Сув нархининг ошиши: Жамоатчилик фикри қандай?

173

Тоза ичимлик суви билан боғлиқ муаммолар ҳақида журналистлару экофаоллар  анча вақтдан буён бонг уриб келишмоқда.  Шу йилдан  тоза ичимлик сувининг камайиб  бораётгани кўпчиликни сергак торттирди. Бугун   деярли барча ОАВ орқали   Республикамизнинг айрим ҳудудларида сув нархининг ошган таърифлари эълон қилинди.  Бу эса ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

«Ўзсувтаъминот» компанияси маълумотларига кўра  20 августдан бошлаб Тошкент вилоятида тарифлар оширилади. Янги нархлар халқ депутатлари вилоят кенгашининг 19 июлдаги қарори билан тасдиқланган.

Эндиликда «Тошкент сув таъминоти» корхонаси абонентлари учун бир кубометр сув тарифи 950 сўмдан 1700 сўмга (ҚҚСсиз), бюджет ва улгуржи савдо ташкилотлари учун 4000 сўмдан 7000 сўмгача оширилади.

Аҳоли учун оқова сув хизматлари тарифи 1 кубометр учун 700 сўмдан 850 сўмга (ҚҚСсиз), бюджет ва вилоят ташкилотлари учун 1300 сўмдан 1850 сўмга оширилди.

Аввалроқ «Сурхондарё сув таъминоти» корхонаси Сурхондарё вилоятида 1 августдан тарифлар оширилишини маълум қилган. Аҳолига сув учун тарифлар 1 кубометрга 1150 сўмдан 2140 сўмга, канализация учун эса 650 сўмдан 950 сўмга кўтарилган (ҚҚСсиз).

1 августдан Қашқадарё  ва Сурхондарё вилоятида ҳам тарифлар оширилади.

ishonch.uz жамоатчилик, экофаолларнинг сув нархининг ошиши борасидаги фикрлари билан қизиқдик…

Миролим Исажонов, журналист, экофаол:

– Ўзбекистонни учта ҳудудида ичимлик  ва оқава сувларнинг нархи оширилиши ҳақидаги хабар мен учун ижобий  бўлди.  Сабаби – Марказий Осиё давлатлари қатори Ўзбекистон ҳам сув танқислиги арафасида турибди. Қурғоқчилик яқинлашмоқда. Буни барчамиз ҳис қилаяпмиз, назаримда. Бу глобал муаммо Ўзбекистон аҳолисига тобора хавф солаётгани мени ҳам ўйга солмоқда.  Аҳоли сувни исроф қилмаслиги ва бемақсад ортиқча сарфламаслиги учун ҳам сув нархлари босқичма-босқич оширилмоқда. Вилоят ҳокимликлари, “Ўзсувтаъминот”  ташкилоти томонидан белгиланган нархлар  ижтимоий тармоқларда катта муҳокамага сабаб бўлмоқда. Айримлар сувга нима учун нархларни оширяпсизлар, деган эътирозларни ҳам билдиришди. Албатта, бу гапларнинг барчаси бежизга эмас ва чиндан ҳам Ўзбекистоннинг барча ҳудудига тоза ичимлик суви етиб бормаган.  Кўп аҳоли ўзи азалдан тоза ичимлик сувини сотиб олиб истеъмол қилишга мажбур.  Сув нархининг ошиши мана шу ҳудудда яшовчи аҳолига таъсир қилмаслигини хохлаган бўлар эдим.  Сабаби улар сувнинг қадрини биздан кўра яхшироқ билади.

Яна бир таклифим: сув нархининг оширилиши билан тежаш борасида муваффақиятга тўлиқ эришиб бўлмайди. Сабаби кўп ҳудудларда кўрамиз, айниқса, қишлоқ жойларда ҳафталаб тоза ичимлик суви оқиб ётади. Уни назоратга оладиганлар кам. Қолаверса, қишлоқ ҳудудларда хонадонларга сув ҳисоблагичлари ўрнатилмаган. Оилада яшайдиган жон бошига қараб сувга пул тўланади ва истаганча исроф қилади. Мен ўзим туғилиб ўсган Андижон вилояти, Шахрихон тумани мисолида айтадиган бўлсам, аҳолининг тоза сувга бўлган муносабати деярли нол. Бефарқ, десам ҳам адашмайман. Ҳукумат тезроқ қишлоқ жойларда ҳам сув ҳисоблагичларни ўрнатиши лозим. Яна бир таклифим болаларга ёшлигиданоқ сувни тежаб ишлатиш борасида намуна бўлишимиз зарур. Ўзимиз амал қилмасак,  мактаб дарсликларида қўйилмаса, таъсирли видеороликларимиз бўлмаса ҳали-бери сувни  тежамаймиз, исроф қилишда давом этамиз. Тежамай ишлатиш кайфияти бизда юқори. Экомаданиятни халқ онгига сингдирмас эканмиз, юқори натижаларга эриша олмаймиз. Бунинг учун креатив лойиҳаларни ҳам аҳоли ўртасида ўтказишимиз зарур.

Муаммонинг яна бир томони, бизда сув тадқиқотчилари реал рақамларини айтишдан чўчийди. Сувга масъул ташкилотлар  бизни қандай инқирозлар кутаётгани  ва яна тежаб ишлатмасак неча йилда  сув билан боғлиқ муаммолар остида қолишимиз мумкинлигини очиқ айтиши лозим. Бугун одамларни шаблон гаплар қизиқтирмай қолган, мисол учун журналист сифатида “Сувни асраш керак”, деган ҳавойи гапларга мен ҳам ишонмайман. Рақамлар сўзлаганда халқда таъсирчанлик ошади ва барча сувдек олий неъматни қадрига етишни бошлайди.

Барногул САНАҚУЛОВА, иқтисодчи:

– Сувга нисбатан аҳоли муносабатини ўзгартириш учун нархни оширишга мажбурмиз. “Сув – текин» деган иборани миямиздан чиқариб, улоқтириб ташлашимиз шарт.  2019 йили Японияда фаолиятим юзасидан борганман. Халқаро семинарда сувни тежаш, қайта ишлаш, сувнинг таннархини аниқлаш бўйича муҳокама кетаётган эди. Мен ўз нутқимда Ўзбекистонда сув текин, деган ибора бор деганимда залдагилар  ҳайратини яширишмаган. “Наҳотки сувдек неъмат билан деган сўз ёнма-ён ишлатиш мумкин? Ахир сув дунёдаги энг катта бойлик-ку, кейинги авлод учун уни асрашимиз зарур-ку дейишган. Тарихан олиб қарайдиган бўлсак, суви кўп давлатларга доим ҳужумлар бўлган, сув учун давлатлар бир-бирга уруш очган. Қайсики давлатнинг суви кўп бўлса, ўша давлат энг қудратли давлат ҳисобланган. Мен “Сув текин” иборасини йўқотиш учун нима қилишимиз керак, деганимда “Бу ибора сизларда қачондан бери ишлатилади?” деб савол беришган. Эсимни таниганимдан бери шу иборани эшитиб катта бўлганман деганимда, бу унда онг остига сингиб бўлган. Сувни қадрлаш учун уни қиммат  нархда сотиш керак, деган мулоҳазани билдиришган. Яқин орада сувни тежамоқчи бўлсангиз, уни иқтисод қилинг, тежанг дейишган.

Сувни текин эмаслигини, у энг катта неъмат эканлигини одамлар сувни сотиб олиб ичаётганда ҳис қилмас экан, барибир тежай олмайди.

Камбағаллик даражасини аниқлаётганда, Жаҳон банкининг  шундай ўлчови бор: агар  инсон сув ичиш мақсадида ҳар куни ярим соат вақтини уни қидиришга, узоқ жойдан олиб  келишга сарф этса, бу одам камбағал ҳисобланади. Энди, тасаввур қилинг, шу  ўлчов юртимизда амал қилса, халқимизнинг неча фоиз қисмини камбағал, деб эълон қилишимизга тўғри келади?

Бир сўз билан айтганда, сув исрофи бўйича жарималарни  жудаям катта ва қатьий қилишимиз керак. Онг ости даражамизга сувнинг текинлиги сингган ва биз уни йўқотиш пайида бўлайлик. Текин нарса қадрсиз бўлаверади.

Биз сув нархи ошиши билан боғлиқ бир  нечта саволлар билан “Ўзсувтаъминот” нинг ахборот хизматига мурожаат қилдик. Яқин вақт ичида уларнинг муносабатини ҳам эълон қиламиз.

Феруза РАҲИМОВА,
ishonch.uz