«Азиз инсонларни тириклигида ҳам эъзозлашни ўрганайлик!»

90

Мамлакат эртаси ва тараққиётини ижодкорлар, истеъдодли кишилар белгилайди.

Президент Ли Куан Ю «Истеъдодли кишилар мамлакатнинг бебаҳо бойлигидир», деб айтганда, шубҳасиз, Сингапур тараққиёти формуласини назарда тутганди. Бироқ бугун Ўзбекистонда истеъдод соҳибларига эътибор ва муносабат кўнгилдагидайми? Ижодкорлари ҳорланган мамлакатнинг келажаги қандай бўлади?

Журналист Шарофиддин Тўлаганов Ishonch.uz сайтида айнан шу мавзуда эълон қилинган мақола юзасидан қуйидагича фикр-мулоҳазалар билдирди:

«Аниқ статистикани билмадим-у, ўзимнинг хомчўтимга кўра, ўтган асрнинг 30-йилларидаги қатағонда энг кўп зиёлилар Ўзбекистонда жабр кўрган. Тўғри, Муҳаммад Юсуф таъбири билан айтганда, уларни Сталин шахсан танимаган. Уларни ўз касбдошлари сотган. Нима демоқчиман? Куни кеча Ishonch.uz газетаси сайтида (Балки газетада ҳам босилгандир-у, кўзим тушмагандир) «Улуғларни борида қадрлайлик…» сарлавҳали мақола ёритилди.

Унда шундай деб ёзилади:
«Биз кўпинча яқинларимиз, устозлар ва фидойи инсонларни йўқотганимиздан сўнг кўпроқ ёдга оламиз, кўпроқ гапирамиз. Уларнинг ижод ва ҳаёт йўлини ибрат қилиб кўрсатамиз. Аслида буюк истеъдод соҳиблари ҳаётлик чоғларидаёқ катта бир мактаб, суҳбатлари ғанимат, амаллари ёрқин кўзгу мисолидир. Замонамизнинг жонкуяр инсонлари – эзгу ишлари билан эл-юрт дардига малҳам бўлаётган, ўз фароғатидан кечиб, тиниб билмай меҳнат қилаётган заҳматкашларини бугун эслашимиз, меҳримиз ва дил сўзларимизни уларга бугун айтишимиз, уларнинг ҳар бир қадами, босиб ўтган умр йўлларидан сабоқ олишимиз зарур».

Ҳозиргина ФБда таниқли журналист Тўхтамурод Тошев вафот этгани ҳақидаги хабарни ўқиб, Ishonch.uz даги ўша мақола ёдимга тушди.
Айтиб қўяй, мен Тўхтамурод Тошев билан юзма-юз бирор марта ҳам учрашмаганман. Ҳатто, у киши иштирок этган мажлисда ҳам қатнашмаганман. Аммо, телефонда бўлиб ўтган мулоқотимиз ҳамон эсимда.
У киши бир қатор кўнгилсизликларни бошидан кечириб, «Бозор ва истеъмолчи» газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлай бошлаган кезлар эди (йили аниқ эсимда йўқ). Бир куни газетада 1990 йилларнинг биринчи ярмида ёзилган, аммо бугунги кунга мутлақо мос келмайдиган ҳажвия босилди (мазмуни қуйидагича: оила аъзолари машина олиш мақсадида «капилка»га танга ташлаб, пул тўплашади. «Мушук»ни синдириб пулни санашганида, арзимаган пул бўлиб чиқади).
Газетанинг сўнгги саҳифасида кўрсатилган телефон рақамига қўнғироқ қилдим. Бир киши олди. Аввалига газетани мақтадим (ростданам, газета бозор мавзуда яхши мақолалар бериб борарди). Кейин юқоридаги ҳажвия бугунги замонга мос келмаслигини айтдим. «Бош муҳаррирингиз яхши инсон, зўр журналист. Одамларга фақат яхшилик қилади. Аммо муаллифни хафа қилмаслик учун ҳажвияни босган бўлса керак. Ахир, ҳажвияни ўқиб, қаерда кулишни билмаймиз-ку. Қолаверса, ҳозир ҳеч ким «Капилка»да пул тўпламай қўйган-ку», дедим.
Суҳбат зўр бўлди. Пировардида Тўхтамурод Тошевга салом айтиб қўйишларини сўраб, гўшакни қўйдим. Орадан бир кун ўтдими ё икки кунми, ҳамкасбларимдан бирига бўлган воқеани айтиб бердим. «Ия, бу газетада Тўхтамурод акадан бошқа хеч ким ишламайди. Газетани фидойилик билан фақат у кишини ўзи чиқаради», деб қолди у.
Ўшанда билдимки, Тўхтамурод ака ўта фидойи, ўта маданиятли инсон экан. Кейин «Бозор ва истеъмолчи» чиқмай қўйди (тўғриси, бизга келмай қўйди). Тўхтамурод аканинг кейинги тақдиридан бехабарман. Бугун эса у киши бир ҳафта аввал вафот этгани ҳақида ФБ орқали хабардор бўлдим (Аллоҳ раҳмат қилсин. Жойлари жаннатда бўлсин).
Наҳотки, биз ижодкорлар ўз кунимизни ўзимиз кўрадиган аҳволга келиб қолдик?
Наҳотки, юртимизда ижодкорларга эътибор сусайиб кетган?
Наҳотки, Ўзбекистонда эътиборга арзийдиган ижодкорлар йўқ?
Ўша биз лаънатлайдиган совет мамлакатида ижодкорларнинг 50, 60, 70 ёшларини нишонлаш анъанаси бор эди.
Сўнгги 30 йилда кимнинг юбилейини ўтказдик?