Чирчиқ давлат педагогика университетининг 120 нафар талабаси ёзги таътилни Германияда  ўтказяпти

162

Чирчиқ давлат педагогика университети дунёдаги 20 дан ортиқ нуфузли олий таълим муассасалари билан яқиндан  ҳамкорлик қилади. Ўзининг янги тарихи, илмий педагогик атмосфера лидерлик ва замонавий таълим шаклига эга университетда кадрлар тайёрлаш жараёни Ўзбекистонда ягона бўлган педагогик таълим инновацион кластери асосида йўлга қўйилган.

Илм даргоҳида “Молекуляр биология ва биоинформатика”, “Генетика ва ўсимликлар биотехнологияси”, “Aмалий физика”, “Ионалмашинувчи моддалар кимёси”, “Композицион материаллар кимёси” каби замонавий илмий лабораториялар ҳамда географик смарт амалий машғулот хоналари ташкил этилган бўлиб, талабалар, магистрлар ҳамда тадқиқотчилар падагогика доир  илғор илмий-тадқиқот ишлари олиб бормоқда.

Университетда “дуал таълим” йўлга қўйилган бўлиб, бу талабаларга иккита мутахассисликка эга бўлиш имконини беради.  Бунда истовчилар тўловни амалга оширган ҳолда ўз аризасига мувофиқ қўшимча дарслар олиш имконига эга бўлади.

Замонавий, қулай талабалар турар-жойи хорижий тилларни бепул ўргатувчи speeking club, караоке, гимнастика хоналари, кутубхона, теле ва радио студия, шу билан бирга, замонавий тикувчилик хоналарига  ҳам эга.
Кеча университет масъуллари ва журналистлар иштирокида бўлиб ўтган брифингда абитуриентлар учун қабул жараёнлари ва олий таълим масканидаги шароит ва имкониятлар хусусида батафсил маълумот берилди.

Таъкидландики, Чирчиқ давлат педагогика университетига 2023-2024 ўқув йили қабул жараёнига бакалавр кундузги, сиртқи ва кечки ўқиш шаклларида, магистратура мутахассисликларига эса фақат кундузги шаклда қабул амалга оширилади.

– Жорий йил 15 июндаги “2023/2024 ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги Президент фармонига мувофиқ, Чирчиқ давлат педагогика университетига кундузги таълим шаклининг 27 та таълим йўналишига грант асосида 550 та квота ажратилган бўлиб, бу ўзбек, рус, тожик ва қозоқ тиллари кесимида амалга оширилади. Кундузги таълим шаклининг тўлов-шартнома шаклига эса Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги билан келишилган ҳолда 1615 та квота (жами: 2165 та) ажратилди, – дейди ЧДПУ қабул комиссияси масъул котиби Воҳид Файзиев. – 15 та магистратура мутахассисликларига 60 та грант ва тўлов-шартнома асосида 132 та, кечки таълим шаклига эса 10 таълим йўналиши бўйича тўлов-контракт асосида 575 та квота ажратилган.

Ушбу ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълимда педагогиканинг 13 таълим шакли бўйича 1170 та квота ажратилган бўлиб, уларнинг барчаси тўлов-контракт асосида амалга оширилади.

Шунингдек, мутахассисга кўра, бу йил кундузги ва сиртқи таълим учун янги психология: амалий психология ва психология (фаолият турлари бўйича) магистратура мутахассисликлари бўйича қабул амалга оширилади.

Туризм салоҳиятини ривожлантириш учун гид ҳамроҳлиги, шу билан бир қаторда, жисмоний имконияти чекланган абитуриентлар учун сурдопедагогика йўналиши бўйича ҳам талабалар қабул қилинади.

Президентимизнинг 2022 йил 21 июндаги қарорига асосан жорий ўқув йили қабулидан бошлаб педагогик кадрлар тайёрловчи олий таълим муассасаларининг 14 та таълим йўналишлари бўйича сиртқи таълим шаклига қабул амалга оширилмайди.

Ижодий имтиҳонлар мавжуд таълим йўналишлари, жумладан жисмоний маданият, мусиқа таълими ҳамда тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналишларига ҳужжат топширган абитуриентлардан фақат битта олий таълим муассасасини танлаши ҳамда ижодий имтиҳон ва қолган учта мажбурий фанларни топшириши талаб этилади. Қолган таълим йўналишларига ҳужжат топширган таълим йўналишлари эса бир вақтнинг ўзида 5 та имтиҳон фанлари тўғри келадиган таълим йўналишларини танлаш имкониятига эга.

Хотин-қизлар учун қўшимча 2000 та давлат гранти асосидаги қабул кўрсаткичларининг ҳудудлар кесимидаги тақсимоти тасдиқланди, шундан Тошкент вилояти учун – 177 ўрин ажратилган.

Талабаларнинг назарий ва амалиёт бирлигини таъминлаш учун бугунги кунда 4+2 системаси амалга оширилмоқда. 4 кун давомида аудиторияда назарий билимлар олиб, 2 кун давомида олган билимларини мактабларда мустаҳкамлашади. Бу уларга педагогик кўникмаларини шакллантириш имконини беради.

Халқаро алоқалар бўлими бошлиғи Муҳриддин Муҳаммедов университетнинг хорижий давлатларнинг нуфузли олий таълим муассасалари билан ҳамкорлиги хусусида гапириб берди.

ЧДПУ нафақат маҳаллий, балки халқаро олий таълим муассасалари орасида ҳам ўз ўрнини топиб келмоқда. Ривожланган давлатлардаги кўплаб университетлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатган. Бу ҳамкорлик доирасида талабалар ва ўқитувчилар ўртасида алмашинув, илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтяпти. Ўтган ўқув йилида 80 нафардан ортиқ хорижий мутахассис ва профессорлар ўқув жараёнларига жалб қилинди.

Қайд этилишича, қўшма дастур асосида Белорусиянинг Магилев давлат университетида 45 дан ортиқ бакалавр босқичи табалари ҳамда 3 нафар магистр 3+2 системаси асосида таълим олишмоқда.

Шунингдек, талабалар орасида хориж давлатларига мобил дастурлари асосидаги ташрифлар йўлга қўйилган. Айни кунларда ёзги таътилдан унумли фойдаланиш мақсадида 120 нафар талаба Германияга юборилди. Ёшлар 2 ой давомида у ердаги муҳит, туристик салоҳият билан танишиш билан бирга, ишлаш, тажриба орттириш имконига эга бўлишади.

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА,
“ISHONCH”
Эъзоза Умрзоқова олган суратлар.