Кўзни қамаштирувчи тунги чироқлар

157

Кун кеч бўлиши билан автомобилларнинг ёритиш чироқлари меъёридан ортиқ нур таратиш ҳолатлари кўп учраяпти. Бу нафақат қарама-қарши ҳаракатланиб келаётган ҳайдовчи, балки пиёданинг ҳам ҳаётига ҳавф солади.

“Ishonch” мухбири айни шу мавзуда ҳайдовчи ва мутахассислар фикрлари билан қизиқди.

Абдулазиз Мирюнусов, ҳайдовчи:
– Ишдан жуда кеч қайтаман. Биласиз, кун бўйи ишлаган одам кечгача ҳам жисмонан ҳам асаблари толиқади. Уйимгача 70 километр йўл босаман. Кучли ёруғлик чиқарувчи машина чироқлари кўзларимни олавериб баттар чарчайман. Сабаби, бунақа нурларнинг ёйилиши бизга ўхшаб ишдан чарчаб рул бошқараётганларга янаям ёмон таъсир қилади. Кўзингиз нурга қамашганидан кейин, бошқарувни йўқотишингиз, йўл четидаги пиёда ёки бирор ҳайвонни кўрмай қолишингиз ҳам мумкин. Ўша чироқларни ўрнатиб олган ҳайдовчилар ўзлари учун қулайлик яратиб, бошқалар учун ноқулайлик келтириб чиқаришларини нотўғри деб ўйлайман.

Давлат Абдуллаев, ҳайдовчи:
– Мен ҳам машинамга ўша ёруғлиги кучли бўлган диодли чироқлардан ўрнатганман. Чунки бир неча йилдан буён рул бошқарганим учун, тезда кўзим чарчайди. Йўлларни узоқни кўрсатувчи кучли ёруғлик билан кўриш мен учун қулай. Лекин бу ҳолат йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабабчиси, деган фикрга қўшилмайман. Сизга қарама-қарши келаётган ҳайдовчига бироз ноқулайлик туғдириши мумкин, аммо бу ҳалокатга сабаб бўлади, дегани эмас-ку. Қанчадан-қанча ҳалокатлар асосан пиёдаларнинг йўлдан ўтаётганида қоидаларга риоя қилмаслиги, ҳайдовчиларнинг тез ҳаракатланиши оқибатида содир бўлади. Ҳайдовчи ҳам, пиёда ҳам қоидаларга риоя қилса, кўп аянчли ҳодисаларнинг олди олинади.

Акмал Игамбердиев, автомобиль устаси:
– Ҳозир автотранспорт воситаларига асосан, «лэд» (light emitting diode) диодли чироқлар ўрнатилмоқда. Сабаби, оддий чўғланма чироқларга нисбатан унинг ёруғлик даражаси катта. Машинада фараларнинг рефлектори жойлашган. Айнан ўша қурилма нурни қайтариш вазифасини ўтайди. Аммо рефлектор диодли чироқларга мўлжалланмаган. Шунинг учун ҳам нурларнинг ёйилиши кузатилади. Мана шунинг ҳисобига қарама-қарши ҳаракатланиб келаётган автотранспорт воситасига нур ёйилган ҳолда етиб боради ва ноқулайлик келтириб чиқаради. Ҳозир махсус линзали чироқлар ҳам бор. Унинг ўзида нур қайтариш функцияси борлиги сабабли нурни бир жойга тўплаб беради ва қарама-қарши келаётган ҳайдовчига ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди.

Рустам Асқаров, Тошкент вилояти ИИББ ЖХХ ЙҲХБ ходими:
– Диодли чироқлар йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлиш омилларига кирмайди дея олмаймиз. Кўпгина ҳайдовчилар ўзларига қулай бўлиши учун, баъзан транспорт воситасини чиройли кўриниши учун турли чироқларни ўрнатишга ҳаракат қилишади. Чироқларнинг ҳаддан ташқари ёруғлиги ва ёйилиши оқибатида қарама-қарши келаётган автотранспорт воситаси ҳайдовчисининг кўзини қамаштиради. Бу энг биринчи навбатда ноқулайлик туғдиради. Нурдан кўзлари қамашган ҳайдовчи йўлда кетаётган пиёда ёки ҳайвонларни кўрмай қолиши ёки ёши каттароқ, бирор дарди бор ҳайдовчи руль бошқарувини йўқотиш ҳолати содир бўлиши ҳам мумкин. Аслида кўзлари қамашган ҳайдовчи қоидага кўра машинасидаги авария ишораларини ёқиши, тезликни камайтириши ва тўхташи керак. Аксарият ҳайдовчиларнинг бунга амал қилишмасликлари ҳам ачинарли.

Албатта, бундай ҳолатлар бўйича ҳудудларда мунтазам махсус рейдлар ўтказилади. Йил бошидан буён шу кунгача айнан мана шу ҳолат бўйича вилоят миқёсидаги йўлларда 300 га яқин қоидабузарликлар аниқланган. Ҳайдовчиларга нисбатан тегишли маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тушунтириш ишлари олиб борилган. Бу ишлар ҳозир ҳам мунтазам давом эттирилмоқда.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчилар томонидан турли рейдлар ўтказилиб, тушунтириш ишлари олиб борилаётган бўлса-да, йўлларда барибир ўша кўк чироқлардан фойдаланиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Орамизда ўзи учун қулай мухит ҳосил қилиб, бошқаларни ўйламайдиган ҳайдовчиларнинг борлиги кўнгилни хира қилади.

Тўғри, бу пайтда ҳайдовчилар бошқаларга ноқулайлик туғдираётганини сезмас. Бироқ, йўлларда ўзи каби руль бошқарувчиларининг чироғидан кўзлари қамашса, наҳот буни тўғри англаб етмайди? Юқорида айтиб ўтилганидек, нурларни сочиб юборувчи эмас, махсус линзали, нурларни бир жойга тўплаб берувчи чироқларни ўрнатишнинг ҳам иложи бор экан, нима учун баъзи ҳайдовчилар бунга амал қилишмайди?

Холида ЭГАМБЕРДИЕВА
ishonch.uz