Ушбу ҳафтада бизни қандай об-ҳаво кутмоқда?

29

Синоптиклар огоҳлантирганидек, ўтган дам олиш кунлари Ўзбекистон ҳудудига Урал ҳудудларидан салқин ҳаво кириб келди ва ҳаво ҳарорати барча жойларда 29-32о гача, жанубий ҳудудларда 34-35о гача пасайди.

Бугун ва эртага республика ҳудуди бўйича салқин об-ҳаво сақланиб туради, ҳарорат кечалари 13-16о, кундуз кунлари 27-32о, жанубда 35о гача бўлади. Бу август ойи ўртаси учун меъёрий қийматлардан 2-4о га пастдир.

Ҳафта ўртасидан салқин ҳаво массаси республика ҳудудидан аста-секин чекина бошлайди, ҳаво ҳарорати кўтарилади ва ҳафта охирига келиб, кечалари 17-20о, кундуз кунлари 34-37о атрофида бўлади.

Ушбу кунларда ҳудуднинг катта қисмида қуруқ ва кам булутли об-ҳаво сақланиб туради, фақат Фарғона вилоятининг айрим тоғли ҳудудларида бугун кечга томон қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.

14-15 август кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 15-20 м/с гача кучаяди, айрим жойларда чанг-тўзон билан кузатилади.

Пойтахтимизда: 14-18 август кунлари ҳаво кам булутли бўлади. Бугун ва эртага ҳарорат 29-32о бўлади, сўнг 34-37о гача аста-секин кўтарилади. Ҳафта бошида ҳарорат кечаси ва эрталаб 13-16о, ҳафта охирига келиб 17-20о бўлади. Шамол шарқдан бироздан ўртачагача эсади.