Лой кечиб мактаб қурган ЎҚИТУВЧИ

116

Шерзодхон Қудратхўжани ўқитган  устоз билан суҳбат
Инсонни ўз умрининг меъмори, дейишади. Шу маънода бизга туҳфа этилган ҳар лаҳзани қадрлаб, эзгулик сари интилсак, умримиз беҳуда ўтмайди.

Қаҳрамонимиз Санобар Шамсиева ҳам мазмунли умр кечираётган инсонлардан бири. Устоз онахон яқинда 90 ёшини қаршилади. Аммо ҳамон фикрлари теран, ҳаётга, янгиликка чанқоқ. Ҳатто шу ёшда ҳам китобни кўзойнаксиз бемалол  ўқишига кишининг ҳаваси келади.

Умрини таълимга бағишлаган бу зиёли аёлнинг илм, тарбия ва ҳаёт ҳақидаги фикрларида бугунги авлод учун ҳам катта сабоқ бор. Шу боис табаррук онахон билан суҳбатлашдик. Дастлаб ундан меҳнат фаолияти ҳақида сўрадик.

– 1948-1952 йилларда хотин-қизлар техникумида ўқидим. Уни имтиёзли тугатгач, педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетида имтиҳонсиз ўқишга қабул қилиндим.

Турмушга чиқишим қизиқ бўлган. Иқтисодиёт назарияси фанидан дарс берадиган ўқитувчимизнинг олдига келсак, икки нафар аспирантдан имтиҳон олаётган экан. Ўша куни улардан бири мени кўз остига олибди. Кейин манзилимни топиб, совчи жўнатибди. Тақдиримиз қўшилган экан, тез орада тўйимиз бўлди. Бир йилдан кейин Фотима-Зуҳрам туғилди.

1957 йили бир ёшли қизларимни қайнонамга топшириб, Тошкент шаҳридаги 40-мактаб­­га ишга чиқдим. Меҳнат фаолиятим давомида ўз вазифамга ҳамиша сидқидилдан ёндашдим, болаларни севдим. Йиллар оша ўз устимда тинимсиз ишладим. Фурсати келиб, 186 мактабга раҳбар этиб тайинландим.

– Ўзингиз раҳбарлик қилган ўша мактаб қурилишида иштирок этган экансиз…

– 1980 йили мактабимиз янгидан қурила бошланди. Усталар билан тенгма-тенг  ишлаб, ғишт терардим. Уйга қайтаётганимда бекатда турсам, ҳамма менинг чанг босган уст-бошимга қарарди. Болалар қайтадан қад ростлаган бинода ўқий бошлашганида  қанчалар қувонганимни тасвирлаб бера олмайман. Энг муҳими, мен касбимни жуда-жуда севардим. Мактабимиздаги педагогларнинг барчаси ўз ишининг устаси эди. Ҳеч ким номигагина дарс ўтмасди.

– Моҳир педагог қандай бўлиши керак?

– Аввало, меҳрли бўлиши лозим. Болаларга меҳр қўйган одамгина улар билан тиллаша олади. Болани севмай туриб, уни тушуниб бўлмайди. Ўқувчиларнинг  шароити, муҳити ҳар хил бўлади. Масалан, педагог синчков бўлса, нотинч оилада ўсаётган болани нигоҳидан ажратиб олади. Бугун ўқитувчилар ўқувчи танлайди, деган гапларни эшитиб қоламан. Бу ниҳоятда нотўғри. Устоз олдида барча ўқувчи баробар бўлиши лозим. Шундагина улар қалбида илмга рағбат уйғота олади.

– Бугунги таълим ҳақида фикрингиз?

– Ҳозир илм олиш учун кенг имкониятлар яратилган. Аммо ўқувчиларнинг билимга қизиқиши камдек, чамамда. Ҳозир ёшлар қайсидир тилни ўрганиб олса, ўшани ютуқ деб билади. Бизнинг давримизда барча фанлар мукаммал ўргатиларди. Болаларда репититорга бориш деган тушунча бўлмасди, 30 нафар ўқувчидан 20 нафари мактабда олган билими билан олий ўқув юрти талабаси бўларди. Бу таълим ҳақидаги фикрларим. Тарбия борасида эса анчагина аччиқ гапларим бор. Чунки таълимни тарбиядан ажратиб бўлмайди

– Таълимда талабчанлик муҳимми ёки эркинлик?

– Мен талабчанлик тарафдориман. Интизом биринчи ўринда бўлиши шарт. Назаримда, бугунги ёшларга кўп эркинлик берилиб, талабчанлик бироз етишмаяпти. Мен раҳбар бўлган мактабда 2 минг нафардан зиёд ўқувчи, 200 нафарга яқин педагог ишларди. Ўқув даргоҳимизда интизомга жиддий эътибор қаратардик. Шукрки, натижаси уялтирмади.

– Илгари ўқитувчиларнинг обрўси бугунгидан баланд бўлган, дейишади…

– Тўғри! Ўқувчи ўқитувчига тик боқиб, гап қайтармаган. Ҳозир ўқитувчига қўл кўтарганлар ҳақида эшитсам, дилим оғрийди. Мен ўқувчини урган ўқитувчини ҳам, ўқитувчини урган ўқувчини ҳам оқламайман. Устозлик – улуғ мақом. Унга доғ туширишга ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.

– Сизнингча, ўқитувчилик машаққатми ёки шараф?

– Шараф. Мактаб эса, муқаддас даргоҳ. Ота-оналар фарзандининг жажжи қўлидан тутиб, мактаб аталмиш таълим муассасасига олиб келади. Бамисоли ниҳолдек ўқувчиларни тўғри парвариш қилиб, илм сари оқилона йўналтириб, оқ-қорани танитиш ўқитувчига шараф бағиш­лайди. Таълим ва тарбия соҳасига кирадиган ҳар бир шахс ўз соҳасидан фахрланади. Бугун шогирдларимнинг ютуқларидан қувонаман. Шогирдларим тасодифан кўриб қолишганида, «Ассалому алайкум, устоз!» деб ҳол-аҳволимни сўрашса, бошим кўкка етади. Ёшларга таълим беришга бағишланган умрим беҳуда ўтмаганидан қувонаман.

«ISHONCH» мухбири
Феруза РАҲИМОВА суҳбатлашди