Қоракўлчилик туб ислоҳотларга муҳтож(ми?)

96

Илгари Нурота туманида яшайдиганлар билан учрашган киши улардан, биринчи навбатда, «Чорванинг аҳволи қалай?» деб сўрарди. Ҳозиргилар эса асосан мармар тўғрисида сўраб-суриштиришади. 

Хўш, бир вақтлар Нуротанинг фахр-ифтихори саналган қоракўлчиликка нима бўлди? Унинг олдинги шон-шуҳрати, довруғи қани?

Бу саволга публицист-ёзувчи Нусрат Раҳматовнинг «Гулистон» журналининг 1978 йилги 5-сонида ёритилган Бутуниттифоқ Қоракўлчилик илмий-текшириш институти профессори, Беруний номидаги Ўзбекистон ССР Давлат мукофоти лауреати Иван Дьячков ва институт урчитиш-генетика бўлими мудири, қишлоқ хўжалик фанлари кандидати Рафиқ Валиев билан суҳбатида жавоб изланган эди. Р.Валиев эътироф этганидек, халқимиз қоракўлчилик билан қадимдан шуғулланган ҳамда жингалак гулли сифатли қўзи терилари ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган. Бу Х асрда юртимизда бўлган араб сайёҳи Ибн Ҳавқал хотираларида ва бухоролик машҳур тарихчи Абу Бакр Наршахийнинг «Тарихи Бухоро» асарида ҳам эътироф этилган.

Замонлар ўтиб, тижоратчилар жилоси кўзни қамаштирадиган қоракўл терилари билан савдо қилишдан ташқари, қоракўл қўйларини ўз юртларида боқиб, кўпайтиришга киришадилар. Шу ниятда харид қилинган қўйларни маҳаллий шароитга мослаштириш чораларини кўрадилар. Уддабурон немислар Намибия давлатида қоракўлчиликка асос солиб, тез орада ушбу соҳанинг пешқадамига айланадилар. Етиштирган маҳсулотлари сифат жиҳатидан Европа ва жаҳон бозорларида етакчи ўринни эгаллайди. Бу борадаги илғорлик ҳозир ҳам уларнинг қўлида.

Собиқ иттифоқ олимларининг кашфиётлари эса, аксинча ҳолатга сабабчи бўлди. Ўзбек қоракўли сон жиҳатдан кўпайса-да, ҳажми ва сифатига кўра, бозордаги ўрни ва қадрини йўқота бошлади. Бунинг сабаблари ҳақида юқорида тилга олинган суҳбатда батафсил сўз юритилган. Профессор И.Дьячковнинг айтишича, 1940 йилда академик Заводовский бия қонидан тайёрлаган зардобнинг натижаси ўлароқ, СЖК маҳсулот сонини кўпайтирган. Битта нормал қўзи берадиган совлиқ икки-учтагача туға бошлаган. Лекин бунга қаноат қилинмади, кимўзарга доза янада оширилиб, қўйдан имкон қадар кўпроқ маҳсулот олишга интилишлар авжига чиқди. Оқибатда йиллар ўтиб, яйлов шароитида тирик вазни 50 килодан ортиқ бўлган қўйлар кескин равишда камайиб, боқувга танланган қўчқорларнинг оғирлиги 40 килодан ошмай қолди.

Шунингдек, қоракўл терисининг ўлчами нормадаги 1200 квадрат сантиметрдан 800 квадрат сантиметрга ва ундан ҳам кичрайган. Бозорбоп дейилган қовурға гулли сур терининг энг аъло навлиси нари борса, ўша пайтдаги пулда 33 сўмга, сифати пастроғи атиги 13 сўмга сотилган. Ҳозир улар қанча туришини айтишга тил ҳам бормайди. Ваҳоланки, Н.Ботировнинг «Халқ сўзи» газетасида босилган мақоласида таъкидланишича, бугунги кунда Намибияда йилига 140 минг донадан ортиқ қоракўл териси етиштирилади. Свакара қоракўл терилари дунёда энг қимматбаҳо ва сифатли хомашё ҳисобланади. Битта терининг нархи Копенгагендаги кимошди савдоларида 60 АҚШ долларидан 200 АҚШ долларигача баҳоланади. Бу маҳсулотлардан «Prada», «Gucci», «Valentino», «LouisVuitton», «Roberto Cavalli» каби машҳур брендлар фойдаланади.

Хуллас, сон ортидан қувиш туфайли мамлакатимизда қоракўл маҳсулотларининг сифати энг қуйи нуқтага келгач, 1982 йили СЖК препаратини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарилди. Аммо бўлар иш бўлиб, буёғи синган эди. Бу аҳволни ўнглаб олиш имконини бермади. Қоракўл терилари нархи пасайгандан пасая борди. Қўй териси ва жунини ҳеч ким сўрамай қўйди. Қоракўл қўйидан барака қочгани чорвадор рўзғорига таъсир ўтказа бошлади ва ҳамон ўтказиб келмоқда.

Бир манбада ўқиб қолдим, 2020 йили мамлакатимизда ипакчилик тармоғини тартибга солувчи идора — ипакчилик ва жун саноати қўмитаси ташкил этилган экан. Агар шу гап рост бўлса, нега унинг лоақал шарпаси ҳам сезилмайди? Ёки Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида бир тадбиркор ўз ҳисобидан 8 миллион долларга қурган замонавий «Elegant shoes and» корхонаси Туркия ва Хитойдан келтирилган сара ускуналар билан биринчи босқичда 60 хил пойабзал ва чарм маҳсулотлари ишлаб чиқарган. Хомашё юртимизда беҳисоб. Бундай тадбиркорлик ривожлантирилса, турли жойда хор бўлиб ётган йирик ва майда шохли моллар териларига харидор топилиб, улардан келадиган фойда халқнинг корига яраши аниқ.

* * *

Нуротада чорвачилик пирларидан бири — Мирзан Нурбоев исм-шарифли инсон яшаб ўтган. У қоракўлчиликнинг охирги йиллардаги аҳволидан кўнгли тўлмай, дунёдан армон билан кўз юмди. Ўтган асрнинг 90-йиллари бошидаги қўйчиликка оид амалиёт биринчи синов бўлганини, қишлоқ хўжалиги бўйича нуфузли раҳбарнинг «Қўй боқиб, гўшт ишлаб чиқаргандан кўра, бошқа давлатлардан тайёр гўшт ва гўшт маҳсулотларини сотиб олишимиз арзонга тушади» деган бир оғиз гапи билан қанчадан-қанча қўй-қўзилар арзон-гаровга сотиб юборилганини беҳад ачиниб эсларди. Давлат қарамоғи ва таъминотида бўлган мол-мулклар хусусийлаштириш жараёнининг илк босқичида уюшмалар ихтиёрига берилгач, тайёр нарсани олишга ўрганган чорвадор хўжаликлар мутасаддилари таъминотда шошиб қолишгани туфайли оқибати анча хунук воқеалар рўй берганидан койинарди. Хусусийлаштириш тўлиқ амалга ошгунча яна нималар бўлиши мумкинлигини ўйлар, асосий хавф мол-мулк чорва жонкуярларининг эмас, нияти пул топиш бўлган корчалонлар қўлига ўтиб кетишида, наслчиликка путур етишида ва ветеринария мутахассислари мардикорга айланиб қолишида эканлигидан хавотирланарди. Хориж тажрибасини рўкач қилишдан кўра, аждодларимиз тажрибасини ўрганиб, амалиётга жорий этишни орзу қиларди.

Мирзан Нурбоевнинг гапларида жон борлигини тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Баҳром Ирзаев мақоласидан ҳам илғаб олиш мумкин:

«XVII-XVIII асрларда Бухоро амирлиги ҳамда Хоразм хонлигида Эрон ва Россия савдо алоқаларида мўйна сифатида қоракўл терисининг ўрни ортиб борди. Бухородан Астрахан, Қозон, Сибирга, Эрон, Хитой, Ҳиндистонга, улар орқали Европа мамлакатлари бозорларига юборила бошланди.

XIX аср охирларида Европада мўйна бозори ташкил этилиши билан қоракўл терисига бўлган талаб тўхтовсиз ўсиб борди. Қоракўл терисидан нимча, пальто, папаха, телпак, ёқалар тикилиши унинг довруғини дунёга ёйди. Дастлаб Намибияда ўз фермалари бўлган немис қўйчилари қоракўл қўйларини урчитиш, уларни маҳаллий қўйлар билан чатиштиришга киришдилар. Бир дона қоракўл терисининг баҳоси бир от нархигача етди. Натижада Россия жанубига, Қрим, Украина, Европа, Жанубий Африка, ҳатто Лотин Америкаси мамлакатларига урчитиш учун қоракўл қўйларини олиб кетадилар.

Албатта, бу бозорнинг ташкил этилишидан 1930 йилларгача Бухоро савдогарлари мазкур бозорда мутлақ монорол мавқени ҳеч кимга бермадилар. Амирликнинг Чор мустамлакачилиги зулми остида қолиши билан Зарафшон дарёсининг суви йилдан йилга камайиб борди. Оқибатда яшил боғлар, пахта далалари қисқариб, чўлланиш авж олди. Бухоро амири махсус фармон билан қоракўлчилик соҳаси ривожига чексиз имтиёзлар жорий этиб, ўзи энг катта қоракўл териси савдогарига айланди. Қисқа муддатда бу йўналишдан амирлик хазинасига миллионлаб доллар оқиб кела бошлади …».

Битта қоракўл терисининг баҳоси бир от нархигача етиши ва амирлик хазинасига миллионлаб доллар келиб туша бошлаши, аввало, маҳсулот сифати, иккинчидан, Файзулла Хўжаев, унинг қариндоши Нуриллахўжа Тўрахўжаев, бухоролик миллионер бой Аминжон Сулаймонов, Қиличхўжа Хўжаевларнинг тадбиркорлиги самараси бўлган.

Нуроталик машҳур арбоб ва қоракўлчи Эшони Судур (1872 — 1936) фаолияти мисолида ҳам айнан шу ҳақиқатни англаб етиш мумкин. У саховатли инсон бўлиб, йирик қоракўлчи-тижоратчи сифатида узоқ ва яқин хориж, ҳатто Париж бозорлари билан алоқада бўлган, қоракўл тери савдоси борасида Бухоро амирлигида етакчилардан ҳисобланган. Судурлик унвони ҳам шу хизматлари эвазига Бухоро амири томонидан берилган. Бироқ 1928 йили армани Спартак бошлиқ ГПУ ходимлари уни Қўшоғочдаги уйида ҳибсга олиб, Каттақўрғонда 15 кун сўроқ қилишади. Зеро, Судур бобо эл-юрт ҳурмат-эътиборини қозонгани, Нуротада ўз маблағи ҳисобидан «Чилустун» масжидини, «Туркона ҳаммом», «Такия»лар қургани, бунинг учун омборидаги беш мингта асл қоракўл терисини Бухоро ва Петербург орқали жўнатиб, Париж бозорида соттиргани шўро ҳукумати шотирларига тинчлик бермаганди.

У даврларда наслчилик ишлари алоҳида илмий муассасанинг эмас, балки мулк эгаси, савдогар ва чорвадор зиммасида бўлган ҳамда табиий танлов асосида амалга оширилган. Баҳони эса бозор берган. Шунинг учун ҳам маҳсулот етиштирувчининг тажрибаси, ташаббуси ва меҳнати муносиб тақдирланган.

Эндиликда кластерлар ва фермер хўжаликлари раҳбарларида қоракўлчилик қадр-қимматини кўтариш учун хоҳиш-ирода бўлсагина, у жаҳон бозорида қайтадан мустаҳкам ўрин эгаллаши мумкин. Акс ҳолда, бугунгидан-да баттар аҳволга тушиши тайин.

Нурота туманининг Ажрим қишлоғида Хушвақт Юсупов деган бир халқ селекционери бор эди. У қоракўл терисининг обрўси туша бошлаган йилларда ўз ташаббуси билан манаман деган сур теридан ҳам юқори турадиган қовурға гулли қора тери етиштирган. Бунинг учун салкам ўн йил мобайнида қўй ва қўчқорларни танлаб-саралаб, табий равишда урчитган ва олий натижага эришган. Демак, бу масалага сидқидилдан ёндашиш, танлов ва табиийлик, фидокорона меҳнат зое кетмас экан. Бизнинг мақсадимиз эса, наслчилик илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини камситиш эмас, аксинча, уларни ҳам сифатга ўзгартишлар киритишга чорлаш, ҳар қандай соҳа ютуқлари ва маҳсулотлари баҳосини ҳужжатлаштирилган маълумотлар эмас, бозор ва харидор белгилашини эслатиб ўтишдир. Чунки бугун хусусий чорвага айланган қоракўл қўйларининг нархи бозор гўшти баҳоси билангина белгиланаётгани ҳеч кимга сир эмас. Унинг териси ва жуни ҳақида бир нима дейишга эса иккиланиб қоласиз.

Энг хавфлиси, қоракўл қўйларини бошқа турлар билан эркин чатиштириш йил сайин жадаллашиб бораётир. Мол эгаларининг мақсади қўйлар вазнини ошириш ва моддий манфаат кўришдир. Чорвачилик орқали кун кечираётган, тирикчилиги ўзи парваришлаётган 20-30 бош қоракўл қўйига боғлиқ бўлганларнинг иқтисодий талаби ва турмуш шароити шуни тақозо этаётир. Демак, қоракўлчиликда яхши натижаларга эришиш учун соҳада туб ислоҳотлар ўтказиш лозим.

Суюндик Мустафо НУРОТОИЙ, 

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси