«Чорсу»даги сифатсиз гўшт бозори, дориланган мевалар ва яроқсиз айрон-гўжа

182

Заҳарланаётган фарзандлар тақдири учун ким масъул?

Ёзнинг жазирама кунларида одамнинг салқин ичимликлар ичгиси, муздеккина қовун-тарвузлар ейишни исташи табиий. Лекин пулнинг кетидан қувиб, кўпроқ ҳосил олиш мақсадида полиз маҳсулотларига заҳарли кимё воситаларини беаёв қўллаган кимсаларни қандай аташ мумкин? Бир жумла билан айтсам, булар ўз юртини, юртдошларини севмайдиган, ардоқламайдиган, ватанпарварлик кўчасидан ўтмаган кишиларнинг иши. Энг аянчлиси бундай заҳарланган мевалардан касалланганларнинг кўпи–болалардир!

“Нитратометр”га зарурат кучаймоқда

Бундан неча ўн йиллар аввал япониялик меҳмонлар бозоримизда ҳўл мевалар харид қилишдан олдин қандайдир бир қўл асбоби билан улардаги кимёвий қўшимчани ўзлари аниқлаб, лозим топишса, маҳсулотларни сотиб олишганини кўрган эдим. Шуни эсладим-да, ўшандек кимёвий заҳар даражасини ўлчайдиган НИТРАТОМЕТР асбоби бизда ҳам сотилармикан, деб интернетдан қидирдим. Ҳа, бундай қўл асбоби бор экан. Уларнинг рус, украин ва молдовалик тадбиркорлар томонидан сотилаётганини билдим. Нархи бир миллиондан бошланар экан. Тадбиркорларимиз шу асбобни Ўзбекистонга олиб кириш ва ишлаб чиқариш борасида бизнес – режа тузсалар жуда яхши бўлар эди. Зеро, рақобат кучайиб, қачондир халқнинг чўнтаги кўтарадиган ҳамёнбоп нархда чиқармиди?!

Яқин ўтмишда полиз маҳсулотларидан заҳарланишлар кучайиб, ҳатто ўлим ҳолатлари ҳам тез-тез кузатиларди. Шунда ёш фарзандларимизни заҳарланишдан эҳтиёт қилиш учун биринчи кун ўзимиз – катталар ер, эртасига эса музлатгичда сақланган қовун ёки тарвуз бўлагидан болаларимизга берар эдик. Шукурларки, бундай оммавий заҳарланишлар яқин тарихда қолиб кетганди. Ўтган йили эса яна полиз маҳсулотларидан заҳарланиш кузатила бошланди. Шундай жазирамада полиз маҳсулотларини тановул қилишдан тийилиш ёки тақиқлаш билан масалани ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг ечимини узил – кесил топиш керак.

Айрон ва гўжа тайёрлаш илмига риоя қилиняптими?

Кўчадаги салқинловчи ичимликларга келсак, тайёрлаш жараёнида қўлланиладиган сувни қайнатиб, совутиб ишлатиш шарт. Бироқ шундай қилининаётганига ким кафолат беради? Ҳатто суви қайнатилган тақдирда ҳам муаммо тугамайди. Маълумки, айронга райҳон, олма, сузма, қатиқ каби маҳсулотлар солинади. Гўжа ёки айронга райҳон ва бошқа кўкатларни перекись водород солинган сувда маълум вақт ушлаб турилганига ким гувоҳлик беради? Бундай салқинловчи ичимликларни тегишли санитария — гигиеник талабларга асосланиб тайёрлаш кераклиги хусусида одамларнинг билими етарли, деб айтиш қийин. Акс ҳолда бугун мазкур масалани кўтармас эдик.. Айтайлик, сувни қайнатиб, совутиб ҳам ишлатди. Лекин унга солинадиган райҳонми, олмами, буларни хом сувда ювиб, ишлатилса, сувнинг қайнагани бекор. Демоқчиманки, бир иш бошлар экансиз, унинг тўғри технологиясини ҳам яхшилаб ўрганинг. Чунки сут ва бошқа маҳсулотларнинг сақлаш муддати ёки бактерецид фазаси бўлади. Бундай миришкорларга айтмоқчи эдим: топган пулингиз росмана ҳалол бўлиши учун тадбиркорлигингиз йўналишида илм олинг. Сотаётган маҳсулотингиз технологиясига тўлиқ амал қилинг! Шунда мижозингиз қочмайди ёки азият чекмайди. Кўчаларимизда сотилаётган қўлбола ичимликларни тегишли технологияда тайёрламай, сотаётган шахсларга нисбатан текшириб чора кўришга санитария —эпидемиология ходимларида ваколат йўқ.

Гўшт бозорида кузатганларим

Бозордаги «Ветлаборатория»лар борасида айтиш мумкинки, улар аксари кўзбўямачилик учун ишлашади. «Чорсу»даги гўшт бозори, тўғрироғи, калла – почча сотадиган бозорга бориб кўринг. Чиқинди гўшт бўлаклар ерга шундоқ, очиқ ташлангани, албатта уларни пашша, арилар талаганини кўрасиз. Сотувчиларга: “Буларни полиэтелен пакетларга солиб, махсус жойга ташламайсизларми?”, десам, кулишди. Хом гўшт чиқиндиларини кунда шундай ташлашларини айтишди. Ахир бу чиқиндиларда, айтайлик, эхинококк таёқчаси бўлса — чи? Бу даҳшатли таёқча ерга кўмилганидан кейин 20 йилда ҳам яшаб қолади. Кўрамизки, яна билимсизлик, илмсизлик бизга панд бермоқда.

“Ботулла” таёқчасидан эҳтиёт бўлинг

Консерва маҳсулотлари умуман фойдали, деб айта олмаймиз. Аксарият бекаларимиз турли мевалардан компот тайёрлаб, қишга заҳира қилишни яхши кўришади. Аммо ҳамма ҳам бундай компотларнинг қай даражада зарарли эканини ОАВ орқали қилинган чиқишлар ва ижтимоий тармоқлардан билиб, тегишли хулосалар чиқараётгани йўқ. Шуни айтиш лозимки, кислород йўқ бўлган шиша идишда аввало инсоннинг асаб толаларини мажруҳ қилувчи, мудраб ётувчи, даҳшатли ботулизм таёқчаси бўлади. Мазкур таёқча санитария жиҳатдан тўлиқ зарарсизлантирилган идишдагина бўлмаслиги мумкин, аммо ҳозирги экология олдингига нисбатан анча ёмонлашганини инобатга олсак, стирилизация қилинган идишга ҳам то идишнинг қопқоғини ёпгунингизгача ҳаводан микроблар ўтириши мумкин. Кейин эса кислород йўқ муҳитда улар шитоб билан ривожланади. Ботулизм таёқчаларининг хавфи шундаки, улар бошқа микробларга ўхшаб маҳсулотнинг рангни, тусини ва ҳидини ўзгартирмайди. Аммо заҳари кобра илондан нисбатан 350 минг марта кучли бўлади. Тупроқда ҳам ўнлаб йиллар давомида турли шароитда яшаб қолади. Шунинг учун уй бекаларимиз юқори даражада санитар тозалик ва стирилизация ҳолатини яратиб, сўнг консерва бекитмасалар, яхшиси бекитмаганлари маъқул. Заруратга кўра, махсус заводларда ишлаб чиқилган консерва маҳсулотларини сотиб олиш мумкин, аммо уларни ҳам хавфсиз, дея олмаймиз. Шундай экан, мен тиббиёт йўналишида узоқ ишлаган ва шу соҳага қизиққан инсон сифатида ўз қўли билан консерва маҳсулотлари ва компотларни тайёрлаб, оила аъзоларининг олқишига сазовор бўлишни истаган уй бекаларига илмингизни оширинг, фарзандларингиз саломатлиги барча нарсадан устун эканлигини унутманг, деб қоламан.

Нодира ДЎСТХЎЖАЕВА,
филология фанлари номзоди