Қалтис ҳаракат қилса, оёқ синадиган йўллар бўйича мурожаат
Суратлардаги манзаралар дашт ё чўлда тасвирга олинмаган. Сайхунобод туманининг чекка ҳудудидаги Сирдарё бўйида жойлашган Оқчоб, Тўра, Турковул, Бешбулоқ, Тожиковул, Янгиобод қишлоқлари аҳолиси худди шу йўл орқали туман, вилоят маркази билан боғланарди. Бугун ўша равон йўлдан асар ҳам қолмаган.
Катта йўлдан тўғри Оқчоб қишлоғига олиб борувчи 10 километрлар чамасидаги йўл таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Дарёдан қум ортиб чиқаётган улкан юк машиналари уларни мана шу ҳолга солиб қўйди. Бугун ўндан зиёд карьерлар сони ортиб бормоқда. 40-50 тонналик юк ортилган машиналар кечаю кундуз тинмай қатнайвергач, йўлдаги асфальт, тошлар йўқолиб ўрнида тизза бўйли тупроқли чуқурлар пайдо бўлган. Эндиликда уларнинг ўзи ҳам бу чуқурликларга тушиб, бир-бирларини тортиб чиқаришаяпти.
«Ҳеч бир уловда юришнинг иложи қолмагач, йўлдан умидини узган қишлоқлар аҳолиси далаларни суғориш учун тортилган кўтарма ариқ бўйини текислаб йўл солиб олишган. Улар эртанги ёғингарчилик кунларини ўйлаб пул йиғиб, ана шу йўлга тош тўктиришаяпти. Бу омонат, тор йўлда эса бир томонга қараб фақат битта улов юра олади. Сал қалтис ҳаракат қилган одам ўзини ариқ ичида кўради, шу билан бирга бу қалтис йўлларда оёғига шикаст етиши ҳеч гапмас» — дейди, қишлоқлардан бирида яшайдиган аҳоли вакили.
Ҳақли савол туғилади: Қишлоқ аҳли нега ўзлари ҳаракатга тушишди? Ёки улар тегишли жойларга мурожаат қилишни билишмайдими? Қишлоқлар инфратузилмасини яхшилаш ҳақида чиройли нутқлар сўзлаётган масъуллар хотирасидан дарё бўйидаги ҳудудлар бутунлай фаромуш бўлганмикин, деб ҳам ўйлаб қоласиз. Дарёдаги текин бойликдан манфаатдор бўлаётганларга туппа-тузук йўлларни бузишга ким ҳуқуқ берган? Вилоят ва туман масъулларининг вазиятни кўриб кўрмаганга олиб келаётгани эса сирли ҳолат. Эҳтимол ана шу бефарқлик йўлбузарликка имкон яратиб бераётган бўлса ажабмас.
Баҳор ХОЛБЕКОВА,
Комила БОЙМУРОДОВА.
