Бугунги бадиий ва илмий таржима аҳволига ҳавас қилиб бўладими?

92

Иброҳим Ғафуров билан суҳбат

Бугунги кунда ҳам хорижий тиллардаги кўплаб бадиий ва илмий асарлар ўзбек тилига ўгирилмоқда. Бироқ аксарияти тили ва услуби жиҳатидан  олдинги таржималардан катта фарқ қилади. Уларда гап тузилиши, сўзлар кетма-кетлиги қоидаларидан чекиниш бордек. Шу боис ҳамма матнлар ҳам содда-равон ва тушунарли эмас. Мавҳум ва мужмал сўз, жумлалар, ноаниқ фикрлар ва ноўрин талқинлар ўқувчини асарнинг асосий ғоясидан чалғитади, уни охиригача ўқишни мушкуллаштиради. Бунга ўхшаш ҳолатлар бизни Ўзбекистон Қаҳрамони, таниқли таржимон, ёзувчи ва адабиётшунос Иброҳим Ғафуров билан суҳбатлашишга ундади.

Иброҳим акани юртдошларимиз «Гўзалликнинг олмос қирралари», «Жозиба», «Унутилмаган боғ», «Юрак – аланга», «Лириканинг юраги», «Шеърият – изланиш демак», «Ўттиз йил изҳори» , «Тил эркинлиги», «Ёнар сўз», «Ям-яшил дарахт», «Ҳаё – халоскор», «Мангу латофат», «Дарвоза», «Ҳумо қушим», «Қалдирғочим» сингари ўнлаб адабий-танқидий ва бадиий асарлар, мансуралар муаллифи сифатида жуда яхши танишади. Шунингдек, «Жиноят ва жазо», «Телба», «Қиморбоз», «Азизим», «Алвидо, қурол», «Чол ва денгиз», «Қиёмат», «Чингизхоннинг оқ булути», «Ёнғин», «Сурур» сингари жаҳон адабиёти дурдоналарини маҳорат билан ўзбекчага ўгириб, миллатдошларимиз жаҳон адабиётига ошно тутинишига улкан ҳисса қўшган ҳассос ижодкор деб билишади. У киши бугунги кунда ҳам тинимсиз изланишда бўлиб,  ижод завқи билан яшамоқда.

– Бугунги кунда хорижий тиллардан, жумладан, инглиз тилидан ҳам тўғридан-тўғри таржималар қилиняпти. Бу борадаги ютуқ ва камчиликларни ҳам айтиб ўтсангиз…

– Бадиий таржимонга бир неча тиллар ва ҳаёт, тарих ва ижтимоиёт билимлари сув ва ҳаводек керак. Буларсиз ижодий муваффақият йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас. Таржимон сўз бойликларисиз бир қадам ҳам олға босолмайди. Айниқса, сўз танлаш, сўз саралашда ҳозирги барча таржимонларнинг қийинчиликлари, муаммолари ниҳоятда кўп. Беҳбудий бекорга танқидни саралаш деб айтмаган ва ўзбек ёшларига камида тўрт тилни мукаммал билиш талабини қўймаган эди. Мен бадиий таржима соҳасига сидқидилдан кириб келаётган ёки соҳада бир қанча сара ишлар қилиб қўйган таржимон ижодкор беш жилдлик ўзбек тили изоҳли луғатини бирма-бир варақлаб, ҳар бир сўзга кўз нурини тўкишини орзу қилардим. Э-ҳе! Қандай туганмас сўз хазиналари! Уларни Шаҳло ёки Нодирабегим каби инглиз тили грамматикаси ва синтаксиси билан қиёсан ҳам ўрганиб чиқсин! Бадиий қиёслар замирида улуғ кашфиётлар яшириниб ётади.

Мен ҳозирги бадиий таржимонларни саводхонликнинг энг идеал даражасида ишлайдиган  – идеал саводхонлар деб биламан. Шу фикрим ҳаётга, унинг талабларига тўғри бўлишини жуда истардим! Акс ҳолда, айрим таржималарда кўзга ташланаётганидек, Аттор – Атторга, Низомий – Низомийга, Ҳадис – Ҳадисга, афоризм – ҳикматга ўхшамай қолади.

– Замондошларингиздан кимларнинг таржималари сизга маъқул бўлган?

– Замондошларимдан Қодир Мирмуҳамедов. Низом Комил, Эркин Воҳидов, ўтмишдошларимдан Чўлпон ва Усмон Носир, Ҳамид Олимжон, Зулфия таржималарини алоҳида қадрлайман. Мен уларда сўз гуркираб, яшнаб мангу яшил нур сочиб турганлигини уқаман. Ўзим ҳам жаҳон адабиётидан қилган бадиий таржималаримда шулардан улги олиш, уларга ҳамнафас бўлиш ва айни замонда ўз индивидуал бадиий услубимни топиш ва мустаҳкамлашга интилиб келаман. Бу менга дунёнинг энг гўзал ва арзийдиган ишларидан бўлиб туюлади.

– Ёш таржимонларга қандай маслаҳатлар берасиз?

– Ҳаётда ҳамма нарсани охир-оқибат тажриба ҳал қилади деган гапни  одамлар орасида кўп эшитаман. Ўзим ҳам шу эътиқоддаман. Тажриба – буюк меҳнатларнинг олтин натижаси. Ҳатто истеъдоди ўртача бўлган инсон ҳам буюк машаққатли меҳнат тажрибалари билан таниқли ижодкорга айланиши мумкин. Тажриба талантдан кўра ҳам кучлироқ. Баъзан тажриба истеъдодни омонсиз енгади. Ёшларга билимдон, тажрибакор бадиий таржимон бўлиш бахтини тилайман. Ижодий ёрқин, ҳаяжонли порлоқ сўзингиз билан бирга ўзингиз ҳам ҳаёт пиллапояларидан доимий юксалиб боргайсиз. Замонабоп одам бўлгайсиз!

«Ishonch» мухбири
Умида ХУДОЙБЕРГАНОВА суҳбатлашди