АДАБИЁТГА МИНБАР: «Навоийни ўқимай, Лоркага орзумандлар кўплиги мени ташвишга солади»

115

Ўзимга қадрдон бўлиб қолган “Ishonch” газетасинигина эмас, балки, унинг ижтимоий тармоғини ҳам қизиқиш билан кузатиб бораяпман. Тезкор янгиликлар билан бирга, сайтда берилаётган турли-туман мавзудаги гоҳ ширин, гоҳ талх материаллар қалбимдан жой олмоқда. Албатта, соҳам сабаб, адабиёт, санъат ва маънавиятга оид материалларни зўр қизиқиш билан мутолаа қилаётирман.

Чунончи, шеърият йўналишида берилаётган материалларни кузатарканман, Расул Ҳамзатов, Рауф Парфи, Тилак Жўра каби ижодкорлар ҳақидаги чиқишлардан мамнун бўлдим. Эътиборимни тортган материаллардан бири ёш шоира Тилланисонинг “Қон” тўплами ва ундаги шеърлар таҳлилига бағишланган “Вақтимни сотгим келар 4-5 та жазманга” номли мақола бўлди. Уни ўқирканман, муаллифнинг куюнчаклик билан айтган мулоҳазалари нақадар тўғри эканлигига амин бўлдим. Балки, бошқа ўқиганларда ҳам шундай ҳол рўй берган бўлса ажабмас.

Илгари, яъни, яқин-яқинларгача ҳам, Шеърият аталмиш мўъжизага катта масъулият билан қараларди. Мен юқорида номини келтирган ижодкорларнинг ҳар бири ва уларнинг бошқа замондошлари Сўзга улкан масъулият билан “Сўз – забаржад, сўз – гавҳар, олтин”, (Эркин Воҳидов) дея ёндашган. Замон шундай бўлганки, шеърият инсонларнинг қалб кечинмаларини, халқнинг тилида турган умумбашарий ўта оғриқли дардлари ва гоҳ-гоҳ юзага тепчиб ичқувчи қувончларини ифода қилиш воситаси бўлган. Энг муҳими, ўша улуғларнинг барчаси устоз кўрган, устозни ҳурмат қилган. Давр шоирларининг – у қайси давлат ва қайси жамиятда яшашидан қатъи назар – оғриғи, дарди бўлган. Йиллар ўтди. У оғриқлар ортда қолди. Жумладан, Ватанимиз ҳам Шавкат Раҳмонлари, Тилак Жўралари илтижо билан излаган истиқлолига етди. Йиллар кетидан йиллар келаркан, энди, “ариқ кенг очиб юборилгач”, истеъдоди бор-у йўқ бутун бошли турли ёш ва даражадаги қавм шеъриятга ўзини урди.

Тўгаракларга қатнашиб юрарканман, атрофдаги тенгдошларимнинг ва ука-сингиллларимнинг кўплари ҳали Навоийни, Зулфияни тўла билмай туриб, Лорка ўқишга орзумандлиги мени ҳайратга ва ташвишга соларди. Камина ҳам ўша чоқларда ўша теграмдагилар берилиб ўқиётган китоблардан бир-иккисини қўлга олиб кўрдим. Ё мен нодонроқ эдим, ё ўзи табиий шундай ҳол эдики, ўқиганларимдан юмшоқроқ қилиб айтганимда, олди-қочди сафсаталардан бошқа ҳеч не уқмадим. Ёки, таржима дабдала эди. Ундай бўлса, манави теграмдагилар бунчалар берилиб ўқиётганларидан нима топяпди экан?

Афсуски, “ас-суҳбати мутаассирин” деганларидек, ўша ўқишлар беиз кетмади – кейинги авлодларнинг баъзиларида ижтимоий дард (ахир, бугун ҳам жамиятимизда айтилиши керак ва мумкин бўлган дардлар йўқ эмас-ку?) ўрнига чираниш, сўзбозлик касали юзага келди. Улар ёзганларида ўша – ўзи ўқиган чет эл адибларига ва шоирларига кўр-кўрона тақлид қила бошладилар. Натижада, ҳамма ёқни чучмал асарлар босиб кетди. Уларда на ҳажмда, на қофияда, ҳеч бир ўринда тартиб-қоида ва риоя кўринмас бўлди. Энг ёмони, аллақачон пойтахтга бориб олган ва вилоятларда яшаса ҳам, ўша муҳит билан “ҳисоблашиб” яшайдиган баъзи ёшлар камина ва бошқаларнинг битикларини “одам ўрнида кўрмай қўйдилар”. Улар ичида ҳатто, шундай “доно”лар етишдики, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидовларни ҳам менсимайдиганларни учратдим. Бу ҳол жуда таажжубланарли эди. Пойтахтга ўрнашиб олган бу ёш “классик”лардан катта-катта устозлар “фазилат” топа бошлади. Балки, рағбат бўлсин, дегандир?! Аммо, улар рағбатланмадилар – кеккайиб кетиб, ўзларидан кичик даҳолар ясаб олдилар! Шундай ҳикоя ё шеър ёзсак бўлавераркан, деб, оғзига келганини қайтармай ёза бошладилар. Гапим қуруқ бўлмасин, кунларнинг бирида менга Шерзод Ортиқов исмли ёзувчини мақтаб қолишди. Ва, унинг янги чиққан “Мона Лиза табассуми” номли тўпламини тавсия қилишди. Олиб ўқий бошладим. Мен унинг таржимаи ҳолини ўқиб, қатор-қатор чет эл мамлакатларининг эътирофига эришганини кўриб, қотириб ёзиб қўйган бўлса керак, деб кутгандим. Афсуски, бутун умидим биринчи ҳикояданоқ пучга чиқди. Муаллиф, чамамда, умуман ўз устида ишламас, тўғри келган жумлани ҳикоя деб ёзавераркан.

Биринчи ҳикоядаёқ “Ташкилот” сўзининг ҳуда-беҳуда беш-олти маротаба ишлатилганини кўриб ҳафсалам пир бўлди. Боз устига, бирорта ҳикоясида миллий ўзлигимизга оид чизги топмадим – ҳамма қаҳрамонлари нуқуқл осмондан келади. Унинг устига, Шерзоднинг бирорта қаҳрамони ҳаётдан мамнун ва бахтиёр эмас – бирининг ошқозони яра, иккинчиси бошқа бир дардга чалинган. Китоб титулида “…Жамиятдаги дардларга муаллиф билан бирга жавоб излайсиз”, деб ёзилган экан, муаллифнинг ўзи жамиятда қанақа дард борлигидан бехабарлигини кўриб, лол қолдим. Имло хатолари – “кўриб”ни “кщриб» бўпкетганлари ҳақида-ку, айтмай қўяқолай.
Наср-ку бу аҳвол. Шеъриятда ҳам бунақа қўштирноқ ичидаги “талант”лар тиқилиб ётибди.
Демак, Тилланисо ҳам шунақа “талант”лилар тоифасига кираркан. Мақолани ўқиш жараёнида шунга амин бўлдим. Аввало, ажабландим: нега китоб номи “Қон”? эътиборни тортиш учунми?! Ўзбек китобхони анойи эмас – у Навоийдан бошлаб ўқиб келаётир. Уни чалғитиб ё алдаб бўлмайди. Қўлига “Қон” деб аталган китобни олган ўқувчи ундан нима излаши керак?! Сохта дардларми, “дод-вой”ларми ва ё уруш даҳшатлари тасвириними? Нимани? Наҳотки, нашриётдаги валломатларимиз муаллифнинг жарақ-жарақ пулларини олган-у, мазмун-мантиғига қарамай босиб бераверган?! Бунақа китоблардан “фазилат” қидира-қидира шунақа савиясиз, маза-матрасиз китобларнинг урчишига йўл очиб бердилар ва бераяпдилар. Афсус!
Бугунги кунда диний ва миллий қадриятларимизга катта эътибор қаратилаётган бир даврда “вақтини тўрт-бешта жазманга сотмоқчи” бўлаётган ўзбек қизига қандай муносабат билдиришимиз керак?
Агар мен ноҳақ бўлсам, муаллиф далил деб келтираётган мана бу сатрларда (бошқаларида ҳам!) нима бор?

«Агар йўқ бўлса худо
Нима қоларди менда
Фақат тиккалик,
Фақат ёвқараш,
Дўстларга, душманга»
«Фақат тиккама-тикка,
Ўлимга тикка,
Ҳаётга тикка,
Худо бор бўлса, борликка тикка,
Йўқ бўлса, йўқликка тикка».

Вақтли матбуотларни, хусусан, айрим бир нашрларни кузатарканмиз, унда ёшларнинг катта-катта туркумлари кетаётганини гувоҳи бўламиз. Албатта, бу қувончли ҳодиса. Ёшларга йўл бериш керак. Аммо, ўша туркумларни ўқиб кўрсангиз, аллақандай алмойи-алжойи сатрларга кўзингиз тушади. Нега муҳаррир таҳрир қилмади, ё шуни нега берди экан, деб ўйланади киши. Газета ё журналда ўша савиясиз ва тумтароқ тизмаларини чиқариб олган бояги каби ёш “классик”лар энди бемаоло ўша шеърларини китоб қилиб истаган номда, истаган ададда бостираверади. “Қон”ми у, “Арвоҳ”ми, ҳеч кимга фарқи йўқ. (Шу ўринда бир гапни қистириб ўтиб кетай: газета бир вақтлар хайрли ташаббусни бошлаб, халқ шоирларининг баъзиларини танқид қилиш, таҳрир қилишга киришганди, бу борада бир-икки қадам ҳам ташлаганди. Аммо, негадир, бу ишнинг давомига нашрнинг кучи етмади чоғи, саҳифа битта материал билан тўхтаб қолди. Ҳолбуки, у “Биламан қаерда холинг бор”, “Жарчи солиб бозорга ошиқлигимни айтинг”, “Ўша кун мен маст эдим”, каби тутуруқсиз, ҳеч кимга бир тийинлик наф келтирмайдиган назмий сафсата битадиган муаллифларга, омма олдида сўз айтиш масъулияти бунақа бўлмайди, деб кўрсатиб қўйиши зарур эди. Мана шунақа мантиқсиз шеърлардан бир тийинга қиммат қўшиқлар юзага келаётир).
Куни кеча бир қўшиқ эшитиб қолдим:
Ўнг кўзингиз қайси,
Чап кўзингиз қайси.
Излаб бориб топмадим,
Манзилингиз қайси?!
Офарин, яшасин! Бўлар экан-у, шундай нарсалар ёзса.
Яна Тилланисога қайтдик. Унинг ижтимоий тармоқларда берилган туркумлари ичида “Ит етаклаганлар” ва “Мен”нинг ўзини босиб олиши” каби шеърий тизмаларида ҳам ҳеч қанақа маъно йўқ. Аввало, бу шеърларда оддий шеър талабларига риоя қилинмаган, қолаверса, сатрларда узвий бир маъно, яхлит кўлам йўқ. Миллийликка риоя қилмаслик натижасида ўзини, ўзлигини йўқотиб қўйган бу қизнинг юқоридаги каби битикларидан фазилат қидиришнинг кераги йўқ – кундузи чироқ ёқиб ҳам тополмайсиз.
Яна бир туркум ёшлар борки, улар ўз битикларини қўшиқ бўлишини жону дилдан исташади ва шу йўлда ўзини ўтга-чўққа уради.

Масалан, ҳозир бир ёш хонанда куйлаётган “Севмайман душанбадан” (?) каби олди-қочди термаларни ҳам кимдир қоралаб бергандир ахир?! “Севмайман душанбадан” эмиш! Душанбадан севмайсанми, сешанбаданми, кимга нима қизиғи бор?! Бунақа тутуруқсиз мисралар Абдураззоқ Обрўй каби пародистларга “масаллиқ” бўлади холос!
Ўзини қаерга қўйишини билмай, модернизм ва бошқа турли “изм”ларни ичи-ташини тўла англамай туриб, даъво билан чиқаётган айрим ёшларга улардан битта кўйлакни ортиқ йиртган ака сифатида бир мулоҳазам бор: шакл, янгилик излаш албатта, яхши, бусиз, адабиёт бир ерда депсиниб қоларди, аммо, ҳар қандай янгиликда мантиқ, мазмун ва ўқигувчига наф бўлиши лозим. Йўқса, сўзни ва қоғозни исроф қилганингиз қолади. Қолаверса, яна бир гапки, Муслим Мусаллам, Меҳриноз Аббосова, Эркин Ҳожимуҳаммад, Бек Али, Исломжон Қўчқоров, Моҳинур Ҳазратулло қизи, Садоқат Суярова, Анвар Ботир, Алишер Сабрий каби ўнлаб-ўттизлаб ёшлар ҳеч бир чиранмай сўз айтиб, айтганда ҳам қойил қилиб келмоқдалар-ку! Чунки, назаримда буларнинг ўзаги ўтмиш улуғларимизга бориб тақалади. Навоий ва Деҳлавийдан тортиб, Ҳалима опаларгача очган булоқлар сувларидан қониб ичмай туриб, бир натижага эришиш қийин.

Икромжон Аслий-Андижоний,
Шоир ва адиб.