10 минг нафар болажонни соғломлаштирган «АНОР» 5 ёшда

55

Оқшомнинг файзли дамларида сўлим Бўстонлиқ тоғларида жойлашган Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясига қарашли “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳига кириб борар эканмиз, бизни миллий либосдаги юз-кўзлари кулиб турган болажонлар кутиб олишди.

Бу ерда ҳали қайноқ ҳаёт давом этарди. Бир тарафда йигитлар волейбол ўйнаган, бошқа бир гуруҳ шахмат-шашка билан овора, кимдур қоғозга тоғларнинг гўзал манзарасини муҳрлаган, яна бир қизлар жамоаси завқланиб суҳбатлашган кўйи бисердан буюмлар ясашмоқда…

– Оромгоҳ сизларга ёқдими, сўраймиз болажонлардан.

– Жудаям ёқди, – жавоб беради дўсти билан бадминтон ўйнаётган болакай. – Ўтган йили албатта яна шу ерга келаман, деб ният қилгандим. Мана, яна ёзги таътилда укам билан “Анор”га келдик. Янги дўстлар орттирдим. Афсус, бугун мавсум якунланади. Эртага уйга қайтамиз. Албатта ота-онамиз олдига бориш яхши, лекин оромгоҳни, дўстларимни, бу ердаги қизиқарли ўйинлар ва мусобақаларни соғинамиз.

12 ёшли Сардорнинг гапларида жон бор эди. Кириб келишингиз билан болалик нафасини берувчи ажойиб манзара, гўзаллик, буларни соғинмасликнинг асло иложи йўқ.

– Тарбиячилар бизга жуда меҳрибон. Бу ерда вақтни мароқли ўтказдик. Тўгараклари қизиқарли. Менга айниқса, хамирдан турли нарсалар ясаш, бисер машғулотлари жуда ёқади. Ошпазларнинг ҳам қўли жуда ширин, овқатлари мазали, – дейди бизга Гаити ҳақида ҳикоя қилиб берган жажжи Шаҳло.

Яна болажонлар бизга кутубхонадаги қизиқарли китоблар, ўқиган афсона ва эртаклари, ёд олган шеърлари, ҳар оқшом ўтказиладиган турли мусобақалар ҳақида ҳаяжон билан гапириб беришди. Уларнинг қувончли таассуротларини тинглар эканмиз, биз ҳам бахтиёр болаликнинг шодон кунларига бир дам қайтгандек бўлдик.

— Бугун бизнинг масканда катта тантана, – дейди спорт мураббийи Гулмира Пўлатова.

– Оромгоҳимиз ташкил топганига 5 йил бўлди. Бу давр мобайнида 10 минг нафарга яқин болажонларни соғломлаштирдик. Ҳар йили, ҳар йил мавсумда уларни қизиқтириш мақсадида турли тўгараклар, дастурлар тайёрлашга ҳаракат қиламиз. Ҳар бир мавсум давомида бир ярим минг нафардан ортиқ болажон дам олади.

Оромгоҳда болалар нафақат дам олишади, балки жисмоний чиниқишади ҳам. Бунинг учун сузиш, югуриш, воллейбол, баскетбол бўйича қувноқ стартлар мусобақаларини ўтказамиз. Уларда болалар қизиқиш билан иштирок этишади. Шунингдек, уларни касбга йўналтириш мақсадида турли соҳа вакилларини ҳам оромгоҳга таклиф этиб, маҳорат дарсларини ташкил этиб турамиз. Болалар ўзлари тайёрлаган ишлардан бошқача завқ олишади.

Оромгоҳнинг 5 йиллигига бағишланган тантанали тадбирни директор Ўлмас Мўминов кириш сўзи билан очиб берди. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев, Касаба уюшмалари Федерацияси Тошкент шаҳар кенгаши раиси Сайфулла Аҳмедов, “Ishonch” ва “Ishonch–Доверие” газеталари бош муҳаррири Ҳусан Эрматов, Олмалиқ кон-металлургия заводи касаба уюшмаси раиси Абдурашид Ҳайдаров ва бошқалар оромгоҳ ва масъуллари ва болажонларни табриклаб, дил сўзларини баён этишди.

Шундан сўнг анъанага мувофиқ баланд олов ёқилиб, ҳамма биргаликда ўйин-кулгу қилди. Байрам болажонлар тайёрлаган куй-қўшиқлар, мафтункор рақслар билан давом этди. Биз бундай шодон кунлар уларнинг ҳаётида кўп-кўп бўлишини тилаган ҳолда болалар билан хайрлашдик.

Гулрухбегим ОДАШБОЕВА,
ishonch.uz