Кино шунчаки томоша эмас. У одамларни мушоҳадага чорлаши, ўзини ислоҳ қилишга, ўз олдига аниқ мақсадлар қўйиб, шунга монанд ҳаракат қилишга ундаши керак. Бугун миллий кинофильмларимиз бу вазифани бажара оляпти дея оламизми? Уларнинг савияси, ғояси талабга жавоб берадими? Бу ҳақда киношунос, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Бахтиёр Ёқубов Ishonch.uz билан ўз фикрларини ўртоқлашди:
– Бугун ўзбек киноси ҳақида гапирганда, у бутун дуёни, томошабинни хориж кинолари каби технологиялар билан ҳайратлантиролмаслиги мумкин. Лекин асосий масала ўзбекнинг ўзига хос характери, ҳаёти, муаммолари, уларнинг ечимлари каби ҳолатларга эътибор қаратилаётганидадир. Хусусан, Эрон ва бошқа бир қанча Шарқ мамлакатларида бўлгани каби инсоннинг ички олами, кечинмалари, туйғулари, руҳий ҳолати акс этган миллий фильмларимиз ҳам севиб томоша қилиняпти.
Ёшларни таснифлайдиган бўлсак, ўзини шахс сифатида шакллантириб бораётган йигит-қизлар руҳият олами билан боғлиқ ижтимоий психологик фильмларни кўришаётган бўлса, ҳаётга енгил қаровчи бир гуруҳ вакиллар Моруэлнинг комиксларига ўхшаган тўқима қаҳрамонлар акс этган кинолар ишқибозидирлар.
Кейинги йилларда асосан Иккинчи жаҳон урушига бағишлаган, яқин тарихимиз – жадидлар ҳаётига оид фильмлар тайёрланиб томошабинларга тақдим этилди. Афсуски, бугунги кино жараёнининг қиёфаси озроқ мавҳум бўлиб қоляпти. Бир қараса тарихий, бир қараса, замонавий мавзуларга урғу бериш натижасида аниқ концептуал йўналиш, ёндашув йўқолиб боряпти. Томошабинлар аудиториясининг барча қатламларини ҳисобга олган ҳолда фильмлар ишлаб чиқиш масаласига у қадар эътибор қаратилмаяпти. Бу кинотеатрларнинг фаолияти, эркин кинорақобат йўқолиб бораётганидан, деб ўйлайман.
Фильмлар асосан давлат буюртмаси асосида суратга олиняпти. Хусусий студиялар кўпроқ сериаллар олиш, шу орқали томошабинларни жалб қилиш, даромад орттиришга интилишяпти. Уларда эса енгил-елпи маиший, оддий воқеалар бадиий талқинсиз, бадиий ифодаларсиз олиб чиқилаётгани жуда ачинарли. Ижодкорлардан нега бундай йўл тутишаётгани сўралганда, булар ҳаётда бор-ку, бўляпти-ку, дейишади. Лекин санъат бу – ҳаётдаги ҳамма нарсани шундоқлигича кўчириб кўрсатиш эмас, балки уни бадиий образда ифода этишдир. Шунинг учун ҳам ҳаётий фильм олинар экан, томошабинни ўйлантирадиган, таъсирлантирадиган, инсонлар қалби ва онгида ўзига хос ўзгаришларга сабаб бўладиган образлар яратиш талаб этилади. Афсуски, бугунги кинофильмларда ҳам, сериалларда ҳам тўлақонли образларни деярли учратмаймиз. Аксинча, уларда маълум бир воқеа-ҳодиса ҳақидаги ёки мавзу доирасидаги жараёнлар йиғиндисинигина кўришимиз мумкин.
Асосий рақбатдош, томошабинларни кинотеатрларга жалб қилиши керак бўлган хусусий студияларнинг ишини жонлантириш ва асарларнинг бадиий савиясини қаттиқ назоратга олиш керак бўлади.
Ҳар қандай масалада профессионал ёндашув бўлсагина, соҳа ривожланади. Хусусан, кино санъати ҳам шундай. Кино деганда кўпчиликнинг кўз олдига режиссёр, оператор, сценарий муаллифи келади. Ваҳоланки кино бугун нафақат санъат, балки саноат даражасига келган экан, у ерда продюссердан тортиб, киноташкилотчилар, техниклар, админстраторлар ҳам профессионал бўлиши лозим. Кинораҳбарият бу борада тизимли ривожлантириш механизмларини ишлаб чиқиши керак. Шунчаки кўр-кўрона, ғояни учраган одамга бериш эмас, келажакда жамиятга, халққа таъсири катта бўладиган, томошабинлар меҳри ва эътиборини қозона оладиган асарларни тақдим этиши зарур. Эл орасида вақт синовидан ўтган, деган ибора бор. Шу боис кино соҳасининг бугунги тақдири, келажаги учун қайғуриш лозим.
Гулруҳ ОДАШБОЕВА тайёрлади



