Тўрт қатор муносабат билдиришга ярамаётган матбуот хизматлари

213

Улар кимга ва нимага керак?

Раҳбарлар «пиар»и учун ишлаётган матбуот котиблари ҳақида…

Яқинда Ishonch. uz сайтида “Коррупциянинг ҳиди келаётган сув омбори», «Ishonch» газетасида эса “БУЛУНҒУР СУВ ОМБОРИ: қурилишдаги қинғирликлар туфайли муаммолар гирдобида қолган Пахтабоши қишлоғи аҳли дардини кимга айтишни билмаяпти” сарлавҳали мақолалар эълон қилинган эди. Уларда Самарқанд вилоятидаги Пахтабоши қишлоғида 2019 йилда бошланган Булунғур сув омбори қурилиши ҳалигача якунига етмасдан чўзилиб келаётгани, қурилишда тўрт йил ичида тўрт марта раҳбар ўзгаргани ва омбор қурилиши сифатсиз кетаётгани ҳақида сўз борган эди.

Шунингдек, қишлоққа кириладиган йўл абгор аҳволга келиб қолгани, оқар сув берилиши тўхтатилгани боис, одамлар деҳқончилик қилинадиган ерларни суғоришга қийналаётгани ва қишлоққа юқори кучланишли трансформаторлар кераклиги айтилганди.

Ҳудудлардаги ташкилотларнинг матбуот котиблари одатдаги фаолиятига оид тартиб-тамойилга кўра, улар ОАВда кўтарилганида муаммони ўрганиб, расмий муносабат билдиришлари ва кўрилган чора-тадбирлар ҳақида ахборот беришлари керак. Аммо, таассуфки, сув омбори қурилишига масъул ташкилот бўлган Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби ҳам, Самарқанд вилояти ҳокимининг матбуот котиби ҳам бир энлик расмий муносабат бермади. Булунғур туман ҳокимлиги матбуот хизмати эса ҳалигача уйғонгани йўқ.

Ваҳоланки, ҳокимлик ва вазирликлардаги масъуллар фидойилик билан ишлаганида, бугун жойларда, туман ва қишлоқларда муаммолар устига муаммолар қалашиб кетмаган бўларди. Бу борада матбуот котиблари фаолиятини назорат қилувчи АОКА айрим матбуот котиблари учун махсус «Танқидий-таҳлилий чиқишларга тезкорлик билан расмий муносабат билдириш» мавзусида семинар тренинг ташкиллаштирса бўларкан.

Биз эса мақолада кўтарилган муаммолар ечимини топишини истаганимиз сабабли масъулларга сим қоқиб, пахтабошиликларнинг муаммо ва хавотирлари уларни қай даражада қизиқтираётгани, ечими устида ишланаяптими, йўқми, билмоқчи бўлдик.

Сув хўжалиги вазирлигининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Шуҳрат Суюнов билан боғланиб, масалага изоҳ сўрадик. У мақоладан сўнг ҳукумат комиссияси тузилиб, қурилиш текширилаётганини, текшириш 1 августгача давом этишини ва натижалар маълум бўлгач, мақолага муносабат билдирилишини маълум қилди.

Мақолада келтирилган йўл, сув ва электр муаммоларига ойдинлик киритиш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокимининг ахборот сиёсати масалалари бўйича маслаҳатчиси Монучеҳр Мирзаев билан ҳам боғландик. У мақола эълон қилинган куннинг эртасигаёқ вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Ибрагимов ва Булунғур тумани ҳокимлиги масъуллари ҳолатни ўрганиш учун Пахтабошига бориб, қишлоқ аҳли билан учрашгани ва нима қилиш кераклиги борасида маслаҳатлашиб олишганини айтди (Ҳар тугул, матбуот котиби шу жойда эътиборсизлик қилмабди, бунинг учун раҳмат). Ҳозирча омбор қурилиши давом этаётгани, агар қишлоқдаги 3 километрлик йўл асфальт қилинса, катта юк машиналари йўлга зарар етказиши ҳисобга олиниб, тош қоплама тўшаладиган, бир четидан одамлар ва ўқувчилар ҳаракатланадиган йўлак қилинадиган бўлибди.

– Трансформатор масаласида ноябрь ойигача бирор ваъда беролмаймиз, – дейди Монучеҳр Мирзаев. – Чунки ўрганишлар натижасида, электр масаласида ҳудудда режага асосан катта ишлар олиб борилаётгани маълум бўлди. Ноябрь ойидан кейин имкониятга қараб, қишлоққа янги трансформатор ҳам ўрнатиб беришга ҳаракат қиламиз.

Ҳозир сув омбори қурилаётгани боис қишлоққа келувчи оқар сувлар тўхтаб қолган. Асосан деҳқончилик билан шуғулланувчи қишлоқ аҳли эса ер тагидан насос ёрдамида сув чиқармоқда. Аммо бу сувлар ҳам шўр. Хуллас, сув ва электр масаласи барибир очиқ қолмоқда.

Шундан сўнг биз Пахтабоши қишлоғи фаолларидан бири, нафақадаги педагог Бозорбой Бобомуродов билан гаплашдик. У киши, ҳақиқатан ҳам, масъуллар келиб, қишлоқ аҳли билан учрашгани ва чанг йўлга тош тўкиш ишлари бошлаб юборилганини, раҳбар ўринбосарлари келгусида симёғочларни алмаштириб беришни ҳам ваъда қилишганини айтди.

Албатта, масъулларнинг «уйғонгани» ва қишлоқнинг абгор йўлларини эпақага келтириш борасида ижобий ўзгаришлар бўлаётгани яхши. Аммо ҳали хурсанд бўлишга эрта, назаримизда. Чунки иш эндигина бошланди. Қолаверса, Булунғурда бу каби муаммолардан қийналган фақатгина бу қишлоқ одамлари эмас экан, тумандаги «Фозил Йўлдош» маҳалласида ҳам ичимлик суви учун эрталаб ва кечқурун 15-20 хўжалик оралиғида ўрнатилган кранларда одамлар турнақатор навбатда туришар экан.Умуман олганда, Булунғурда талай муаммолар йиғилиб қолган кўринади. Эҳтимол, туман ҳокими ҳам бу ерларга келмаганига, одамлар билан гаплашмаганига анча бўлгандир?

Президентимиз халққа яқинроқ боринглар, мулоқот қилинглар, одамларнинг дардини эшитинглар, деб турган бир пайтда ҳудуддаги ҳокимлар ўз аҳолиси билан мулоқот қилишга ошиқмаётгани, оқибатда одамларда ҳам муаммолари ечим топишига умид ва ишонч камлиги ажаблантирди бизни.

Пахтабоши аҳлининг муаммолари ва сув омбори қурилиши масаласида эса биз ҳозирча масъуллар уйғонгани ростмикан деган ўйдамиз, холос. Монучеҳр Мирзаев вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов меҳнат таътилида эканини, у таътилдан қайтгач, Булунғур, хусусан, Пахтабоши томонларда сайёр қабул уюштиришни ўйлаётганини айтди. Қани кузатайлик-чи, бу гаплар нечоғли амалга ошар экан?

Шу билан бирга, омбор қурилишини ўрганиш бўйича тузилган комиссия бу ердаги маҳаллий халқнинг келгуси ҳаёти учун масъулиятни ва кўндаланг турган хавф масаласини нечоғлик ҳис қилаётган экан? Зеро, йўл қўйилган камчиликларни ҳозир тузатиш имкони бордир, аммо кейин кеч бўлиши мумкин. Шу боис масъуллар томонидан амалга оширилиши айтилаётган ваъдалар ижроси билан яна қизиқамиз. Мақсадимиз қишлоқларда яшаётган аҳолининг ҳам ҳеч бўлмаганда, энг биринчи муҳим зарурат — йўл, сув, электр ва ҳавфсизлик масаласидаги эҳтиёжлари қондирилиши керак. Улар ҳам муносиб яшашга ҳақли.

Зебо Намозова,
«ISHONCH»