Янги уйга кўчиб ўтганимизга кўп бўлгани йўқ. Уйимиз ёнида яна қўшимча уй қуриляпти. Кейинги пайтларда бу оддий ҳолатга айланиб қолди. Яъни тадбиркорлар катта-катта майдонларга қўша-қўша уйлар қуряпти, баъзан эса кичик ҳудудларга ҳам уйларни зич қилиб, “тахлаб ташлашяпти”.
Пойтахтда янги уйлар бири топширилиб, иккинчиси қурилишда давом этмоқда. Кўчиб ўтганлар эса навбатдаги бино қурилишининг чанг-тўзони, тақир-туқури ва бошқа бир қатор ноқулайликларига чидашга мажбур.
Айниқса, дам олиш кунлари эрта тонгдан бошланадиган кучли шовқин-сурон одамга роса ёқади-да. Киройи ҳордиқ бўлса, шундай бўлса, деб юборасан. На илож, ўзбекчилик, бири кўз, бири қош, улар ҳам соя-салқинда ишлаб олишсин, деймиз. Аммо мени бошқа бир масала, ишчи-ходимларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ва саломатликлари кўпроқ ўйлантиради.
Уйимиз ёнидаги қурувчилар мисолида айтадиган бўлсам, мана салкам бир йил давомида улар фақат бир мартагина – Янги йил арафасида дам олишди. Қолган пайтларда на бир байрам, на шанба-якшанба дам олишганини билмайман. Баҳор бошланиши биланоқ, қуш уйқудан турган пайтдан улар ҳам иш бошлашади. Айни кунларда эса кечалари ҳам тиним билишганлари йўқ.
Биринчидан, дам олишсиз ишлаш уларнинг саломатликларига салбий таъсир қилиши аниқ. Бу бирдан сезилмаса ҳам, кейинчалик албатта ўз аломатларини кўрсатади.
Иккинчидан, доимий чарчоқ иш сифатига ҳам таъсир этади. Ҳориган, толиққан вужуд бу ҳақда ўйлаб ҳам ўтирмай, вазифани тезроқ тугатиш пайида бўлади.
Қурувчилик хавфли ва оғир касблардан ҳисобланади. Иш қуроллари, меҳнат шароити, умуман, улар бажарадиган ҳар бир жараён эҳтиёткорлик, эътибор ва сергаклик талаб этади. Акс ҳолда баланд бинолар, оғир меҳнат қуроллари уларнинг ҳаёти учун ҳавфга айланиши мумкин.
Шу ўринда савол туғилади: аслида уларнинг ҳам иш графиги бўлиши керак эмасми? Кун давомида неча соат ишлаб, неча соат дам олишлари керак? Ахир улар ҳам тирик жон, бир кун соғлом бўлса, эртага касал бўлиб ётиб қолишлари ҳам ҳеч гап эмас. Қурилиш фирмалари нега шу масалаларга эътибор қаратишмайди?
Қолаверса, уларнинг еб-ичиши ҳам ҳаминқадар эканини яхши биламиз. Барча масъуллар ҳам уларни бепул иссиқ овқат билан таъминламайди. Шундоқ ҳам меҳнат ҳақлари вақтида берилмаслигидан нолийдиган ишчилар эса ҳар куни овқат тайёрлаб ейишга ихлос қилмасликлари тайин. Кўплари ярим тайёр маҳсулотлар, енгил таомлар билан чекланишади. Бу албатта саломатлик учун зарарли эканини яхши биламиз.
Пойтахтдаги ишчиларнинг аксарияти вилоятлардан келгани сабабли қурилиш бўлаётган жойнинг ўзида қолишади. Албатта ҳамма фирма ҳам уларга алоҳида хона ажратиб бермайди, шу боис ишчилар маълум вақт яъни бинони топширганларича қурилиб битмаган уйларда яшашга мажбур бўлишади. Санитария гигиена тарафдан қараганда, бу меҳнат кишиларига қатор муаммоларни келтириб чиқариши табиий.
Инсон қадри, деймиз, ҳамма нарса инсон учун деймиз, лекин ана шу қадр баландпарвоз гаплардан эмас, қулай меҳнат шароити, муносиб иш ҳақи, яхши ҳордиқдан бошланишини корхона-ташкилот раҳбарлари ҳам инобатга олишлари шарт ва зарур.
Гулрухбегим ОДАШБОЕВА,
Ishonch.uz
