Қашқадарёлик хонанда Алижон Исоқов шахмат ўйинига ўзгартириш киритиб, «Шахмат+» деб номланган янги шахмат доскасини яратди. Куни кеча ихтиро Адлия вазирлиги томонидан рўйхатдан ўтказилиб, хонандага муаллифлик ҳуқуқи тақдим этилди. Ishonch.uz мухбири бугун Алижон Исоқов билан боғланиб, «Шахмат+» ўйинининг яратилиши ҳақида суҳбат қилди.

– Шахмат доначаларига ўзгартириш ғояси сизда қандай туғилди?
– Ёшлигимдан шахмат ўйинига жуда қизиқаман, оиламизда 90 ёшни қаршилаган ҳожи отам, акаларим, укаларим, жиянлар – ҳаммамиз йиғилишиб мусобақа уюштириб турамиз. Телефонлардаги онлайн шахмат ўйинларини ҳам ўйнаб тураман. Тарихга қизиқишим ва ўрганишим давомида Амир Темур жангларда қўшинларининг таъминотига алоҳида ёндашганига эътибор бердим.
Агар шахмат ўйинини жанг майдони деб тасаввур қилсак, нега унда «таъминотчи» тош йўқ? Бир ҳаваскор сифатида шаҳматга 8 та таъминотчи тош қўшдим ва шахмат доскасини катталаштирдим. Бунга 2 йилдан ошди, шахматга қизиқадиган одамлар билан ўйнаб кўрдим, кейин улар жуда қизиқ ва мукаммал ўйин бўлибди, оммага жорий қилса бўлар экан, деган таклифни беришди.
– Бу шахмат доначалари оддий шахмат доначаларидан қандай фарқ қилади?
— Шахматга ҳурматим чексиз бўлганлиги учун уларнинг ҳаракатига ёки йўналишига ҳеч қандай ўзгартириш киритмадим. Фақат таъминотчи тош қўшиб доскани кенгайтирдим, яъни 4 тадан 8 та таъминотчи тош қўшилган, тўртта оқ ва тўртта қора. Катаклар сони аввал 64 та эди, ҳозир 80 тага кенгайтирдим. Шахмат усталари Бахтиёр Жумаев ва Бобур Сатторов бу доскада ўйнаб кўришди, “5 партия ўйнаб шуни англаб етдикки, мураккаб ва қизиқарли ўйин чиқибди, олдинги ўйиндан икки ярим баравар кучли”, деган хулосага келишди.
– Қашқадарё вилоятида жойлашган “Sky Chess’’ шахмат мактабида болажонларга ўзингиз кашф қилган шахмат доскасини совға қилганингиздан хабардормиз. Болалар ва устозлар қандай қарши олишди?
– Шахмат мактабида бизни устозлар ва болажонлар қизғин кайфиятда кутиб олди. Ўқувчиларга ўйнаш тартибини тушунтириб, улар билан “Шахмат+’’ доскасида ўйнадим. Эсдалик совға сифатида доска ва таъминотчи тошлар совға қилдим.
– Ихтиронгиз Адлия вазирлиги ҳузуридаги «Интеллектуал мулк маркази» давлат муассасаси томонидан рўйхатдан ўтказилди ва сизга махсус гувоҳнома тақдим этилди, таассуротларингиз қандай ? Келажакдаги ниятларингиз?
— Очиғи, Адлия вазирлигига бориб, шу янгилик ҳақида айтганимда, мисли кўрилмаган янгиликни олиб чиқибсиз, дейишди ва муаллифлик гувоҳномаси тақдим этилди. Куни кеча эса ЭҲМ дастурлари учун патент ва гувоҳнома беришди. Шахматга киритилган ушбу ўзгариш янги спорт турига айланди ва “Шахмат+” номи билан патентланди. Хурсанд бўлдим. Барча масъул ходимларга ташаккурларимни билдираман. Энди ҳозирги кунда шахмат федерациясида бизни янги учрашув кутуб турибди, Ёшлар ишлари агентлиги директори ва Ўзбекистон шахмат федерациясининг раиси Алишер Саъдуллаев билан байрам арафасида Республика бўйича 300 га яқин шахматчилар йиғилади. Шахматчиларга маъқул келса, бутун дунёга олиб чиқиш ниятимиз бор.
Мадина Пўлат қизи суҳбатлашди.



