Кишининг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, унинг дўстига, юртнинг қандайлигини билмоқчи бўлсанг, бозорига боқ дейишади.
Бугун камерамни шайлаб юртнинг тўрт томонидан одам оқиб келадиган энг катта ва асосий бозорларимиздан бири – Чорсуда бўлдим.
Ҳар гал келганимда ҳайратларимни оширадиган, бутун Ўзбекистон шу тўрт гумбаз остига бирлаштириб қўйилгандай туйиладиган бу бозор ўзининг қадимийлиги ва такрорланмаслиги билан ҳаммага таниш.
Ҳар қандай фотографнинг биринчи эътибор қаратадигани одамларнинг камерага муносабати ҳисобланади. Чорсунинг эса мен учун энг ўзгачалиги инсонларнинг ҳалол ишлаётгани, камерадан қўрқмаслиги ва мижозларига бўлган хушмуомала муносабати бўлади.
“Келинг, келинг, олинг-олинг, армондасиз-дармондасиз, холажоним ўзимни, сизга ярашмагани йўқ, ўзи арзонгина…” ҳар томондан бир-бирига қўшилиб, уланиб кетаётган овозлар ичида юрасиз. Миллий кийимлар, миллий таомлар, юртнинг энг арзон ва энг қиммат озиқ-овқат маҳсулотларини, кўзни яйратадиган гул бозор, гўшт бозор, косиблар-у қассоблар, арава тортган болалардан тортиб тиланчилик қилаётган амакиларгача учратасиз.
Ризқ қидириб келган қуш ҳам одам ҳам бу бозордан ўзига кераклисини топиб кетади.
Ўйлантиргани, биргина ушбу бозор қанча одамнинг қора қозони қайнашига сабабчи бўлар экан?
Шунингдек, бу ерда жуда кўп сайёҳларни ўзларида завқ туйиб айланаётгани, ранг-баранг миллий буюмлар, айниқса расталарнинг жойлашувига қизиқиш билдираётганини учратиш мумкин. Чунки бир пайтлар Буюк ипак йўли учун муҳим объектлардан бири бўлган Чорсу бугунги кунда ҳам ўз туристик аҳамияти сақлаб қолган.

Эъзоза Умурзоқова
PressPhoto.Uz фотоагентлиги
билан ҳамкорликда тайёрланди



