Жорий йил 20 июль куни Фарғона шаҳар Янги Аср кўчасида жойлашган қурилиши тугалланмаган бино ёнидан 11 ёшли қизчанинг мурдаси зўрлаш ва қотиллик аломатлари билан топилган.
Бош прокуратура берган маълумотга кўра, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97 (Қасддан одам ўлдириш), 118 (Номусга тегиш) ва 119 (Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов давомида ушбу жиноят содир этишда гумонлаётган 17 ёшли шахс аниқланиб, процессуал тартибда ушланган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалганидек, воқеа содир бўлган куни гумонланувчининг ёнида бўлган икки нафар шерикнинг ҳам ушбу жиноятга алоқадорлиги текшириляпти.
Бош прокуратура содир этилган қилмиш жинсий жиноятлар тоифасига тегишли бўлганлиги сабабли бошқа тафсилотлар ошкор қилинмаслигини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 январь куни Тошкент шаҳар Янгиҳаёт туманида 12 ёшли қизнинг зўравонлик аломатлари билан жасади топилган ва кейинчалик қўлга олинган педофил-қотил 26 май куни суд томонидан умрбод озодликдан маҳрум қилинган эди.
