Чалажон болалар адабиётини ким қутқаради!?

1162

Телевизион каналларимизда реклама қилинаётган болалар егулиги, болалар дориси, ҳатто болалар таглигининг сон-саноғи йўқ. Лекин лоақал мингтадан битта рекламада болалар китоби ёки болалар адабиёти тарғиб қилинмайди. Чунки ундан моддий фойда йўқ-да! Болалар иштирокидаги турли “кўнгилочар” ток-шоуларга миллионлар сарфланиши мумкин, бироқ болаларни китоб ўқишга қизиқтирувчи теледастурлар тайёрлашга келганда, маблағ масаласи муаммога айланади. Чунки бундай лойиҳалар даромад келтирмайди-да! Шундай экан, “болалар нега китоб ўқимай қўйди” дейишдан аввал “нега келажак авлод камолоти бир четда қолиб, фойда кўриш асосий планга чиқиб қолди” деган саволга жавоб изланса, тўғрироқ бўларди.

Китобхонликнинг фойдаларини, айниқса, болалар дунёқарашини шакллантиришда, креатив фикрлаш қобилиятини оширишда, ақлини чархлашда, бадиий-эстетик дидини юксалтиришда, умуман, руҳий оламини бойитишда китобларнинг ўрни беқиёс эканини ҳаммамиз биламиз, англаймиз, тушунамиз. Лекин ҳаётда бунинг аксини кўрамиз.

Болалар адабиётига беписандлик миллат тақдирига, эртасига бефарқликнинг ўзгинасидир. Зеро, жамиятдаги барча муаммолар уни ташкил этувчи одамларнинг болаликда орттирган кўникмалари, сингдирилган тушунча ва ҳақиқатларидан униб чиқади. Эҳтимол, болани энг зўр боғчага жойлашнинг имкони бўлмас. Эҳтимол, болага қимматбаҳо кийимлар кийдира олмасмиз. Балки унга яхши ўйинчоқ ёки гаджет олиб беришга қўлимиз калталик қилар. Аммо унга оқу қорани фарқлатадиган, ҳақ билан ёлғонни англатадиган, қалбини эзгуликка ошно этадиган адабиётлар тутқазмас эканмиз, муаммолар ботқоғида қолиб кетаверамиз. Афсуски, бугун миллий болалар адабиётини қўллаб-қувватлаш, умуман, бу соҳа истиқболи учун амалга оширилаётган ишлар билан фахрлана олмаймиз…

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан тўпланган таҳлилий маълумотларга эътибор берилса, болалар адабиётининг рақамлардаги ҳолати аёнлашади. 2022 йил 1 апрель ҳолатига кўра, республикамизда 262 та, улардан 28 таси давлат ва 234 таси хусусий секторга тегишли нашриёт фаолият юритаётган бўлиб, шулардан қарийб тенг ярми, яъни 130 таси болалар адабиётини нашр этиш ихтисослашувига эга. 2019-2021 йиллар давомида нашриётлар томонидан жами 24 511 номдаги 127,8 млн нусхада китоб чоп этилган бўлса, шулардан болалар адабиёти – 3 873 номда 20,2 млн нусхада (15,8  фоиз) чоп этилган. Республикамизда 2021 йил ҳамда 2022 йилнинг январь-апрель ойлари давомида нашриётлар томонидан болаларга мўлжалланган  жами 141 номдаги 1,7 млн. нусхада китоб чоп этилган.

2022 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо ижодкорлар сони 927 нафарни ташкил этади. Уюшма аъзоларининг 476 нафари (51.3 фоизи) шеърият, 407 нафари (43.9 фоизи) наср, драматургия, адабий танқид, публицистика ва таржима жанрида ижод қилаётган бўлса, 34 нафари болалар адабиёти йўналишида ижод қилиб келмоқда. Бу Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси умумий аъзолари сонининг 3,7 фоизини ташкил этади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги сайтида берилган рақамлар бўйича 2023 йил ҳисобида юртимизда 9 ёшгача бўлган жами болалар сони қарийб 7 млн. 650 минг нафарни ташкил этар экан. Бу Ўзбекистон аҳолисининг бешдан бир қисми ёки 20 фоиздан кўпроғи болалардан иборат дегани. Агар ўтган йиллар давомида болалар учун чоп этилган китоблар сони Ўзбекистондаги 9 ёшгача бўлган болаларнинг умумий сони билан солиштирилса, ҳақиқатан, болалар адабиёти адад жиҳатдан аудиторияга нисбатан бир неча баробар камлиги ва ноқислиги шундоққина юзага чиқади.

Шу каби оғриқли масалаларда фикрлашиш учун болалар адабиёти кўчасига кириб кўрган, унинг пасту баландликларига гувоҳ бўлиб келаётган филология фанлари бўйича фалсафа доктори, Халқ таълими аълочиси, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, “Таҳсин” мукофоти совриндори, болалар ёзувчиси Саъдулло Қуронов билан суҳбатлашдик.

– Ушбу саволга ечим излашдан аввал бир нарсани тан олиш керак. Яъни, бугун нафақат болалар адабиёти, балки адабиётнинг бошқа турлари ҳам медиа маҳсулотларига аллақачон ютқазиб бўлган. Омманинг медиа маҳсулотларига бўлган қизиқиши баланд. Болалар адабиёти ҳам шу воқеликдан келиб чиқиб, бевосита медиа оламига боғланиши керак. Яъни китобда тасвирларнинг кўплигига эътибор қаратиш зарур. Мультфильмга ўрганиб қолган болаларнинг визуал воситалардан таъсирланиши ортиб бораверади. Шунинг учун китобларда ҳам визуал унсурнинг бўлиши боланинг китобга қизиқиши ва муҳаббатини уйғотади. Бунда иллюстрация вакилларининг малакаси ва хизмати катта. Бежизга Ғарбда болалар адабиёти ҳозиргача ўз мавқеи ва фаоллигини йўқотган эмас. Чунки ўн ёшгача бўлган болаларнинг китобларини варақласангиз, жуда кўп ва чиройли расмларга кўзингиз тушади. Бу расмлар шундай ишланганки, уларни мультфильм орқали ифодалаш жуда қийин. Ҳар битта саҳифани катта санъат асари дейиш мумкин. Шунинг учун ҳам болалар китобни ўқиш асносида тасвирларни ҳам мириқиб томоша қилади. Яна бир тенденцияга эътибор қаратиш лозим. YouTube блогерлари кичкинтойлар учун чиқарилаётган китобларни болалар билан ўқилаётгани тасвирланган кадрлар орқали ёки турли танловлар ташкил этиб, оммалаштиришга ҳаракат қилишади. Худди шунга ўхшаб, ўзимизда ҳам, масалан, китоблардаги QR-кодлар орқали болаларга ҳайвонот олами ёки бошқа қизиқарли маълумотларни бериш мумкин. Бир сўз билан айтганда, ҳозирги давр босма нашрларни интернет ва ижтимоий тармоқлар билан ҳамнафас ривожлантиришни талаб этмоқда.

Суҳбатдошимиздан болаларга мўлжалланган бирон-бир асар то китоб расталарига етиб боргунига қадар қандай босқичлардан ўтиши, умуман, бу жараёнда муаллиф қандай муаммо ёки тўсиқларга дуч келиши мумкинлиги ҳақида сўраймиз.

 – Тайёр қўлёзма асар бу ҳали китоб дегани эмас. Гарчи тақризлар берилган, обрўли ва билимли мутахассисларнинг кўригидан ўтиб, яхши баҳо олган бўлса ҳам, у ҳануз қўлёзма. Соҳа вакили сифатида ижодкорлар билан кўп суҳбатлашамиз, шундан биламизки, деярли барчасининг қўлида тайёр асари бор, лекин уни нашр қилолмайди, нашр қилиши мумкин, фақат ўз ҳисобидан. Бундай вазиятда муаллиф ўз китобини битталаб сотишга мажбур. Шунинг учун китоб савдоси билан ҳам айни шу соҳанинг мутахассислари шуғуллангани маъқул. Китоб сотишни ўз зиммангизга олган тақдрингизда, охир-оқибат китобларингизни болаларга ҳадя қиласиз. Нашриётларнинг ўзи асарларни олиши қийин. Сабаби – деярли барча нашриётлар хусусий. Улардан хафа бўлишимиз ноўрин. Улар ҳам амал-тақал қилиб, ишчиларга ойлик етказиб, фаолият олиб боришади. Сотилмаган китобларнинг кўплиги, ўқувчиларнинг камайиб кетгани туфайли нашриётлар таваккал қилишни истамайди.

Бу ерда мен кўраётган энг катта муаммо – бирорта ҳам болаларга ихтисослашган давлат нашриётининг йўқлиги. Авваллари “Чўлпон” ва бошқа катта нашриётлар ҳам болаларга мўлжалланган китобларни доимий равишда чиқариб турган. Йиллик режаларда нечадир фоиз болалар адабиётини чиқариш мажбурияти бўлган. Ўн-ўн беш йил аввал ҳам муаллифлар катта қалам ҳақи олмаса-да, китоби чиққанига, республика бўйлаб тарқалганига хурсанд бўлишган. Аммо ҳозирги пайтда бунинг имкони йўқ. Бу ҳолат китоб ёзиб, на маънавий, на моддий рағбат топаётган ижодкорларнинг ёзмай қўйишига сабаб бўлмоқда. Буларни айтиб, соҳада ўзига яраша ҳаракат қилаётганлар ҳақида салбий фикр айтишдан йироқман. Чунки соҳани ривожлантириш борасида изланаётганлар бор. Масалан, ўтган йили Ёшлар иттифоқи томонидан “Болалар учун энг яхши китоб” танлови ўтказилди ва унда катта миқдорда пул маблағлари мукофот сифатида қўйилди. Мана шу мотивация орқали қанчадан-қанча одам китоб ёзишга рағбат топди. Айнан мана шу танлов жуда ҳам катта стимул вазифасини ўтаб берди. Лекин барибир бу ҳаракат катта денгиздан бир томчи, холос. Бу каби жараёнлар тизимли равишда катта нашриётлар томонидан амалга оширилмас экан, китобхонлик маданияти шаклланиб қолмайди.

Яна бир тўсиқ – китобнинг чиройли ва сифатли нашр этилиши. Болалар учун ёзилган китоб идеал нашр этилиши керак. Суратлари ҳам, ранглар сифати ҳам, қоғоз бичими ҳам кўнгилдагидек бўлиши керак. Афсуски, мана шу масалада оқсаймиз. Бизда яхши иллюстраторлар кам ва уларнинг хизмати анча қиммат. Улар кўпроқ хориж учун ишлайди. Биздек ижодкорлар уларга ҳатто таклиф ҳам беролмаймиз. Натижада, ўртамиёна рассомлар билан ишлашга тўғри келади ва алал-оқибат расмлар кўнгилдагидек бўлмайди. Бу йўналишда кўп муаммоларга дуч келамиз. Ижодкорлар яхши асар ёзиши мумкин. Лекин китоб шу қадар сифатсиз бўладики, уни қўлига олган болада ўқишга иштиёқ бўлмайди.

Муаммолардан яна бири – қалам ҳақи. Нашриётлар яхши қалам ҳақи беролмайди. Дейлик, китобнинг харажати йигирма миллион бўлса, уни сотиб ўн миллион фойда кўриш мумкин, холос. Муаллифга шунинг ўн-ўн беш фоизи берилади. Бу маблағ эса битта китоб учун жуда кам, арзимас.

Болалар аудиториясида ҳам турли характер ва қизиқишга эга ўқувчилар борлиги инобатга олинса, болалар адабиётининг жанр жиҳатидан бирдек ривожланиши талаб этилади. Ўзбекистонда 10 ёшгача бўлган қарийб 8 миллионга яқин бола борлигидан келиб чиқсак, болалар адабиётини жанр жиҳатидан бойитишнинг нақадар долзарблиги аён бўлади. Шу боис турли жанрларда ижод қиладиган болалар ёзувчиларини кашф этиш, уларни рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қандай ишлар қилиниши зарурлиги ҳақида ёзувчи фикрлари билан қизиқдик.

 – Ўзбекистонда ўн мингдан ортиқ мактаб бўлса, унда ҳозир олти миллиондан зиёдроқ ўқувчи бор. Аҳолининг деярли учдан бир қисмини болалар ташкил қилади. Шундай катта аудиторияга болалар адабиётини етказа олмаётганимиз ачинарли. Жанрлар бўйича, ёш категорияси билан боғлиқ муаммоларимиз ҳам кўп. Айнан ёш жиҳатидан болалар адабиётини икки қисмга бўлиш мумкин: болалар ва ўсмирлар. Болалар қисми ҳам ҳар битта ёш бўйича фарқланади. Уларга мос бадиий адабиётни ёзиш керак. Ана шундагина болалар адабиётни тушунади, ўқишга қизиқади. Афсуски, ҳозирги кунда буни амалга оширишнинг имкони йўқ. Чунки айнан ёш категориясини белгилайдиган илмий асослар ишлаб чиқилмаган. Яъни, бир ёшли, уч ёшли бола нечта сўзни билади, қайси сўзларни тушунади, бадиий асарни тушуниш қобилияти қай даражада бўлади, деган масалаларни  ёзувчилар тушунмаслиги мумкин. Буни шу соҳа мутахассислари белгилаб беришлари, илмий мезонларни яратишлари керак. Дейлик, уч ёшли болалар луғати беш юз, тўрт юз сўздан иборат. Ёзувчи айни шу сўзлар доирасида асар ёзиши керак. Бизда бундай мезонлар йўқлиги учун ўн ёшли болага мўлжаллланган эртакни ота-она уч ёшли боласига ўқиб беради, бола эса ҳеч нарсани тушунмайди, кичик бўлса ҳам онгида “бадиий адабиёт шу экан-да” деган тасаввур шаклланади ва бадиий адабиётга нисбатан меҳр уйғонмайди. Ваҳоланки, бу ёшдаги болаларга расмли китоблар кўпроқ қизиқ. Хорижда ўн ёшгача бўлган, ўқишни билмайдиган болалар учун айнан тасвирлар билан безатилган китоблар чиқариш урф бўлган. Уларда матн иллюстрациянинг бир қисмига айланиб кетган бўлади. Ўқувчи ҳам кўради, ҳам ўқийди. Бола эстетик завқ олади.

Жанр ҳақида гапирганда эртакларни, миллий халқона ривоятларни замонавийлаштириш масаласига ҳам тўхталиш керак. Бу кўпчиликка ёқмаслиги мумкин, лекин шунга бадиий-ижтимоий талаб бор. Ўзимизнинг миллий мотивлар ва миллий қаҳрамонларимизни замонавий тилда бадиий асарга айлантириш даври бошланиши керак. Масалан, Саида Рашидованинг кичик ёшдаги болалар учун мўлжалланган “Допка” номли жудаям машҳур китоби бор. Дўппи миллий бош кийимини “допка” деб воқеаларни сюжетга сола олган. Унда кўплаб миллий анъаналаримиз, миллий буюм ва кийимларимиз ҳақида ҳам маълумот берилади. Бундан кўринадики, ўзимиздаги эски анъаналарни замонавийлаштириш ҳам яхши бир жанр бўла олади.

Илм-фан тараққий этаётган давримиздан келиб чиқиб, болалар учун фантастика жанрини ҳам ривожлантириш керак. Унинг ҳам илмий ва фантастик жанрлари бор. Бугунги болалар учун шундай жанрлар қизиқарли. Бунда ўқувчи фантастик воқеалардан завқ олиш билан бирга, аниқ ва ижтимоий фанлар ҳақида билимга эга бўлади. Келажакда ҳам бундай китобларга ошно бўлган болажонлар ихтирочилик, инженерия каби касбларни эгаллашга ҳаракат қилади. Нобель мукофотини олган олимларнинг болалигига назар солсак, улар илмий-фантастик асарларни севиб ўқиганига гувоҳ бўламиз. Хулоса қилиб айтганда, шундай замонавий жанрларни ривожлантириш йўлидан боришимиз лозим. Бу борада салоҳияти юқори бўлган ижодкорларимиз бор. Фақатгина уларга қўллаб-қувватлаш ва эътибор керак.

Болаларга мўлжалланган китоблар фақат бадиий асарлар билан чекланмайди. Болаларни мантиқий фикрлашга ўргатадиган, билим ва қобилиятларини оширадиган, хорижий тилларни ўргатадиган ва одоб-ахлоқни шакллантирадиган турли йўналишдаги савияли адабиётлар ҳам ўта зарурдир.

 – Болалар адабиёти фақатгина бадиий асарлардан иборат эмас. Илмий-интеллектуал асарлар ҳам бўлиши керак. Бу нарсалар бизда бор. Бугунги кунда бўлиб ўтаётган китоб ярмаркаларини ва нашриётларни кузатсангиз, турли мавзудаги, чиройли ва сифатли, нафақат ўзбекча, таржима асарларнинг ҳам кўплиги кўзингизни қувонтиради. Бизда болалар учун яхши асарлар кам эмас, фақатгина болалар бундай китоблар билан таниш эмас, ўқимаган. Етарли эмас дейиш муаммонинг ечими бўла олмайди. Ваҳоланки, турли жанрдаги китобларимиз кўп. Фақатгина китобнинг болага етиб боришида тўсиқларга дуч келаётганимиз, ўқишга бўлган рағбатни уйғота олмаётганимиз асосий муаммоларимиздир. Болалар китоб ўқиса, жамият учун қанчалик керакли инсон бўлишини тушунтира олмаётганимиз, “китоб ўқиб, олим бўлармидинг” деган фикрни бугун ҳам йўқота олмаётганимиз китобларни оммалаштиришимизга ҳалал бермоқда. Медиа воситаларининг болалар учун зарарли экани, улар таъсирида болалар дунёқараши ва психологияси жиддий муаммоларга дуч келаётгани ёки жуда бўлмаганда, кўз нури хиралашаётгани каби биз билган ва билмаган жиҳатларни сўнгги беш-ўн йилликда ота-оналар ҳис қила бошлади. Бугунги болаларнинг ҳаддан ортиқ телефонларга ўрганиб қолиши катталарни қўрқитяпти ва бунинг касаллик эканини билишмоқда. Натижада, аста-секин медиа воситаларини чеклашга интилиш пайдо бўляпти. Энди, ўз навбатида, яна китобларга бўлган эҳтиёж уйғонмоқда. Бозорларда ҳам талаб аввалгига қараганда бирмунча ортган. Биз бу жараёндан оқилона фойдаланган ҳолда, китобларни ижтимоий тармоқларда, телевидениеда кўпроқ тарғиб қилиш йўлидан боришимиз керак.

Болалар адабиёти – фақат ёзувчи ва соҳа вакилларининг томорқаси эмас, унинг гуллаб-яшнашига ҳамма соҳадагилар масъул, аслида. Чунки ундан ҳосил бўлган мевалар сизу бизнинг фарзандларимиз истиқболини белгилаб беради. Бугунги глобал ўзгаришлар даврида базўр жон сақлашга уринаётган болалар адабиётига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратилиши ва бу борада ҳам зарурий чоралар кўрилишидан умидвор бўлган ҳолда, шу соҳада жон куйдириб меҳнат қилаётганлардан қўлларини ювиб, қўлтиққа урмасликларини, ҳеч бўлмаганда, миллат болалари истиқболи учун ҳам интилишдан тўхтамасликларини сўраган бўлар эдик. Болаларимизга томчи-томчи бўлиб етиб бораётган адабиёту китоблар кун келиб, денгизга айланар!

Азиз МАТЯКУБОВ тайёрлади