалари баландлиги ҳақида ҳеч ким лом-мим демайди? Aфсуски, Марказий банк бу борада сукут сақлашни афзал кўради. Фоизлар ошса ошяптики, пастлагани йўқ.
Бугун юртимизда 30 дан ошиқ банк фаолият олиб боряпти. Ҳар биримиз қайсидир бир банкнинг мижозимиз. Бироқ “Нима учун айнан шу банкни танлагансиз?” деган саволга аниқ жавоб бера олмасак керак. Боиси, барча банкларда хизмат кўрсатиш сифати, тарифлар, фоиз ставкалари деярли фарқ қилмайди. Шу туфайли банклар ўртасида рақобат йўқ десак, хато бўлмас.
Банкларда ҳозир микроқарз оммалашаяпти. Бироқ унинг бериладиган суммаси микро, фоизи эса макро.
“Ўзбекистон Республикасининг Марказий банки тўғрисида”ги қонунга кўра, Марказий банк тижорат банклари устидан назорат қилади. Шунингдек, қонуннинг 29-моддаси “Марказий банкнинг пул-кредит операциялари бўйича фоиз ставкалари” деб номланиб, унда “Марказий банк ҳар хил турдаги пул-кредит операциялари бўйича бир ёки бир нечта фоиз ставкасини белгилаши мумкин. Марказий банк амалга оширилаётган пул-кредит сиёсати доирасида бозор фоиз ставкалари даражасига таъсир кўрсатиш учун фоиз сиёсатини қўллайди”, дея келтирилган. Шундай экан, нима учун хорижий мамлакатларда фоиз ставкалари паст, кредит олиш қулай. Аммо бизда бу бир дунё ҳужжат, кафиллик, оворагарчиликдан кейин ҳам катта фоизли кредит олиш шунчалик мушкул?
Ўзбек топганини тўйга сарфлайди, уй-жой қуради. Кимдир борини тўплаб, амалласа, бошқа биров қарз-ҳавола қилади. Бугун тижорат банклари томонидан аҳолига иккиламчи бозордан уй-жой сотиб олиш, таъмирлаш учун кредитлар ажратиш йўлга қўйилган. Бироқ бу ҳам бир борганда битадиган иш эмас. Маълум бўлишича, жараён икки босқичда кечади. Биринчи босқичда ҳужжатлар тўпланиб, давлат хизматлари марказидан таъмирланадиган, қуриладиган уй-жойнинг кадастр ҳужжатига ҚР-код олиш керак. Кредит чиқариб берилган тақдирда ҳам биронта қурилиш фирмасига, қурилиш дўконининг ҳисобрақамига тушириб берилади. Ушбу масалада маълумот тўплар эканмиз, шахсини ошкор қилишни истамаган банк мижози дардини тўкиб солди:
– Ким уйини фирмага қурдиради? Ким болор, рейка, тахта, шифер, мих… бало-баттарларни дўкондан олади? Ахир, бозор арзон-ку? Камига уй қурилиши учун лойиҳа-смета қилдириш керак экан. Ахир лойиҳа-сметани қилдиришга ҳам, менимча, нари-бери 2 миллион сўм кетади. Экспертиза хулосаси, баҳолаш яна харажатми? Кадастрни қайтадан қилдир, сметачига бор, пудратчи топ, дўкон қидир, баҳолашга чоп, архитектурани топиб, розилик хати ол… Эҳ-ҳе… Ўзи ойлиги кам одам қурилиш, таъмирлаш ишларини қилишга қийналиб, кредит олади. Унинг ойлиги етмаса, нима қилсин? Пули кўп одам шундоғам қурилиш қилаверади-да! Боз устига, амаллаб тўлашни кўзлаб кредит олаётган одам дастлаб кредит миқдорининг 15 фоизини тўлаши, 20 йилга йиллик 18 фоиз билан тўлаши керак. Бу “Халқ банки”даги ҳолат. “Ўзсаноатқурилишбанк”да реконструкция учун кредит 17 фоиз экан. Лекин пишиқ ғиштдан қурилган иморатни “залог”га қўйиш талаб қилинаркан.
Маълумки, жорий йилнинг 1-мартидан бошлаб фуқароларга субсидиялар бериш йўлга қўйилди. Мазкур маблағлар фақатгина уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакат ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги бошқа Ўзбекистон фуқароларига ажратилиши белгиланган. Бироқ субсидия ариза топширган ҳар бир талабгорга берилади, дегани эмас. Бунинг учун бир қатор талабларга жавоб бериш лозим. Яъни масъул органлар вакилларидан шакллантирилган махсус комиссия ариза берувчиларга мезонлар бўйича балл беради. Шу ўринда савол туғилади: масъул органлар ким? Масъул органлар ички ишлар бўлими, молия бўлими, давлат солиқ инспекцияси, бандликка кўмаклашиш маркази, кадастр корхонаси, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман (шаҳар) ҳокимликлари, иштирок этувчи тижорат банклари ҳисобланади. Буларнинг барчаси ариза берувчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ҳаққоний эканини текшириш учун керак.
Балл тўплаш учун мезонларга талабгор ва (ёки) унинг оиласининг даромади (шаҳар ва қишлоқ жойлари учун алоҳида кўрсаткичлар белгиланган), турар-жой мақоми (ижара ёки шахсий мулк), ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлганлар (меҳнат мигрантлари, етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, ёлғиз аёллар ва ҳоказо), шунингдек, оилада ногиронлиги мавжуд бўлган шахслар инобатга олинган.
Демак, субсидия олиш учун ҳужжатларни кўтариб, идорама-идора югуришга тўғри келади. Бундай дейишимизга сабаб бор. Боиси, аризачи ва оила аъзоларининг даромади ҳисобга олинади, ундан тўланадиган солиқ ва тўловлар ҳам эътибордан четда қолмайди. Бироқ ушбу мажбурий тўловларнинг ўз вақтида ва тегишли манзилга етиб бормагани сабаб субсидия учун аризаси рад этилган ҳолатларга ҳам гувоҳ бўлдик. Дейлик, ходим субсидия учун берган аризаси рад этилгани сабабини билиш учун мурожаат қилганда, ойлик иш ҳақи киритилмай қолгани, шунингдек, жамғариб бориладиган пенсия учун ҳам тўлов қилинмагани иддао қилинди. Aризачи иш жойидаги бухгалтерига келиб вазиятни тушунтирганида, пенсия тўловини териб қўйгани, солиқ орқали тегишли ташкилот тортиб олиши кераклигини айтади. Энди ходим бу вазиятда нима қилиши керак? Бухгалтерга айтса ҳам, масъул ташкилотга айтса ҳам, иккиси ўзидан соқит қилишга уринади. Субсидия учун ариза берган фуқаро эса шундай икир-чикирлар билан аралашиб, мақсадига етолмай қолиб кетаверадими?
Кимга қанча миқдорда субсидиялар ажратишни ҳал қиладиган КОМИССИЯ томонидан шундай камчиликларга йўл қўйилгач, аҳоли додини кимга айтсин?
Масъул ташкилотлар кредит фоизларини аҳолининг даромадидан келиб чиқиб белгилашса, мақсадга мувофиқ бўларди. Aгар қулай ва кам фоизли кредитлар сони кўпайса, аҳолининг ундан фойдаланиш салмоғи ортиб, фойда кўпроқ бўлар эди, назаримизда.
Гавҳар СAЙДУЛЛAЕВA



