Миллий гвардия ўз тизимига кирувчи От спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактаби учун 10 дона тоза зотли отларни харид қилиш учун тендер эълон қилди.
23 июнь куни эълон қилинган тендернинг техник шартларига кўра, отлар 7-11 ёш орасида ҳамда Халқаро от спорти федерациясининг (FEI) от спорти бўйича талабларига тўлиқ жавоб берадиган бўлиши керак.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг ҳомийлик маблағлари эвазига харид қилинадиган ушбу отлар учун, ҳар бирига 2,3 млрд сўмдан жами 23,3 млрд сўм ажратилади (тахминан 2 млн АҚШ доллари).
Қайд этилишича, ушбу харид Президентнинг 2021 йил 5 августдаги ПҚ-5211-сон қарорига асосан амалга оширилади. Мазкур ҳужжат 2-иловасига кўра, Миллий гвардия ва яна бир қатор тегишли вазирлик ва идоралар биргаликда 2021 йилнинг декабрига қадар От спорти бўйича Республика олий спорт маҳорати мактабини айрим замонавий спорт жиҳозлари ва анжомлар билан таъминлаш бўйича Ҳукуматга фармойиш лойиҳасини киритишлари керак бўлган.
Унга кўра, мазкур спорт мактабига:
- халқаро от спорти талабларга жавоб берадиган 10 бош от;
- машғулот жараёнида фойдаланиш учун инновацион от симулятори (электрон от);
- нуфузли мусобақаларда фойдаланиш учун 20 дона эгар жамланмаси;
- отларни сунъий югуртирувчи электрон сувли йўлак;
- мултимедиа технологиялари, от модуляторлари харид қилиниши белгиланган.
Миллий гвардия қўмондонининг тарбиявий ишлар, кадрлар ва ёшлар масалалари бўйича ўринбосари С.Мамаюсупов имзолаган ҳужжатга кўра, отлардан ушбу спорт мактаби чавандозларининг халқаро от спорти мусобақалари (Жаҳон кубоги, Миллатлар кубоги, Евроосиё кубоги, Жаҳон чемпионати ва Осиё ўйинлари босқичлари)га тайёргарлик кўриш ва уларда муваффақиятли иштирок этиш мақсадларида фойдаланилади.



