“Ўзбекистон овози” газетасининг 105 йиллигига бағишланади
“Ўзбекистон овози” газетасининг миллий матбуотимиз ривожидаги ўрни беқиёс. 1918 йилдан ҳозирги кунгача турли хил номларда нашр этилган газетанинг адади ижодининг гуллаган даврларида ҳатто бир миллионга етган. Бугунги кунда ҳам матбуотда ўзининг залворли ўрнини сақлаб қола олган ушбу нашрда қарийб эллик йилдан зиёд меҳнат қилиб назарга тушган Ҳайдар Носировни жонли тарих дейиш мумкин.
Куни кеча Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида меҳнат фахрийсининг “Хаёл” номли китоби тақдимоти бўлиб ўтди. Тадбирда иштирок этганлар газета таҳририяти билан боғлиқ хотираларини сўзлаб беришди.
– Таҳририятда 50 йил ишлаб, ўзим билмаган ҳолда тирик тарихга айланиб қолибман. Шу даврдаги барча воқеа-ҳодисаларга гувоҳ бўлдим. Ўйлаб қарасам, уларни албатта бир китоб қилиб ёзишим керак экан. Мана, газетанинг 105 йиллиги арафасида “Хаёл” китоби тайёр бўлди.
Унда турли воқеалар, газетани ривожланиши, гуллаган даври, синовли дамлари, редакторлар, барча жонкуяр ходимлар, ҳаммаси ҳақида ёзилган. Ўйлайманки, китоб журналистларга, матбуот ҳодимларига, тарих ўрганувчиларга асқатади, – дейди Шонли газетанинг ярим асрлик тарихини ҳаётий лавҳаларда ифода этган муаллиф.
Тадбирда шунингдек, “Ўзбекистон овози” газетасининг юбилейи муносабати билан таҳририят жамоасига табриклар йўлланди, фахрий ходимларга ташаккурномалар тақдим этилди. Газета Ўзбекистонда босма оммавий ахборот воситалари шаклланиши ва ривожланишига катта ҳисса қўшгани, матбуотимиз учун етук кадрлар етказиб берган мўътабар даргоҳ эканлиги қайд этилди.
Газетанинг истиқлол йилларидаги фаолияти, шу давр мобайнида ҳар қандай мураккаб вазият ва қийинчиликларга қарамасдан олдинги сафларда бўлиб, мустақил Ўзбекистонда давлатчиликнинг шаклланиши, мамлакатнинг ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маърифий ривожланиш йўлидаги барча ислоҳотларни кенг ёритиб, халқимизнинг меҳри ва этирофини қозониб келаётгани алоҳида таъкидланди.
Нилуфар АБДУМАЛИКОВА
ishonch.uz



