Бахмал туманида 60 фоиздан зиёд аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш тубдан яхшиланади

47

«Жиззах сув таъминот» МЧЖ томонидан берилган маълумотга кўра, вилоят аҳолисининг 62 фоизи тоза ичимлик сув билан таъминланган, қолганлари муқобил ичимлик сув манбаларидан фойдаланиб келишмоқда. Баъзи аҳоли пунктларида бу борадаги вазият анча мушкул. Сув олиш иншоотларининг аксарияти ўтган асрнинг 70-80 йилларида қурилгани ҳамда жуда эскириб кетгани туфайли уларнинг қуввати 3 баробардан кўпроққа қисқарган. Боз устига, зарарсизлантирувчи ускуналар мавжуд эмаслиги оқибатида ичимлик сувнинг кимёвий ва бактериологик кўрсаткичлар бўйича юқори даражада ифлосланиши кузатилмоқда. Бу ҳудуднинг эпидемиологик ҳолатига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ана шундай бир вазиятда Президентимиз 2018 йил 4 май куни имзо чеккан «Жиззах вилояти аҳолисини сифатли ичимлик сув билан таъминлашни яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор вужудга келган муаммони ҳал этишнинг муҳим омилига айланди. Натижада чекка ва олис ҳудудларда ҳам аҳолининг турмуш тарзи яхшиланиб, юртдошларимизнинг келажакка ишончи кучая бошлади.

Лойиҳа ва ечим

Шу пайтгача Бахмал туманидаги кўплаб қишлоқлар марказлашган сув таъминотига эга эмас эди. У олинадиган иншоотларнинг кўпчилиги хароб аҳволда бўлиб, аҳолига етарли миқдорда ичимлик сув етказиб бера олмаётганди. Янги лойиҳа эса тумандаги ижтимоий соҳани ислоҳ қилиш ва аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида олиб борилаётган тизимли тадбирлар кўламини кенгайтириш имконини берди. Айни дамларда соҳадаги ўзгаришлар қишлоқларда истиқомат қилаётган аҳолини сифатли ичимлик сув билан таъминлашнинг янгича тизимини шакллантирмоқда.

– Президентимиз қарори асосида қиймати 98 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилаётир, – дейди «Сув таъминоти ва оқава сув объектлари қурилиши бўйича инженеринг компанияси» давлат унитар корхонасининг Жиззах вилояти ҳудудий бошқармаси техник назоратчиси Ўткир Зиёдуллаев. – Ушбу лойиҳага кўра, туманда умумий узунлиги 21 километрлик сув тармоғи, сув кўтариш ва тозалаш иншооти қурилиши кўзда тутилган. Лойиҳа амалга ошгач, 60 минг нафардан зиёд аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш тубдан яхшиланади.

Айни дамларда қурилиш майдонларида иш қизғин тус олган. ­Лойиҳани амалиётга татбиқ этиш учун 40 нафар малакали мутахассис ва ишчи, 10 дан зиёд машина-механизмлар жалб этилган ва унумли меҳнат қилиш учун барча қулайликлар яратилган.

– Туманимиз аҳолисининг атиги 35 фоизи тоза ичимлик сув билан таъминланган, қолгани булоқ ва қудуқ сувларидан фойдаланади. – дейди «Жиззах сув таъминоти» МЧЖнинг Бахмал тумани филиали бошлиғи Фурқат Абдувалиев. – Келгусида уларга ҳам ичимлик сув етказиб бериш чоралари кўрилади. Жумладан, «Оқтош» ҳамда «Қутлуғобод» маҳаллаларида йирик кўтарма насос иншоотлари барпо этилади ва диаметри 325 миллиметрлик металл қувурлар ётқизилади. Лойиҳадаги ҳар бир иншоотнинг қурилиш ва фойдаланишга топширилиш муддати аниқ белгилаб қўйилган. Улар ишга туширилгач, ҳозирга қадар ичимлик сув билан тўлиқ таъминланмаган Ўсмат шаҳарчаси ва унга қўшни «Қутлуғобод», «Дўстлик», «Оқтош», «Файзиобод», «Нуробод» каби ўнга яқин маҳаллада яшаётган 35 минг нафардан зиёд киши сифатли обиҳаётдан баҳраманд бўлади. Туман бўйича марказлашган ичимлик сув таъминоти қамрови эса 60 фоизга етказилади.

Ҳоким ва қурувчилар учрашди

Биз қир-адирликларда давом этаётган бунёдкорлик ишларини кузатиб турганимизда бу ерга туман ҳокими Мусо Анорбоев келди. У қурилиш-монтаж ишларини кўздан кечириб, мутахассислар, қурувчилар ва маҳаллий аҳоли вакиллари билан суҳбатлашди. Хайрли ишга ҳисса қўшаётганларга миннатдорлик билдириб, омад ва куч-қувват тилади. Шунингдек, янги қурилишнинг аҳамияти хусусида тўхталиб ўтди.

– Туманимизда аҳолини ичимлик сув билан таъминлаш энг долзарб вазифалардан бири эди, – деди алоҳида уқтириб. – Бу муаммо Президентимиз қарори шарофати билан ижобий ечим топди. Зеро, ичимлик суви иншоотларини барпо этиш бўйича инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши одамлар турмушини яхшилайди, атроф-муҳит мусаффолигини асраб-авайлашга, санитария-эпидемиологик ҳолат яхшиланишига, ижтимоий-иқтисодий соҳалардаги кўплаб мушкулотларни бартараф этишга хизмат қилади.

Маҳаллий аҳолининг эзгу орзу-­умидлари ўз вақтида рўёбга чиқиши учун қурилишга етарли ишчи кучи ва техникалар ажратилди. Сўнгра сув тозалаш иншоотидан Ўсмат шаҳарчасидаги «Оқтош» сув тақсимлаш иншоотига асосий тармоқни тортиш ишлари жадал бошлаб юборилди. Белгиланган вазифалар қандай бажарилаётгани кенг жамоатчилик назоратига олинди.

Хулоса ўрнида

Давлатимиз раҳбарининг ғамхўрлиги билан вилоятда ичимлик сув таъминотидаги камчиликлар аста-секин барҳам топа ­бошлади. Эндиликда нафақат Жиззах шаҳри, балки обиҳаёт танқис туманлар аҳолисининг тоза ичимлик сувга бўлган талаби қаноатлантирилади. Шу ўринда эслатиш жоизки, Президентимизнинг 2023 йил 2 майдаги «2023-2025 йилларда Жиззах вилоятини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва аҳоли турмуш даражасини янада яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 122,4 километрлик ичимлик сув, 10,2 километрлик оқава сув тармоқларини қуриш, шу тариқа 66 минг 465 нафар аҳолининг ичимлик сув билан таъминотини яхшилаш ҳамда 12 та энг чекка қишлоқдаги 1150 та хонадонга илк бор тоза ичимлик сув етказиб беришни йўлга қўйиш мўлжалланган Бу аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш билан бир қаторда, ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади.

Муқимбой ИСМОИЛОВ
«Ishonch»