ССВ вазири: «Суперконтракт»ни йўқ қилиш бўйича ҳукуматга таклиф киритганмиз»

53

Тиббиёт йўналишидаги «суперконтракт» масаласида фикрим ижобий эмас, деган соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов ОАВ ходими билан суҳбатда.

Вазирнинг сўзларига кўра, тиббиёт соҳасига киришда «суперконтракт»ни бутунлай йўқотиш бўйича ҳукуматга таклиф киритилган ва бу соҳада сиртқи таълимни очиш ҳам режалаштирилмаяпти.
«Суперконтракт» масаласида, албатта, фикрим ижобий эмас. Тиббиётда ўқиш осонмас. Мана, ҳозир нима учун тиббий таълимни тўлиқ трансформация қиляпмиз? [Тиббиёт йўналишидаги талаба] энди икки босқичда имтиҳон топширади. Учинчи курс тугаганидан кейин фундаментал фанлар бўйича биринчи имтиҳонни топширади. Ушбу имтиҳонни ўша олий таълим муассасаси ўқитувчилари эмас, умуман бошқа ташкилот [вакиллари] олади. Фундаментал фанлар имтиҳонидан ўтган талаба 4−5−6-курсларда клиник фанлар бўйича ўқитилади ва кейин иккинчи марта имтиҳон топширади.

Талабанинг ҳам фундаментал, ҳам клиник фанларни тўлиқ халқаро даражада эгаллаганидан кейин ишлашига рухсат берилади», — деди ССВ раҳбари.
Вазир журналистнинг «тиббиёт соҳасида „суперконтракт“ бутунлай йўқолиши мумкинми?» деган саволига қуйидагича жавоб берди: «Албатта, буни ҳукумат белгилаб беради. Биз ҳукуматга таклифимизни киритганмиз».

Журналист: Таклифингиз тиббиёт соҳасида «суперконтракт»ни йўқотиш бўйичами?
Амрилло Иноятов: Ҳа, шунақа.
Шунингдек, ССВ раҳбари «суперконтракт» йўқоладими-йўқми, асосий эътиборни ОТМларда таълим бериш ва талабаларнинг билимини текширишга қаратиш кераклигини таъкидлади.

«Гап [талабанинг] ўқишида ва бизнинг фильтримизда. Хоҳлаган талаба («суперконтракт») кириши мумкин, бутун дунёда тенденция шунақа. Билими бўлса, малакаси бўлса, кириши мумкин: у «суперконтракт»га кирадими, ўз билими билан кирадими… Энг асосийси, биз фильтрни халқаро талаблар даражасида қилиб қўйсак, ўзи ҳамма (талаба) фильтрланади», — деди у.