Ижтимоий тармоқларда ичимлик сувига автомобил ювган, бу сувдан томорқасини суғорган, уни кўчасига сепган фуқарога 3 миллион жарима белгилангани ҳақидаги хабар сиздирилди. Зўр-а! Ҳа, сув муаммоси жудаям долзарб, бизда сувни исроф қилмаслик маданияти қарийб йўқ даражада, аммо бу дегани битта жарима белгилаб бу муаммони бартараф этиш мумкин деганими? Менимча, бу жуда калта ўйловнинг натижаси. Ким айтади, шаҳардаги юзлаб автомобилларни ювиш шоҳобчасининг неча бири алтернатив сув тармоғига уланган? Ҳеч ким? Аслида унақаси борлиги эҳтимолдан йироқ. Ёки яна савол: Бу жарима орқали томорқалар, ҳовлилардаги дов-дарахтларни суғоришни тўхтатсак, натижа нима бўлади? Натижа янада қақроқ шаҳар пайдо қиламиз! Бундай қонунларни ўйлаб топганлар бошини мундай мантиқий ишлатишга қачон ўтишади ўзи-а?
Сувдан оқилона фойдаланиш давлат даражасидаги миллиардлаб маблағлар эвазига бунга замин ҳозирлабгина амалга ошиши мумкинлигини тушуниш шунчалар қийинми? Аввал маҳаллалар, хиёбонларга анҳор сувларидан тармоқлар тортинглар, токи ўзи шундоғам яшиллик даражаси пасайиб кетаётган шаҳарнинг эртаси кафолатлансин. Ичимлик сувини исроф қилиш ҳолатларига мисоллар миллионта, шуларни ўрганиб, кейин бир тўхтамга келинглар ахир барака топкурлар! Бунақа мантиқсиз ва бирёқлама қарорлар нафақат халқни норози қилади, аслида умуман ишламайди. Қачон Ўзбекистонимизда ҳам узоқни ўйлаб, чуқур таҳлил қилиб, одамларни хурсанд қиладиган, амалга ошиши реал бўлган ва жамиятга, халққа фойдаси тегадиган лойиҳалар пайдо бўлади? Шошма-шошарликка қачон чек қўямиз?



